Жаҳон | 12:03 / 03.11.2023
5256
3 дақиқада ўқилади

Финландияда россиялик миллиардерга тегишли оролда тинтувлар ўтказилди

Финландия полицияси 2020 йилда «Меркурий» компанияси раҳбари Игор Кесаев томонидан сотиб олинган Котасаари оролида мусодара қилинадиган мулкни қидирган, деб ёзади Финландия ОАВ.

Фото: Reuters

Финландия полицияси 1 ноябр, чоршанба куни россиялик миллиардер, «Меркурий» компаниялар гуруҳи раҳбари Игор Кесаевга тегишли Котасаари оролида тинтув ўтказди. Бу ҳақда Финландиянинг Ilta-Sanomat интернет нашри хабар берди. Нашрдан маълум бўлишича, полиция тадбиркорнинг 2022 йилдан бери Европа Иттифоқи санкциялари остида бўлган ҳамда хатловга олиниши мўлжалланган мол-мулкини ҳамда тергов учун материалларни қидирган.

Қайд этилишича, Игор Кесаев Котасаари оролини 2020 йилда 700 минг еврога сотиб олган. 2021 йил октябр ойида Белгиянинг Euractiv интернет нашри ушбу битим Финландия Мудофаа вазирлигининг рухсатисиз амалга оширилганини ёзган, россиялик тадбиркор Кипрнинг инвестициялар учун олинган «олтин паспортидан» фойдаланган.

Ҳужжатларга кўра, россиялик тадбиркорнинг Котасааридаги умумий мулки майдони 20 гектарни ташкил қилади. Жанубий Саво минтақасидаги Пуумала муниципалитети веб-сайтидаги реестрда айтилишича, оролда 420 квадрат метрлик дам олиш учун иншоот, асосий бино, меҳмон уйи, шунингдек, пляждаги сауна ва вертолёт майдончаси мавжуд.

Айни пайтда, Ilta-Sanomat ўқувчилари журналистларга уларнинг кузатишларига кўра, 2023 йилнинг апрел ва март ойларида оролдаги бинолар бўм-бўш тургандек туюлганини айтди. Ўтган қиш ва баҳорда ҳам у ерда одам кўринмаган.

Игор Кесаевнинг бизнеси

Forbes журнали маълумотларига кўра, 2023 йил 2 ноябр ҳолатига Игор Кесаевнинг бойлиги 3,6 миллиард долларга баҳоланган. Кесаев ва унинг шериги Сергей Кациев томонидан асос солинган «Мегаполис» компанияси нашр веб-сайтидаги тадбиркорнинг карточкасида кўрсатилганидек, Россия тамаки бозорининг 70 фоизини назорат қилади. 2019 йилда Кесаев ўзининг «Дикси» супермаркетлар тармоғини бошқа дўконлар тармоғи билан бирлаштириб, Россиядаги энг йирик чакана савдо тармоқларидан бирини яратди.

Игор Кесаевга қарши санкциялар ЕИ томонидан 2022 йил апрелида киритилган эди. 2015 йил июл ойида «Новая газета» суриштирув эълон қилди, унда Кесаев ўша пайтда фахрий президенти бўлган «Монолит» жамғармаси 2003 йилда «ФСБ» билан «молиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисида» шартнома имзолагани ҳақида хабар берилган. «Ушбу келишув доирасида Кесаев фонди «ФСБ» эҳтиёжлари учун Россиянинг турли шаҳарларидан квартиралар сотиб олган», — дейилади нашрда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид