Ўзбекистон | 23:13 / 03.11.2023
10522
6 дақиқада ўқилади

Ишламаётган камералар ва қоғозда қолаётган автотураргоҳлар. Масъуллар нима дейди?

Автобуслар учун ажратилган йўлаклардаги ўнлаб камералар ишламаяпти. Паркоматлар лойиҳаси лойиҳалигича қолиб кетяпти. Кўп қаватли автотураргоҳлар қуриш бўйича қарор ижроси эса боши берк кўчага кириб қолган.

2 ноябр куни Транспорт вазирлиги ва “Тошшаҳартрансхизмат” масъуллари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Kun.uz мухбири пойтахтдаги жамоат транспортига доир бир нечта масалалар юзасидан расмийлардан изоҳ сўради.

Автобус учун ажратилган бўлаклардаги камералар нима бўлди?

Шу йил бошида Тошкент шаҳрида ҳаракатланувчи автобусларга приоритет бериш учун кўчаларга махсус йўлаклар ташкил қилиниб, бу йўлаклардан қоидага хилоф равишда юрадиган ҳайдовчиларни жаримага тортиш учун жами 55 та видеокамера ўрнатилганди.

360 градусли камералар қоидабузарликларни қайд қилиб, тизимга юбориши, ички ишлар ходимлари буларни кўриб чиқиб, ҳақиқатан қоидабузарлик содир этганларни жаримага тортиши айтилганди.

Аммо қарийб бир йил ўтяптики, бу видеокамералар тўлиқ ишлаётгани йўқ. Шу сабабли махсус йўлакларда автомобилларнинг бемалол ҳаракатланаётгани ва ҳатто бу ҳолат автобуслар иштирокида ЙТҲларга сабаб бўлаётгани ҳам кузатилмоқда.

Бу ҳақдаги саволга жавобан, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ Ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш бўлими бошлиғи Мурод Мусахўжаев камералар маълум муддат ишламагани ва жарима ёзмаганини тасдиқлади.

“55 та кузатув камералари ўрнатилган эди. Жамоат хавфсизлиги бўлими ҳамда ички ишлар органлари билан ҳамкорликда бу камераларни тест режимидан ишлаш жараёнига ўтказдик. Жарималар белгиланмади, қўпол қилиб айтганда, у камералар янгисига ўзгартириб борилмоқда. Жараённи фиксация қиладиган, яъни ўша белгиланган “А” махсус йўлакларда тўхтаб турган, йўл белгисига амал қилмаётган ҳайдовчиларга жарима солиш камераларига ўзгартирилиб, шу кеча-кундузда бу ишлар амалга оширилмоқда”, – деди у.

Таъкидланишича, йил бошида ўрнатилган камералар билан ишлаш “мураккаб бўлгани учун” уларни ўзгартиришга қарор қилинган.

Қоғозда қолаётган паркоматлар

Президентнинг 111-сонли қарорига мувофиқ, Тошкентда йўл бўйи пулли автотураргоҳлар 2022 йилнинг ноябр ойидаёқ жорий этилиши керак эди. Паркоматлар шаҳарнинг қайси кўчаларида ташкил қилиниши ҳам эълон қилинганди.

Апрел ойида транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Kun.uz билан суҳбатда айнан паркоматлар бўйча май ойида тендер ўтказилишини айтганди. Лекин бу лойиҳа ҳам ҳанузгача кечиктирилмоқда.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳар транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси раҳбари Мурод Обидовнинг айтишича, лойиҳани амалга оширишга “норматив-ҳуқуқий базадаги муаммо” халал бермоқда.

“[Қонунчиликда] нотўғри “парковка” қилинган ҳамда “парковка” учун тўловни амалга оширмаган ёки кечиктирилган фуқароларга қўлланадиган ҳеч қандай чора йўқ. Биз Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритиш керак бўлган нормаларни ишлаб чиқиб, вазирлик ва идоралар билан келишиш учун киритдик. Бу жараённинг ўз регламенти бор, афсуски, қонунчиликка ўзгартириш киритиш тез бўладиган жараён эмас”, – деди масъул.

Ваҳоланки, таъкидлаш керакки, МЖтКнинг 128-6-моддаси билан айнан транспорт воситаларида тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик – 2 БҲМ (660 минг сўм) жарима белгиланган.

Бу жаримани ўз вақтида тўламаслик бошқа жарималар билан бир хил ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради.

Кўп қаватли автотураргоҳлар-чи?

59-сонли президент қарорига кўра, Тошкентда кўп қаватли автотураргоҳлар қурилиши керак. Қарор 16 февралда қабул қилинган бўлса, 1 ой муддатда лойиҳа ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилиши керак эди.

Бу ҳақдаги саволга жавобан, Мурод Обидовнинг айтишича, ер ажратиш масаласи сўроқ остида бўлиб турибди. У бу борада Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Қурилиш вазирлиги ва Кадастр агентлиги масъул эканини айтиб ўтди.

“Бу масала доимий актуал. Лекин бунда тўғри жойни танлаш, концепцияни муваффақиятли амалга ошириш учун биз “Тошкентбошпланлити” ва Қурилиш вазирлиги билан ҳамкорликда маълум нуқталарни белгилаб олганмиз, келажакда қилиниши керак бўлган транспорт ҳаблари... Бу Тошкент шаҳрининг ташқарисига тааллуқли, шаҳар ичкариси билан боғлиқ масалада эса муаммолар бор.

Биласиз, пойтахтда деярли бўш жой қолмаган. Агар қиладиган бўлсак, қайсидир мулкдорнинг мулкига дахл қилиш муаммосига юзлашамиз”, – деди у.

Транспорт вазир Илҳом Маҳкамов апрелдаги интервюсида кўп қаватли автотураргоҳлар қуриладиган манзиллар ҳам, қарор лойиҳаси ҳам тайёр эканини айтганди.

“Асосий идеология шундаки, атрофида “парковка”га имконияти йўқ бўлган жойлар ёки одамлар ва шахсий транспортлар кўп йиғиладиган манзилларга жойлаштириляпти. 5 ёки 7 қаватли автотураргоҳлар бўлади, пастки икки қаватини еростига киргизишга ҳаракат қилиб кўрамиз. Бу жуда ҳам мукаммал ишлаб чиқилиши лозим, чунки инженерлик-коммуникациялар ўтган жойлар бор. Бу – лойиҳачилар билан ишланадиган, талаб қилинадиган масалалар. Лекин манзилларимиз ҳам, қарор лойиҳаси ҳам тайёр. Шу кунларда буни Вазирлар Маҳкамасига киритамиз. Вазирлар Маҳкамасининг қарори бўлиб чиқади”, – деганди Маҳкамов.

Мавзуга оид