Жаҳон | 08:50 / 06.11.2023
14337
4 дақиқада ўқилади

ОАВ: Россия Ливияда ҳарбий-денгиз базаси яратмоқчи

Bloomberg хабарига кўра, генерал Ҳафтарнинг Путин билан сентябрдаги учрашувидан сўнг, Россия Ливия шарқида ҳарбий-денгиз базасини яратиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Фото: AP

Американинг Bloomberg нашри 5 ноябр, якшанба куни маълум қилишича, Россия Ливияда ўзининг ҳарбий-денгиз базасини ташкил этиш орқали Ўрта Ер денгизи минтақасидаги ҳарбий иштирокини кенгайтиришга интилмоқда. Унга кўра, генерал Халифа Ҳафтар 28 сентябр куни Россия президенти Владимир Путин билан учрашган Москвага ташрифи ортидан Россия ва Ливия ҳарбий ҳамкорлик бўйича келишув устида ишлай бошлаган.

Bloomberg агентлигига музокаралар мазмунидан хабардор манбалар хабар беришича, Россия Ливия шарқида Ҳафтар назорати остидаги Тобрукда ҳарбий-денгиз базасини яратишдан манфаатдор. Бу ҳарбий база Греция ва Италиядан бор-йўғи бир неча юз километр узоқликда бўлади ҳамда Россияга бутун Европа Иттифоқи устидан жосуслик қилиш имконини беради, деди нашрга АҚШнинг Ливия бўйича собиқ махсус вакили Жонатан Уайнер. Шу боис, унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар таҳдидни ўта жиддий қабул қилади ва шу пайтгача Россияни Ўрта Ер денгизи минтақасидан узоқлаштиришга ҳаракат қилган.

Узоқ муддатли лойиҳа

Бироқ, Bloomberg таъкидлаганидек, бундай лойиҳани амалга ошириш, агар тегишли қарор қабул қилинса, кўп вақт талаб этади, чунки Тобрук порт инфратузилмаси сезиларли модернизацияга муҳтож. Ҳозирда Россиянинг Ўрта Ер денгизида битта ҳарбий-денгиз базаси мавжуд бўлиб, у шарқда, Суриянинг Тартус шаҳрида жойлашган.

Шунингдек, Россия ўзи фойдаланиши учун Ливиядаги "Вагнер" ХҲК жангчилари томонидан бир неча йиллардан бери фойдаланилган ҳаво базаларини олишни кутмоқда. The Wall Stret Journal аввалроқ хабар қилганидек, Евгений Пригожин вафотидан сўнг Африкада "Вагнер" ХҲК ўрнини Геннадий Тимченко ва Аркадий Ротенберглар томонидан молиялаштириладиган "Редут" ва "Конвой" хусусий ҳарбий компаниялари эгаллади.

Ўз навбатида, генерал Ҳафтар Триполидаги халқаро тан олинган миллий бирлик ҳукумати ҳужумларини қайтариш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига муҳтож. Бундан ташқари, у россияликларнинг ҳарбий-ҳаво кучлари учувчилари ва махсус кучлар аскарларини тайёрлашидан манфаатдор.

Ливиядаги можаро

Ливияда 2011 йилда Муаммар Қаддофий ҳокимият тепасидан ағдарилганидан бери тартибсизлик ҳукм сурмоқда. Триполида миллий бирлик ҳукумати тузилди, у БМТ томонидан тан олинган, аммо мамлакатнинг кичикроқ қисмини назорат қилади. Шу билан бирга, мамлакат шарқида, Тобрукда бир палатали парламент - Вакиллар палатаси фаолият юритади.

Ливия шарқий минтақаларининг аксарияти Қаддофийнинг собиқ тарафдори генерал Халифа Ҳафтар тузилмалари назоратида эди. 2019 йил апрел ойида Ҳафтар Триполига қарши ҳужум бошлади. Генерални Миср, Бирлашган Араб Амирликлари ва Россия қўллаб-қувватлагани айтилади. Туркия, ўз навбатида, Триполидаги ҳукуматга ён босган.

2020 йил октябр ойида Ливия можаросининг томонлари ўт очишни доимий тўхтатиш тўғрисидаги битимни имзолади. 2021 йил 5 февралда Ливияда можаро иштирокчилари вакиллари БМТ воситачилигида Женева форуми доирасида ўтиш даври ҳукуматини сайлади. 2021 йил 10 март куни Сиртда Ливия парламенти ўша йилнинг 24 декабрига белгиланган президентлик сайловларига қадар мамлакатни бошқариши керак бўлган вазирлар маҳкамаси таркибини тасдиқлади. Белгиланган санадан бир неча кун олдин овоз бериш мамлакатдаги беқарор вазият туфайли уни ўтказишнинг имкони йўқлиги сабабли бекор қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид