Жаҳон | 11:45 / 07.11.2023
4670
2 дақиқада ўқилади

Боррел Яқин Шарқдаги урушни «жамоавий муваффақиятсизлик» деб атади

Европа дипломатияси раҳбари халқаро ҳамжамиятни «Фаластин-Исроил муаммосини ҳал қилишда ирода йўқлиги» учун қоралади.

Фото: Reuters

Исроил ва ҲАМАС гуруҳи ўртасидаги уруш «жамоавий сиёсий ва маънавий муваффақиятсизлик» натижасидир. Бу ҳақда 6 ноябр, душанба куни Европа Иттифоқи элчиларининг Брюсселдаги анжуманида ЕИ дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел маълум қилди. Нутқ Европа ташқи алоқалар хизматининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида трансляция қилинди.

«Исроилликлар ва фаластинликлар катта нарх тўлаётган бу муваффақиятсизлик Фаластин-Исроил муаммосини ҳал қилиш учун ирода йўқлиги натижасидир», деди Боррел. Яқин Шарқдаги вазият ҳозирги ёмонлашувининг яна бир сабаби сифатида у икки давлат яратиш ғоясини ҳаётга татбиқ этишга ёрдам берадиган ҳақиқий йўл харитаси йўқлигини таъкидлади. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. 

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 10 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид