Ўзбекистон | 23:04 / 06.11.2023
12764
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ерости газ омборлари 98 фоизга тўлди — «Ўзтрансгаз» 

Об-ҳаво шароити қулай бўлгани туфайли омборлардан газ олинмаяпти, балки уни тўлдириш жараёни давом этмоқда. 

Фото: «Газли» газ омбори

Ўзбекистоннинг «Газли» ва «Хўжаобод» ерости газ омборлари 6 ноябр ҳолатига кўра 98 фоизга тўлди. Бу ҳақда «Ўзтрансгаз» матбуот хизмати раҳбари Шаҳноза Равшанова Gazeta.uz'га маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, куз-қиш мавсуми учун мўлжалланган 3,5 млрд кубометр газдан 3,445 млрд кубометри газ омборларига ҳайдалган. Қайд этилишича, «Хўжаобод» газ омборининг қуввати 900 млн, «Газли» газ омборининг қуввати эса 3 млрд кубометрни ташкил этади. 

Фаол газ сақлаш ҳажмини ошириш лойиҳаси доирасида «Хўжаобод» ер ости газ омборида 5 та қудуқ қазилган.

Маълум қилинишича, об-ҳаво шароити қулай бўлгани учун омборлардан газ олиш бошланмаган, аксинча, уларни тўлдириш давом этяпти.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов сентябр ойида берган интервюсида йил охиригача «Газли» омбори сиғимини 4,5 млрд кубометрга, келажакда эса 10 млрд кубометрга етказиш режалаштирилганини айтган.

Мавзуга оид