Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жабалиядаги қочқинлар лагерига зарба: ўнлаб кишилар ҳалок бўлган
Исроил ҳарбийлари Ғазо секторидаги Жабалия қочқинлар лагерига авиазарба йўллаши оқибатида камида 47 киши ҳалок бўлди. Фаластин Қизил Хоч жамияти вакили харобалар остидан 25 кишининг жасади олиб чиқилганини тасдиқлаган.
ҲАМАС ҳаракати назорати остидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, қурбонлар сони 50, яраланганлар сони – 150 кишини ташкил этади.
Ўз навбатида, Исроил армияси зарба оқибатида ҲАМАСнинг юқори мартабали қўмондонларидан бири ўлдирилгани ва «террорчиларнинг ерости инфратузилмаси» вайрон қилинганини билдирган. ЦАҲАЛ баёнотида бу жойда қўмондон билан бирга «Марказий Жабалия» баталёнининг яна ўнлаб жангарилари бўлгани айтилган.
Бу вақтда Исроил қуруқлик кучлари Ғазо сектори шимолида ҲАМАС гуруҳини йўқ қилиш бўйича амалиётининг «иккинчи босқичи»ни давом эттирмоқда.
Reuters агентлиги тақдим этган фотосуратларда лагерга катта зарар етгани ва одамлар харобалар остидан омон қолганларни қидираётгани акс этган. Зарба оқибатида аҳоли тиғиз яшаган ҳудуд марказида бир қанча турар жой бинолари ҳам вайрон бўлган.
AFP мухбири ҳам Жабалиядаги портлаш ҳудудида бўлган. Агентлик хабар беришича, бу жойда тасвирга олинган видеоматериалларда вайроналар остидан олиб чиқилган 47 кишининг жасадини кўриш мумкин (бу Ғазо расмийлари тарқатган маълумотга яқин).
«[Бизнинг ходимлар] тинч аҳоли вакиллари бўлган 25 кишининг жасадини топишди... бу қўрқинчли», — деган BBC билан суҳбатда Фаластин Қизил Хоч жамияти раҳбари Марвон Жиланий.
Маҳаллий аҳоли вакили Рагеб Акал агентлик билан суҳбатда портлаш кучи «зилзиланикидек бўлгани»ни айтган.
Исроил мудофаа армияси вакили Даниэл Ҳагари Исроил қирувчи самолётлари Ғазодаги Жабалия қочқинлар марказига зарба берганини тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, зарба оқибатида ҲАМАС «Марказий Жабалия» баталёни командири Иброҳим Биарий ҳалок бўлган.
Ҳагарининг айтишича, бу «террорчилар ва террор инфратузилмасига қарши кенг кўламли зарба доирасида амалга оширилган».
Ҳагари зарба оқибатида Биарий билан бирга «кўп сонли террорчилар» ўлдирилгани, «террор ерости инфратузилмаси» вайрон қилинганини қўшимча қилган.
Исроил баёнотида тинч аҳоли вакиллари Ғазо сектори шимолидан жанубга кетиш бўйича чақириқ такрорланган.
Қуроллар соҳаси экспертларидан бирининг айтишича, зарба жойида ҳосил бўлган улкан ўра Исроил армияси ер остида чуқур жойлашган нишонларга қарши қўллайдиган бомба тушиши оқибати бўлиши мумкин.
Атрофдаги шифохоналарда зарба оқибатида ҳалок бўлганларнинг жасадлари пайдо бўлган.
«Улар шунчаки ўз уйларида бўлишган, улар уйларида эканида зарбага учраган... Барча шаҳидлар, болалар, аёллар, кекса ёшли кишилар», — деган Reuters агентлигига фаластинлик шифокорлардан бири.
Жабалия қочқинлар лагери қандай жой ўзи?
Жабалия лагери Ғазо шаҳри (бу Ғазо сектори дегани эмас, шаҳар сектор марказида) шимолида жойлашган.

У Ғазодаги саккизта қочқинлар лагерининг энг йириги ҳисобланади. БМТ маълумотларига кўра, 2023 йил июл ойи ҳолатига кўра, у ерда 116 мингдан ортиқ фаластинлик қочқин рўйхатга олинган.
Қочқинлар лагерни 1948 йилги урушдан кейин қура бошлаган.
У 1,4 квадрат километр майдонни эгаллайди, аммо аҳоли тиғиз яшайди — лагернинг катта қисми турар жой биноларидан иборат. Жабалияда 26 та мактаб, озиқ-овқат тарқатиш маркази, иккита соғлиқни сақлаш маркази, кутубхона ва еттита сув қудуғи бор.
Шати лагери каби Жабалия лагери ҳам Ғазо секторининг Исроил тинч аҳоли вакиллари эвакуацияси амалга оширилиши лозимлигини эълон қилган шимолий қисмида жойлашган.
BBC’нинг Яқин Шарқ бўйича корреспонденти, ушбу лагерга кўп бор шахсан ташриф буюрган Пол Адамснинг ёзишича, сўнгги ҳафталарда бу ҳудудни қанчалик кўп одам тарк этганини аниқ айтиб бўлмайди, аммо тарқалган фотосуратлар орқали бу ерда ҳали ҳам юзлаб кишилар қолаётганини англаш мумкин.
Адамс бир ҳафта олдин Асма исмли фаластинлик ёш журналист билан ёзишгани, у оиласи билан биргаликда Исроил ҳукумати тавсиясига амал қилмасдан сектор жанубига кўчиб ўтмасликка қарор қилганини билдирган.
«Ғазо секторида ҳаммаёқ хавфли, — дея ёзган у, — шундай экан, кўчиб ўтишдан маъно йўқ». Аммо бир ҳафта муқаддам Асма хабарларга жавоб бермай қўйган.
Жабалиянинг одамлар билан гавжум кўчалари 1948 йилда бу ерга келиб, яшай бошлаган фаластинликларнинг чодирлар лагеридан буткул фарқ қилади, дея давом этади Адамс. Бу одамлар Исроил ташкил этилганидан кейин ёки қочган ёки ўз уйларидан қувилган.
Исроилнинг 7 октябр куни бошланган кампанияси давомида бу ерга аввал ҳам зарбалар келиб тушганди.