Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ал-Қассам бригадалари»: ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти ҳақида нималар маълум?
ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти бўлмиш «Ал-Қассам бригадалари» можарода марказий рол ўйнаяпти. Унинг ҳарбий қудрати кўп жиҳатдан Эронга боғлиқ.
ҲАМАС етакчиси ўринбосари Солиҳ ал-Аурий яқинда ўз ташкилотининг 7 октябр кунги ҳужумга алоқадорлиги ҳақида баёнот берди. «Изаддин ал-Қассам бригадалари»нинг ҳарбий режаси Ғазода оккупацион армия бўлинмасига ҳужум қилиш ва фақат оккупацион аскарлар билан курашиш эди», - деди ҲАМАС функционери. Шу билан бирга, у буни ўзини ҳимоя қилиш ва олдини олиш зарбаси сифатида кўрсатди. «Бизда Исроил оккупацион кучлари яҳудийларнинг байрамларидан сўнг дарҳол бизга ҳужум қилишни режалаштираётгани ҳақида маълумотлар бор эди», деди ал-Аурий.
Исроилнинг The Jerusalem Post газетаси ал-Аурийнинг ўтган ҳафта «Ал-Жазира» Қатар телеканалига интервюсидан иқтибос келтирди. Ҳаммаси бўлиб, унинг сўзларига кўра, «Изаддин ал-Қассам бригадалари»нинг 1200 нафар жангчиси Исроил ҳудудига кирган.
Ал-Аурий исроиллик ҳарбийлар Ғазо сектори билан чегарани қўриқлашга эътиборсизлик қилгани учун юзлаб жангчилар режалаштирилган ҳужумдан сал олдин яшириниб ўтишга муваффақ бўлгани бўйича батафсил тушунтириш бермади. Ал-Аурийнинг таъкидлашича, «Изаддин ал-Қассам бригадалари» тинч аҳолини ўлдирмаган.
Шу йўл билан ал-Аурий ўзи асосчиларидан бири бўлган «Изаддин ал-Қассам бригадалари»нинг ҳаракатига изоҳ тақдим этди. «Бригадалар» ҲАМАС ҳаракатининг ҳарбий қисмидир. «Ал-Қассам бригадалари» қўмондони Муҳаммад Дейф шу пайтгача бир неча бор Исроил хавфсизлик кучларидан яширинишга муваффақ бўлган.
Суриялик воиз номини олган жангчилар
«Ал-Қассам бригадалари» 1992 йилда ташкил этилган. АҚШ Марказий разведка бошқармасининг 2023 йил учун «Жаҳон фактлари китоби»га кўра, «Бригадалар»да 20 мингдан 25 минггача жангчилар бор.
Бу ном бир пайтлар Фаластиндаги инглиз мустамлакачиларига қарши курашган суриялик воиз Иззаддин ал-Қассамга (1882-1935) бориб тақалади. Ал-Қассам «янги салибчилар»га қарши қаршилик кўрсатишни тарғиб қилган. Шу билан бирга, у маҳаллий яҳудийларни минтақадан чиқариб юбормоқчи эди. Ал-Қассамнинг ўзи кейинчалик полиция билан отишмада ҳалок бўлган.
Еростидан ва денгиздан ҳужумлар
Long War Journal сайти томонидан эълон қилинган 2021 йилги мақолага кўра, «Ал-Қассам бригадалари» кўплаб «лойиҳаларга» эга, уларнинг ҳар бири Исроилга қарши қаратилган. Йиллар давомида улар ҲАМАС ҳозирда ҳаракатланаётган ва Исроил қуруқликда қарши амалиётлар ўтказаётган туннелларни қурган. Ушбу ерости иншоотларининг баъзилари мақсадли ҳужумлар учун ҳам ишлатилади. 2006 йилда «Ал-Қассам бригадалари» Исроил ҳудудидаги ушбу туннеллардан бири орқали исроиллик капрал Гилад Шалитни ўғирлаб кетган.
Айни вақтда, «Ал-Қассам бригадалари» жангчилари денгиздан бир неча бор Исроилга ҳужум қилган. Мисол учун, 2014 йилда улар Исроил жанубидаги Ашкелон шаҳри яқинига кириб борган. Ғазо сектори анча йиллардан бери амалда қамалда бўлгани инобатга олинса, «Ал-Қассам бригадалари» ихтиёридаги умумий ҳарбий имкониятлар ва ресурслар ҳайратланарли, дейилади Long War Journal мақоласида.
Эроннинг қўллаб-қувватлаши
Кўп йиллар давомида «Ал-Қассам бригадалари» Эрон томонидан қўллаб-қувватланади. ҲАМАС ўзи бу ёрдамни бир неча бор очиқ тан олган. ҲАМАСнинг Теҳрондаги вакили Холид ал-Қаддумий 2021 йил май ойида «Ал-Монитор» Яқин Шарқ журналига берган интервюсида: «Эрон Ислом Республикаси бир томондан билим ва ноу-хауни беришга, иккинчи томондан ракеталарни ташишга катта ҳисса қўшди», деган.
Исроил ҳарбий разведкаси собиқ ходими, ҳозирда Тел-Авив университети қошидаги Моше Даян маркази ходими Михаэл Милштейнга кўра, сўнгги ўн йил ичида Теҳроннинг ҲАМАСни қўллаб-қувватлаши сезиларли даражада ошган. Масалан, Эрон «Ал-Қассам бригадалари» жангчиларини ҳарбий тайёргарликдан ўтказади. «Улар снайперларни ўргатади, уларга тузоқ ясашни, парашютчи ёки парапланчи бўлишни ўргатади – бир сўз билан айтганда, ҳужумда қўлланган ҳамма нарсани», — деди Милштейн DW нашрига берган интервюсида.
Махфийлик остидаги молиялаштириш
«Ал-Қассам бригадалари» қандай молиялаштирилаётганига ҳали тўлиқ ойдинлик киритилмаган. Лекин бу ерда ҳам Эрон муҳим рол ўйнайди, дейди Михаэл Милштейн. «Гап Эрон, айниқса, ҲАМАСнинг ҳарбий қанотига ажратаётган катта маблағлар ҳақида кетмоқда. Фақат сўнгги икки-уч йил ичида бу маблағ тахминан 100 миллион долларни ташкил этди», - деди у.
2020 йил август ойида Исроил Адлия вазирлиги биткойнларда ҲАМАСга хайрия ўтказилишини тўхтатишга муваффақ бўлганини маълум қилди. Ушбу ҳисоботга кўра, «Ал-Қассам бригадалари» 2019 йил бошида ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида тегишли хайрияни тақдим этишга чақирган.
Бир йил олдин АҚШ Молия вазирлиги Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) ва «Ал-Қассам бригадалари»ўртасида «ўнлаб миллион доллар» ўтказиш учун масъуллар рўйхатини эълон қилган эди. Маҳкамага кўра, бунда асосий ролни Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳига алоқадор банк ўйнаган.
Қурол-яроғ масаласи
Ҳужумда қўлланган қуролларнинг сони ва турлари – ракеталар, снарядлар, учувчисиз учоқлар ва ўқотар қуроллар ҲАМАС ва унинг ҳарбий қаноти ихтиёрида бўлган улкан арсеналдан далолат беради. Аниқ рақамлар номаълум.
Аксарият қуроллар Ғазо секторига контрабанда йўли билан олиб келинган. Хавфсизлик бўйича экспертга кўра, энг муҳими Эроннинг Сурия ва Ливан орқали олиб ўтаётган юклари, бу ерда «Ҳизбуллоҳ» қурол-яроғ ташиш билан шуғулланади.
Бу йўналиш 2020 йил декабр ойида Эрон томонидан қўллаб-қувватланган Фаластин гуруҳи раҳбари томонидан тасдиқланган. Қуддус Стратегия ва хавфсизлик институти (JISS) ўз веб-сайтида унинг 2020 йилда Эронга ҳайриҳоҳ «Ал-Маядин» нашрига берган интервюсидан иқтибос келтиради: «Барча оддий қуроллар Ғазога «Ҳизбуллоҳ» ва Сурия орқали кирган. Бутун қаршилик ўқи (Теҳрон раҳбарияти Исроилга қаршилар тармоғини шундай атайди) уларни ташишда иштирок этган». Сурияда ҲАМАС жангчилари ракета ясаш бўйича махсус тайёргарликдан ўтадиган ўқув лагерлари ҳам бор, дея интервюдан иқтибос келтирган JISS.
Бегин-Садат номидаги Стратегик тадқиқотлар маркази (BESA) 2021 йилги ҳисоботига кўра, «Ал-Қассам бригадалари»нинг Исроил жангчилари ва қурол-яроғ арсеналларига ҳужумлари тактикаси Эроннинг тегишли таъсирига, шунингдек, ИИМК кўрсатмаларига асосланган бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
20:09 / 08.05.2026
Исроил ҳужуми натижасида Ҳамас бош музокарачисининг ўғли ҳалок бўлди
14:15 / 20.04.2026
Ҳамас расмийлари гуруҳ баъзи қуролларини топширишга тайёрлигини билдирди
17:42 / 07.04.2026
Тинчлик кенгаши Ҳамасдан тез орада қуролсизланишни талаб қилмоқда
13:30 / 15.03.2026