Тел-Авивдан Red Wings авиакомпанияси рейси (бу ҳафтасига бир неча бор амалга ошириладиган мунтазам рейс) орқали «исроиллик қочқинлар» учиб келаётганини тахмин қилган намойишчилар Маҳачқалъа аэропорти атрофида 29 октябр куни маҳаллий вақт билан соат 19:00 атрофида йиғила бошлаган.

Айримлар Фаластин байроқларини, бошқалар — Исроилга қарши плакатларни кўтариб келишган.

Аввалига намойишчилар «яҳудийлар»ни қидириб, аэропортдан чиқаётган одамларнинг ҳужжатларини текшира бошлаган. «Подъем» каналида эълон қилинган видеога кўра, ўзбек эканини айтган ёш йигитни ҳам яҳудий деб ўйлашган ва уни қуршаб олиб, паспортини олиб қўйишган.

Аэропортга олиб борувчи йўллар тўсилган, воқеа жойига полиция етиб борган. «Осторожно, новости!» каналида эълон қилинган видеода полициячи мегафон орқали йиғилганларнинг «ҳолатини тушуниши»ни айтгани, аммо улардан тинчланишни сўраши эшитилади.

Аммо полиция намойишчиларни тинчлантира олмайди — бир неча юз кишилик оломон аэропортнинг халқаро терминалига бостириб кириб, антисемитизм руҳидаги шиорларни айтиб, ҳар бир хонадан яҳудийларни излай бошлайди.

Кўп ўтмай намойишчилар аэродромнинг учиш ҳудудига ёриб ўтишга муваффақ бўлади, тармоқларда тарқалган видеолардан бирида одамлар самолётлардан бирининг қанотига чиқишга уринаётганини кўриш мумкин.

Аэропорт фаолияти фалаж ҳолатига келади, қўниши керак бўлган самолётлар бошқа аэродромларга йўналтирилади. Дубайдан учиб келиб, Маҳачқалъага қўниб улгурган рейс йўловчилари ғазабланган оломон туфайли қўнишдан кейин яна беш соат давомида самолётда қамалиб ўтиришганини айтишган.

Росавиация маълумотига кўра, кучишлатар тузилмалар аэропортни намойишчилардан фақат соат 22:20 га келиб тозалашга муваффақ бўлган. Аввалига аэропорт фаолияти фақат 6 ноябрда тикланиши айтилганди, аммо душанба куни Росавиациядагилар у тўлақонли ишга қайтгани ва рейсларни қабул қилиш ҳамда жўнатиш бошланганини маълум қилди.

Шу билан бирга, «Азимут» ва Red Wings авиакомпанияларининг Тел-Авивдан Минералние Води ва Маҳачқалъага рейслари вақтинча Россиянинг бошқа шаҳарларига йўналтирилиши маълум қилинган.

Россия Тергов қўмитаси оммавий тартибсизликлар (РФ ЖК 212-модда, 1 ва 2-қисмлари) бўйича жиноий иш қўзғатган. Қўмита баёнотида Доғистон пойтахтидаги аэропортда рўй берган воқеалар иштирокчилари «ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига қуролли қаршилик кўрсатган погром» деб аталган. Терговчилар гумонланувчиларнинг уйларида тинтув ўтказган.