Жаҳон | 00:01 / 01.11.2023
33959
11 дақиқада ўқилади

Маҳачқалъадаги тартибсизлик. Кремл бунда ғарб ва Украинани айблади

Якшанба куни кечқурун оломон «Исроилдан қочқинлар» кириб келишининг олдини олиш учун аввал Маҳачқалъа аэропортига, кейин учиш майдонига бостириб кирди. Яҳудийлар гўёки Доғистонга кўчириб келтирилаётгани ҳақидаги хабарлар маҳаллий телеграм-каналларда тарқалган. Якунда 80 дан ортиқ киши қўлга олинган, республика раҳбари тартибсизликларда «сотқинлар» ва «бандерачилар»ни айблади, Путин ҳам Доғистондаги воқеалар ортида Украина ва Ғарб турганини айтди.

Фото: AP / Scanpix / LETA

Тел-Авивдан Red Wings авиакомпанияси рейси (бу ҳафтасига бир неча бор амалга ошириладиган мунтазам рейс) орқали «исроиллик қочқинлар» учиб келаётганини тахмин қилган намойишчилар Маҳачқалъа аэропорти атрофида 29 октябр куни маҳаллий вақт билан соат 19:00 атрофида йиғила бошлаган.

Айримлар Фаластин байроқларини, бошқалар — Исроилга қарши плакатларни кўтариб келишган.

Аввалига намойишчилар «яҳудийлар»ни қидириб, аэропортдан чиқаётган одамларнинг ҳужжатларини текшира бошлаган. «Подъем» каналида эълон қилинган видеога кўра, ўзбек эканини айтган ёш йигитни ҳам яҳудий деб ўйлашган ва уни қуршаб олиб, паспортини олиб қўйишган.

Аэропортга олиб борувчи йўллар тўсилган, воқеа жойига полиция етиб борган. «Осторожно, новости!» каналида эълон қилинган видеода полициячи мегафон орқали йиғилганларнинг «ҳолатини тушуниши»ни айтгани, аммо улардан тинчланишни сўраши эшитилади.

Аммо полиция намойишчиларни тинчлантира олмайди — бир неча юз кишилик оломон аэропортнинг халқаро терминалига бостириб кириб, антисемитизм руҳидаги шиорларни айтиб, ҳар бир хонадан яҳудийларни излай бошлайди.

Кўп ўтмай намойишчилар аэродромнинг учиш ҳудудига ёриб ўтишга муваффақ бўлади, тармоқларда тарқалган видеолардан бирида одамлар самолётлардан бирининг қанотига чиқишга уринаётганини кўриш мумкин.

Аэропорт фаолияти фалаж ҳолатига келади, қўниши керак бўлган самолётлар бошқа аэродромларга йўналтирилади. Дубайдан учиб келиб, Маҳачқалъага қўниб улгурган рейс йўловчилари ғазабланган оломон туфайли қўнишдан кейин яна беш соат давомида самолётда қамалиб ўтиришганини айтишган.

Росавиация маълумотига кўра, кучишлатар тузилмалар аэропортни намойишчилардан фақат соат 22:20 га келиб тозалашга муваффақ бўлган. Аввалига аэропорт фаолияти фақат 6 ноябрда тикланиши айтилганди, аммо душанба куни Росавиациядагилар у тўлақонли ишга қайтгани ва рейсларни қабул қилиш ҳамда жўнатиш бошланганини маълум қилди.

Шу билан бирга, «Азимут» ва Red Wings авиакомпанияларининг Тел-Авивдан Минералние Води ва Маҳачқалъага рейслари вақтинча Россиянинг бошқа шаҳарларига йўналтирилиши маълум қилинган.

Россия Тергов қўмитаси оммавий тартибсизликлар (РФ ЖК 212-модда, 1 ва 2-қисмлари) бўйича жиноий иш қўзғатган. Қўмита баёнотида Доғистон пойтахтидаги аэропортда рўй берган воқеалар иштирокчилари «ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига қуролли қаршилик кўрсатган погром» деб аталган. Терговчилар гумонланувчиларнинг уйларида тинтув ўтказган.

Тел-Авивдан Маҳачқалъага учиб келган рейс йўловчилари жабрланмаган. «У ерда асосан аёллар ва болалар, аравадаги болалар бўлган, улар ҳам барча билан бирга яширинишга мажбур бўлишган», — деди 30 октябр куни «Аэропорт Махачкала» АЖ бош директори Саид Рамазанов. Унинг сўзларига кўра, оломон ичида йўловчилар бўлган автобусни ўраб олганида вазият ўта оғир эди, аммо Давлат думаси депутати Хизри Абакаров ёрдамга келган. «Унинг шахсан мавжудлиги туфайли қурбонлар бўлмади», — деган аэропорт раҳбари.

Baza маълумотига кўра, йўловчилардан фақат тўрт нафарида Исроил фуқаролиги бўлган. Sota телеграм-канали эътибор қаратишича, Тел-Авивдан Маҳачқалага рейслар кўпинча Москвага парвоз йўлидаги транзит вазифасини ўтайди. Бундай йўналиш чипталари тўғридан тўғри парвозникидан анча арзонроққа тушади.

Ҳукумат реакцияси

ИИВ душанба тонгида тартибсизликларда иштирок этганлардан 60 нафари қўлга олингани ва яна 150 нафарининг шахси аниқланганини маълум қилди.

AFP / Scanpix / LETA

Сешанба кунига келиб қўлга олинганлар сони 83 нафарга етди. Маҳачқалъа шаҳри раҳбари Юсуп Умавов қўлга олинган ҳуқуқбузарларнинг ёши 20-25 атрофида бўлганини, «ёшлар бузғунчи кучлар томонидан ноқонуний хатти-ҳаракатларга жалб этилишининг олдини олиш» мақсадида шаҳарнинг ҳар бир туманида ижтимоий тармоқлар мониторингини олиб борувчи, аҳоли билан учрашиб, тарғибот ишларини ўтказувчи ишчи гуруҳлар ташкил этилганини маълум қилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан бирида аэропортдаги тартибсизликлар чоғида намойишчилар хавфсизлик хизмати ходимларига тош отишгани, бунга жавобан автомат қуролдан ҳавога ўқ узилганини кўриш мумкин.

ИВВ маълумотига кўра, тартибсизликлар чоғида 9 нафар полициячи яраланган, улардан икки нафари шифохонага ётқизилган. Доғистон соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, тартибсизликлар вақтида жабрланган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ва оддий фуқароларнинг жами сони 12 нафарни ташкил этади.

Телеграм-каналлар маълумотига кўра, аэропортнинг ўзи ҳам жиддий шикастланган: омборхоналар вайрон қилинган, дўконлар таланган. Аммо бу маълумот расман тасдиқланмаган.

Доғистон раҳбари Сергей Меликов тартибсизликлар юзасидан изоҳ бераркан, «ҳеч ким аяб ўтирилмаслиги»ни билдирган. У рўй берган ҳодиса учун жавобгарликни «Украина ҳудудидан — сотқин, бандерачилар томонидан бошқариладиган ва тартибга солиб туриладиган» «Утро Дагестана» телеграм-канали зиммасига юклаган.

Шунингдек, Меликов ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ахборотлаштириш ишларида камчиликларга йўл қўйганини таъкидлаган.

Ўтган ҳафта охирида Доғистонда республикага «Исроилдан қочқинлар» кўчириб келтирилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Шанба куни кечқурун бу хабарлар фонида Доғистоннинг яна бир шаҳри Хасавюртда маҳаллий аҳоли меҳмонхонага ҳужум уюштирди.

Исроилликлар келаётгани ҳақидаги хабарни «Утро Дагестана» канали ҳам эълон қилганди, ушбу канал Давлат думасининг собиқ депутати, айни вақтда Украинага кетган Иля Пономарёв очган. Тартибсизликлар фонида Пономарёв ҳозирда ушбу каналга алоқадор эмаслигини айтди, лекин у бир неча ой олдин журналистлар билан суҳбатда канални «ўзиники» деб атаганди.

Кейинроқ Дуров «Утро Дагестана» телеграм-канали қоидаларни бузгани туфайли блоклангани, зўравонликка чақирувчи бошқа каналлар ҳам блокланишини маълум қилди.

Меликов тартибсизлик иштирокчиларига жанг қилиш учун Украинага жўнаш орқали «шармандаликни ювиш»ни таклиф этган. Маҳачқалъа аэропорти директори Саид Рамазанов талончиликни «шаҳарликларнинг ўйламасдан қилган ҳаракати» деб атаган.

«Ахир бундай ҳаракатлар ҳеч кимга ҳеч қандай ёрдам бермайди, — дея ёзган у телеграм-каналида. — Биз барчамиз Фаластинда содир бўлаётган воқеаларга чин дилдан қайғурамиз ва ҳозир қила оладиган энг яхши ишимиз — улар учун ибодатда бўлишдир».

«Ёвузлик илдизи»

Душанба куни президент Владимир Путин ҳукумат аъзолари билан йиғилишда сўнгги воқеаларни муҳокама қилиб, «Ғарб Яқин Шарқдаги воқеалардан фойдаланган ҳолда Россия жамоатчилигини парчалашга уринаётгани», Маҳачқалъадаги тартибсизликлар Украинадаги ижтимоий тармоқлар орқали Ғарб разведкаси томонидан қўзғатилганини иддао қилди.

«Россияни парчалаш учун Яқин Шарқдаги вазиятдан фойдаланишади, бунда турли воситалардан, ахборот тажовузкорлигининг мураккаб технологияларини қўллашади. Можаро ортида турганлар унинг оқибатларидан бутун дунёдаги одамларни унга жалб этиш учун фойдаланади — геосиёсий қўғирчоқларнинг мақсади шу. Инқирознинг янги оқими Исроилга қарши террорчилик ҳужуми билан бошланганди, аммо террорчиларни жазолаш ўрнига коллектив жавобгарлик тамойили бўйича қасос олишга ўтиб кетилди.

Биз ҳалокатли хаосни ким уюштираётганини тушунишимиз лозим. Буюртмачилар очиқ ва сурбетларча ҳаракатланади: айнан АҚШ ва унинг сателлитлари — беқарорликнинг қон рентасига эга бўладиган асосий бенефициарларидир. АҚШ буни тан олмаса ҳам, иқтисодий жиҳатдан заифлашмоқда. Фаластинликлар фожиаси ортида, Украинадаги қирғин ортида ва бошқа можаролар ортида айнан АҚШнинг ҳукмрон элитаси туради — бу барчага аён. Жанг майдонида натижага эриша олмасдан, улар бизни ичкаридан бўлишга ҳаракат қилишмоқда. Улар Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишни талаб қилаётган мамлакатларни обрўсизлантирмоқда, ҳатто БМТ ҳам қуруқ қолмаяпти.

Биз ёвузлик илдизи қаерда эканини тушунишимиз керак. Бутун дунёни ўз тўрига тортаётган, Украина ҳудудидаги аҳмоқ одамлардан фойдаланаётган ўргимчак қаерда эканини. Маҳачқалъадаги воқеалар ижтимоий тармоқлар орқали, хусусан ғарб махсус хизматлари орқали Украина ҳудудидан туриб ҳам уюштирилди. Украинадагилар ғарбдаги ҳомийлари бошқарувида Россиядаги погромларни дастакламоқчи. Ҳатто Штатлардаги юқори мартабали кураторлар ҳам ўз қўли остидагилар нималар билан машғуллигини билишига ишончим комил эмас — улар Украинадаги махсус хизматлар нималар билан шуғулланаётганини текширса ёмон бўлмасди. Разиллар, бошқача айтиб бўлмайди», деди у.

Путин, шунингдек, Россия махсус хизматлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакат конституциясини ҳимоя қилиш учун қатъий ҳаракат қилиши кераклигини таъкидлади.

Россия президенти ҳудуд раҳбарлари ва кучишлатар тузилмаларга миллатлараро ва динлараро тотувликни муҳофаза қилиш борасида ўз вақтида чора кўриш бўйича кўрсатмалар берди.

«Жуда қўрқинчли эди»

Талончилар диққат марказида бўлган йўловчилар Махачқалъа аэропортида бошдан кечирганларини ОАВ вакилларига сўзлаб беришди. «Медиазона» нашри Тел-Авивдан Маҳачқалъа орқали Москвага учган йўловчилардан бири билан суҳбатлашган. У талончилар учиш майдонидаги автобусга қандай ҳужум қилганини айтиб берган.

«Автобусдаги одамлар уларга биз руслар эканимизни айтиб бақирар, ўз қизил паспортларини кўрсатар ва қайси шаҳарлардан эканини айтишарди: Уфа, Екатеринбург, Перм, Москва, — дея эслайди у. — Деярли барча россияликлар эди, аммо кўпчиликда қўшфуқаролик. Ёнимизда бир русчада жуда ёмон гапирадиган бир исроиллик ҳам бор эди».

«Автобус бир лаҳзага тўхтади ва бизни ўраб олишди. Тош отишди, ойнани синдиришди. Ойналарга уриб тақиллатишди. Жуда-жуда қўрқинчли эди, мен ойна ёнида эмас, ўртада турганим туфайли барчасини кўра олмадим ва биз деразаларни қора пардалар билан тўсиб олдик, — дея қўшимча қилган нашр суҳбатдоши. — Бу [худди] абадийдек туюларди ва ташқаридаги одамлар уларга нима дейилаётганини эшитмасди. Эшитса ҳам эътибор беришмасди. Жуда қўрқинчли эди».

Уни ва Тел-Авивдан келган рейснинг бошқа йўловчиларини якунда вертолёт орқали ҳарбий базага олиб кетишган, тонгда эса вертолётда Минералние Води аэропортига олиб борилган.

 

Мавзуга оид