Жамият | 15:18 / 04.11.2023
21927
8 дақиқада ўқилади

«Офтоб ойим» – ватанга садоқат ҳақида ҳаётий ҳикоя

«Ватанни севмоқни, юрт отасига садоқатни японлардан ўрганиш керак», – деганди таниқли ижодкор Мақсуд Шайхзода. Бу гап тасдиғини Саид Аҳмаднинг «Офтоб ойим» ҳикояси орқали топиш мумкин. 

Бу ҳикоя адибнинг сургунда кечган ҳаёти лагер-қамоқхонада кўрган-кечирганлари жамланган «Қоракўз мажнун» номли тўпламдан ўрин олган. Ҳикояда японлар ва уларнинг ватани олдидаги бурчига нақадар содиқлиги баён этилади.

Саид Аҳмаднинг рассомлик қобилияти бўлгани учун уни чизишга оид юмушларга масъул қилиб қўйишади. Унга ёрдамчи қилиб эса Дюн исмли япон йигитини тайинлашади. Дюннинг юрак ўйноқи касали борлиги учун ҳам осонроқ ишга жалб қилишганди. Шу кунларда лагердаги японлар тез-тез тўпланадиган, одатдагидан кўра хурсанд юрадиган бўлиб қолишганди. Саид Аҳмад бунинг сабабини шеригидан сўраганида, Дюн яқинда японлар юртига қайтарилишини айтади.

Аммо ёзувчини яна бир жумбоқ қийнарди. Кирхонада ишловчи Судзе исмли йигит бор эди. У ҳам япон эди-ю, аммо ҳеч японларга қўшилмасди. Кўриниши ҳам барваста, бақувват, қошлари қалдирғоч қанотидек чиройли эди. Ҳар тонг қуёш чиқишини кирхона томида кутиб олар, ўз тилида бир нималар деб, қуёшга таваллолар қилар эди. Одатдаги тез-тез тўпланишларнинг унга аҳамияти йўқдек эди.

Қизиқиш устунлик қилиб бир куни Саид Аҳмад Дюндан Судзе ҳақида сўрайди. Аён бўлишича, Судзе гейша аёлнинг Португалия матросларидан орттирган боласи экан. Шунинг учун мушаклари бақувват, гавдали йигит эмиш. Аслида япон гейшалари оддий суюқоёқ аёллар эмас, балки билимли, ўқимишли, ширинсўз, ҳар соҳадан хабардор гўзаллар эди. Улар бутун вужуди билан ватани Японияга хизмат қилар, юрти манфаатларини ҳар қандай нарсадан устун қўярди. 

Судзе ўсмирлик чоғиданоқ император саройида тарбия топди. Энг яхши кийимларни кийиб, энг яхши нарсаларни еб улғайди. У камикадзелик учун етиштирилаётганди. Камикадзе эса душман ҳудудига самолётда бомба билан юбориладиган ва ўша бомбага қўшилиб портлаб кетиши лозим бўлган одам эди. Судзе эса бундан бўйин товлайди. 

Японияда одат шундай эканки, ўз бурчидан юз ўгирганлар урилмас-сўкилмас, бўйнига ғилдирак осиб қўйиларкан. Икки қўлини ҳам қўшиб боғланаркан. Бу ғилдирак уни на ётиш, на бирор нарса еб-ичиш, на эшикка сиғиб, бирор уйга киришга йўл қўяр экан. 

Судзенинг онасини ҳамма Офтоб ойим деб чақирарди. У ўз вақтида Парижда ўтказилган гўзаллар танловида ғолиб бўлган, мамлакатига шон-шуҳрат олиб келган, ўзи ҳам Япония фахрига айланганди. Ўғлининг бу қилиғи унга қаттиқ таъсир қилди. Судзе бир неча бор уйга келганда киргазмади. Ҳаммасидан чарчаган, қилмишидан пушаймон бўлган йигит ўзини денгизга чўктирмоқчи бўлади. Ўлишига бир баҳя қолган чоғда рус матрослари қутқариб олади ва шу лагерга келиб қолади. Аммо бу ерда ҳам уни японлар ўз сафига қўшмайди.

Дюн ўз тарихини ҳам айтиб беради. У самурай экан. Самурай эса асир тушмаслиги лозим эмиш. Аммо у ўзини чавақлашга улгурмай қолади. Шу сабабдан ҳам ватанидан қон қарз эканини айтади. 

Тез орада чиндан ҳам японлар кетадиган бўлди. Барча японлар тўпланиб туришаркан кирхона томидан ҳайқириқ ва бўкирик овоз эшитилади: «Кечир мени, Япониям. Менинг ватаним Жапон, Жапон!» Бу Судзенинг овози эди. У шундай дея ўкирганча ўзини чавақлаб ташлади. Ҳамма японлар юртига қайтарилиб, фақат Судзе қолаётгани унинг сабр косасини тўлдирган эди...

Орадан 50 йил ўтгач адиб Америкага боради ва у ерда лагерда бирга бўлган япон шерикларидан бирини учратиб қолади. Ундан Дюн ватанига оёқ қўйган заҳоти тупроқ ўпиб жон берганини эшитади...

Шу қисқагина ҳикоя юракни ларзага солиб, японлар ҳақида тасаввурларимизни анча кенгайтиради. Беихтиёр уларнинг жондан азиз деб билган ватанига муҳаббати, садоқати билан ўзимизнинг ватанимизга бўлган ҳисларимизни таққослаб кўрамиз...

Улар қандай қилиб бу даражада ватанига муҳаббатини оширолган? Фарзандларини ҳалол, оқил ва юртга фидойи қилиб тарбиялаган? Коррупция, давлат бойликларини ўзлаштириш, алдаш, амалини суиистеъмол қилиш, ватан мулкларини сотиб юбориш сингари иллатларнинг қандай қилиб олдини ололди?

Ҳаммаси оддий ва бажариш мураккаб бўлган нарсадир. Барчаси онгдан бошланади. Улар фарзандлари онгига Япония ўзларининг уйи экани, фуқаролар эса оила аъзоларилигини тушунтиришди. Одам ўз уйида ўғирлик қилмаганидек, ватанининг мулкларини ҳам ўмармаслиги лозимлиги, унинг манфаати учун тер тўкиши кераклиги уқтирилган. 

Энг асосийси, уқтирганларнинг ўзлари болаларга ўрнак бўла олган. Натижада болалар ватанга хоинлик қилиш, унинг бойликларига тажовуз этишни тасаввурларига ҳам сиғдиролмайдиган ҳолатда улғайган.

Самурайлик японлар учун шарафли вазифа саналади. Улар ватан учун энг ширин ва азиз нарсаси – жонини фидо қилишга ҳамиша шай туради. Ўзларининг қони-ю жони фақатгина Японияларига тегишли деб ҳисоблайди. Шу сабабдан ҳам Дюн жони бегона ерларда, асирликда шарафсиз ҳолатда чиқишидан қаттиқ қўрқарди.

Судзеда учраган ҳолат, яъни масъулиятдан бош тортиш, шарафли йўлдан қайтиш ҳодисаси камдан кам кузатиларди. Судзенинг қонида португалиялик матроснингда қони оқаётганди. Бу қонга японларникичалик ватанга садоқат хислати сингмаганди. Балки шу сабабдан ҳам Судзе бир лаҳзага бурчидан тонишга журъат этгандир. 

Лекин алалоқибат барибир Офтоб ойимдан ўтган ватанга муҳаббат туйғуси ғолиб келди. Йигит «Япония» дея жон берди.

Офтоб ойимнинг ўзи япон аёлларининг акси эди. Унинг жасорати, донолиги, мардлиги ҳар қанча улуғлашга арзийди. Она учун боланинг нақадар азизлиги барчага аён. Аммо мана шу азиз инсонининг қилмишига кўз юмолмади. Ватанига бўлган муҳаббат-у садоқати боласига бўлган меҳрдан устунроқ келди. Жигарбанди эшигига чор-ночор келиб турса-да, ичкарига киритмади. Аммо ўзи ибодатхонага бориб, роҳибаликка бел боғлади. Дунё ишидан қўлини ювди. Унинг қалбида ҳам оналик, ҳам юртига фарзандлик туйғулари туғён қиларди...

Туйғуларнинг энг инжаси, энг қадрлиси ва энг азизи садоқатдир. Агар бу садоқат юртга бўлса, янаям аъло. Чунки ватанига садоқатли ва муҳаббатли инсон фақат ва фақат юртининг равнақи-ю ривожини истайди. Унинг тараққиёти йўлида елиб-югуради. Жамият ривожи учун ҳисса қўшишга уринади. Энди тасаввур қилинг, ҳамма фуқаро шундай бўлса-чи? У давлат дунёнинг етакчи мамлакатларидан бирига айланмайдими? Қисқа муддатда катта суръатлар билан тараққиёт йўлини босиб ўтмайдими?

Куч бирликда. Ҳар бир фуқаро ўз зиммасидаги бурчни масъулият билан бажарса, ота-оналар фарзандларининг онгига ватанга, унинг ақалли бир кўчада ётган тошчасига-да хиёнат қилмасликни сингдирса, аввало, ўзи ўрнак бўлиб берса, биз ҳам Япониянинг даражасига эришишимиз мумкин бўлади. 

Гуласал Қодирова, китобхон

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Мавзуга оид

Эълонлар

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти