Жаҳон | 08:36 / 04.11.2023
7389
3 дақиқада ўқилади

Россия Адлия вазирлиги яна беш кишини «чет эл агентлари» реестрига киритди

«Чет эл агентлари» рўйхатига журналистлар Дмитрий Губин, Дмитрий Еловский, Андрей Солдатов, сиёсатшунос Мария Снеговая ва ҳуқуқшунос Кирилл Качур киритилган.

Фото: РИА Новости

Россия Адлия вазирлиги 3 ноябр, жума куни «чет эл агентлари» реестрини яна кенгайтирди. Идора сайтидаги хабарга кўра, рўйхатга яна беш киши киритилди

«Чет эл агенти» мақоми журналист, теле ва радиобошловчи Дмитрий Губинга, «Дожд» собиқ мухбири ва «Ходорковский LIVE» Youtube-канали бошловчиси Дмитрий Еловскийга, публицист ва Agentura.ru нашри бош муҳаррири Андрей Солдатовга, сиёсатшунос Мария Снегова, шунингдек, ҳуқуқшунос ва собиқ терговчи Кирилл Качурга берилди.

Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, рўйхатга киритилган шахслар Украинадаги «махсус ҳарбий операция»га қарши бўлган ёки Россия ҳукумати томонидан қабул қилинган қарорлар ва Россия Қуролли кучларининг ҳаракатлари тўғрисида «нотўғри маълумот» тарқатган ёхуд Россия ва қуролли кучларнинг салбий имижини яратишга қаратилган ҳаракатларни содир этган. Хабар қилинишича, улар Россия Федерациясидан ташқарида яшайди. Качурдан ташқари ҳаммаси бошқа «чет эл агентлари» томонидан яратилган материалларни тарқатишда ҳам қатнашган, дея таъкидлайди маҳкама. 

Шу билан бирга, Адлия вазирлиги томонидан Олтой Республикасидаги «Туба калик» минтақавий миллий-маданий жамоат ташкилоти тугатилгани сабабли «чет эл агентлари» реестридан чиқарилди. 

Россияда «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун 

Россияда «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун 2012 йилда пайдо бўлган. Ўшандан бери бир неча юзлаб ташкилотлар ва шахслар тақиқ рўйхатига киритилган. Жисмоний шахслар – «чет эл агентлари» реестри 2022 йил апрел ойи бошида ишга туширилган бўлиб, у ННТлар – «чет эл агентлари», ОАВ – «чет эл агентлари» ва рўйхатдан ўтмаган ташкилотлар – «чет эл агентлари» рўйхати билан бир қаторда тўртинчи рўйхат бўлди. 2022 йил декабр ойидан бошлаб қонун, Россия расмийларига кўра, «чет элдан ёрдам оладиган» ва «хорижий таъсир остида» бўлганларни «чет эл агентлари» деб эълон қилиш имконини беради. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид