Ўзбекистон | 17:53 / 30.10.2023
8317
5 дақиқада ўқилади

Радарлар машмашаси: қуйи судлар Олий судга қарши қарор чиқаряпти

ЖИБ Чилонзор тумани суди судяси тезликни оширгани “Multiradar CD” воситаси орқали аниқланган, аммо ўзи тўхтатилиб, радар кўрсаткичлари билан таништирилмаган ҳайдовчи ишида ЙҲХБ инспектори фойдасига қарор чиқарди. Апелляция инстанцияси суди эса ушбу қарорни ўзгаришсиз қолдирди. Шу каби кейс олдинроқ Олий судда ҳам кўрилган ва қуйи судларнинг қарори бекор қилиниб, ҳайдовчига оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш тугатилганди.

Ҳайдовчи радар кўрсаткичи билан таништирилмаган

Суд қарорида кўринишича, 2023 йил 27 август куни соат 17:08ларда фуқаро Рашид Жўраев давлат рақами 01 Y 039 OB бўлган Lacetti машинасини Қарши шаҳри, Мустақиллик кўчаси бўйлаб бошқариб бораётиб, 60 км/с тезлик чегараланган жойда 74 км/с тезликда ҳаракатланган. Шу тариқа унга нисбатан ЙҲХБ инспектори Мухриддин Мамадиев томонидан белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 км/с.дан кўп бўлмаган катталикда оширгани учун 330 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Ҳайдовчининг тезликни оширгани “MultaRadar CD” воситаси орқали аниқланган.

Аммо ЙҲХБ инспектори ҳайдовчини тўхтатиб, радар кўрсаткичлари билан таништирмаган.

Суд Низом талабларини эътиборга олмади

Юқоридаги ҳолатда ҳайдовчининг тезлиги “Multiradar CD” воситаси орқали аниқланган бўлиб, бу восита мобил комплекс ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 31-бандига асосан, кўчма фоторадар ва мобил комплекслардан фойдаланганда, ЙПХ ходими ҳаракат тезлигини ошириб қоидани бузган ҳайдовчини мосламанинг кўрсаткичлари билан таништириши, унинг талаби билан мосламанинг сертификати (нусхаси)ни кўрсатиши лозим.

Шу низомнинг 34-бандига кўра, кўчма фоторадар ва мобил комплексларни қўллаш жойи ва вақти ДЙҲХХ саф бўлими (бўлинмаси) бошлиғи томонидан тасдиқланган дислокацияга мувофиқ белгиланади.

Бу амалда кўчма фоторадар ва одатда “Nexia-3” автомобилларига (бошқа русумдаги автомобилларга ҳам ўрнатилиши мумкин) ўрнатиладиган радар мосламаси қоидабузарлик қайд қилганда ундан фойдаланаётган ЙПХ инспектори қоидабузар ҳайдовчини тўхтатиши ва унга мосламадаги ҳаракат тезлиги кўрсаткичини кўрсатиши лозимлигини англатади.

Рашид Жўраев жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судига ариза билан мурожаат қилиб, ЙҲХБ инспекторининг жарима қўллаш ҳақидаги қарорини бекор қилишни сўраган. Ҳайдовчи ўз аризасида юқоридаги Низом талабларини эслатган. Аммо ишни кўриб чиққан судя Ж.Қурбонов ушбу Низом талабларини эътиборга олмасдан, ЙҲХБ инспектори фойдасига қарор чиқарган.

Ишни кўриб чиққан Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси ЖИБ Чилонзор туман суди қарорини ўзгаришсиз қолдирган. Суд Рашид Жўраевнинг мазкур ҳуқуқбузарликни содир этганликдаги айби, ўз айбига иқрорлик билдириб берган кўрсатуви, йўл ҳаракати қоидаларини бузгани ҳақидаги RB 23676569159-рақамли баённомаси, маъмурий жарима қўллаш тўғрисидаги қарор ва унга илова қилинган фото билан ўз исботини топган, деб ҳисоблаган.

Шунингдек, суд қарорида ҳуқуқбузар Рашид Жўраев судга ЙПҲ инспектори уни тўхтатмаганини ва мослама кўрсаткичлари билан таништирмаганини тасдиқловчи ҳеч қандай далил тақдим қилмагани кўрсатиб ўтилган. 

Олий судга қарши чиқарилган қарор

Шу каби ҳолат олдинроқ Олий cудда кўриб чиқилган. Олий суд ахборотномаси (2023 йил 1-сон, 22-бет)да ёзилишича, Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБнинг 2022 йил 16 июндаги жарима солиш тўғрисидаги қарори судларда муҳокама қилинган.

Жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди қарори билан фуқарога ИИББ ЙҲХБ томонидан чиқарилган қарор ўзгаришсиз қолдирилган.Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси суд қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Суд қарорига кўра, ҳайдовчи “Тошкент – Термиз” автомобил йўлида белгиланган 70 км/соат тезлик чегараланган жойда 82 км/соат тезликда ҳаракатланган. Ҳайдовчининг тезлиги “Multiradar CD” (автомобилга ўрнатилган радар – таҳр.) воситаси орқали аниқланган. Ушбу восита орқали қоидабузарликни юқоридаги Низомда кўрсатилган “Кўчма фоторадар ва мобил комплекслардан фойдаланганда, ЙПХ ходими мосламанинг кўрсаткичлари билан ҳаракат тезлигини ошириб, қоидаларни бузган ҳайдовчини таништириши, унинг талаби билан мосламанинг сертификати (нусхаси)ни кўрсатиши лозимлиги, шунингдек мазкур талабга риоя этилмаган ҳолда расмийлаштирилган баённомалар юридик кучга эга бўлмаслиги ва ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқармаслиги” ҳақидаги талаблар асосида амалга ошириши лозим.

Бироқ Самарқанд вилояти ИИББ ЙҲХБ инспектори томонидан ушбу талабларга риоя қилинмагани биринчи ва апелляция инстанцияси судларининг эътиборидан четда қолган. Натижада Олий суд кассация инстанциясининг 2022 йил 14 октябрдаги қарори билан Чирчиқ шаҳар суди ва Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг қарорлари бекор қилиниб, ҳайдовчига оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш МЖтКнинг 271-моддаси 1-бандига асосан тугатилган.

Агар юқоридаги ҳолат бўйича ҳам иш Олий судгача борадиган бўлса, ЖИБ Чилонзор тумани суди ва Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг қарорлари бекор қилиниши мумкин. Сабаби, катта эҳтимол билан Олий суд бир хил вазиятда турли хил қарор чиқармаса керак. 

Руслан Сабуров
Kun.uz

Мавзуга оид

Эълонлар

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти