Иқтисодиёт | 11:34 / 07.11.2023
23394
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда банкларни санация қилиш тартиби белгиланмоқда. Бу нима дегани?

Марказий банк банк-молия тизимида катта аҳамиятга эга тижорат банклари инқирозга учраганда уларни санация қилиш тартибини ишлаб чиқди. Санация – йирик банклардан бирортаси тўловга қобилиятсиз ҳолатга тушиб қолса, муаммони минимал зарар билан ҳал қилиш, бунда давлат маблағларини ишлатмасликни кўзда тутади.

Ўзбекистон Марказий банки “Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди. Муҳокама 31 октябрь куни якунланди.

Банкларни санация қилиш тартиби – Ўзбекистон банк-молия тизими учун янги тартиб. Лойиҳада санация қилувчи орган ва санация билан боғлиқ харажатларни қоплаш манбалари, санация қилинадиган банкка ликвидлиликни тақдим этиш шартлари ойдинлаштирилган. Санация қилиш асослари аниқлаштирилиб, воситалар кўрсатиб ўтилган. У Жаҳон банки экспертлари билан бирга ишлаб чиқилган.

Марказий банк департмент директори ўринбосари Алауддин Арифханов бу борада Kun.uz мухбирининг саволларига жавоб берди.

– Банкларни санация қилиш деганда нима тушунилади?

– Оддий тилда тушунтирсам, банкларни санация қилиш деганда тизимда аҳамиятга молик банк тўловга қобилиятсиз бўлиб қолса (яъни инқироз ёқасига келса), Марказий банкнинг ўша банкни тиклашга қаратилган ҳаракати тушунилади. Яъни аввалига банкни қайта тиклаш учун бир қатор инструментлар қўлланилади, аммо банкни тиклашнинг иложи бўлмаса, мамлакат молиявий барқарорлигига таъсир кўрсатмаган ҳолда минимал зарар билан тугатиб юборилади.

Алауддин Арифханов

– Нима учун банкларни санация қилиш керак?

– Масалан, сиз учувчисиз, фавқулодда ҳолатларда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида сизда йўриқнома бор ва шунга қараб муайян инқирозли вазиятларда қарор қабул қиласиз. Банкларни санация қилиш тартибини ҳам шундай тушунсак бўлади. Бу қандайдир инқироз яқинлашиб келаётганини англатмайди, балки бу ҳар қандай инқирозли вазиятлар учун йўриқномага эга бўлиш зарурияти эканини тушунишимиз керак.

Банклар ҳозир нормал ва соғлом ҳолатда бўлса-да, инқирозли вазиятларда ҳозир ишлаб чиқилган тартиб (буни режа деб атасак ҳам бўлади) бўйича кетилади.

Жорий йилдаги Швецариянинг энг йирик банкларидан бири Credit Suisse инқирозини эсланг. Ҳукумат банкнинг инқирози бутун молия тизимига тарқалишининг олдини олиш учун вазиятга аралашди ва банк Швейцариянинг яна бир йирик банки UBS'га 3 миллиард франкка сотилди. Худди шу жараённи биз санация деб баҳолаймиз ва бу тартиб бизда ҳам ишлай бошлайди.

Ҳозирги ҳолатда қандай? Ҳозирда бирор хусусий банк инқирозга учрагудек бўлса, тугатиб юборилади. Инқироз давлат банкларида рўй берса, давлат томонидан капитализация қилинади, яъни давлат банкни тиклаш учун яна пул киритади. Санациянинг асосий мақсади – солиқ тўловчиларнинг пулини тежаш, банкларни қайта тиклаш учун давлат бюджетига бўлган босимни минималлаштириш.

– Қандай банклар санация қилинади?

– Муайян банкни санация қилишда 2 та асосий жиҳат бор: аввало, банк тўловга қобилиятсизми ёки йўқ, яъни бу банк ўзини ўзи эплай оладими ёки йўқ, шу аниқланади. Иккинчи жиҳат эса, унинг мамлакат банк тизими учун аҳамиятга моликми ёки йўқлигига оид. Агар банк тизимда аҳамиятга молик бўлмаса, тугатиб юборилади. Аҳамиятга молик бўлса, дейлик, депозит хизматлари ёки бошқа жиҳатларига кўрада унинг аҳамияти юқори бўлса, санация (қайта тиклаш) қилинади. Агар қайта тиклашнинг иложи бўлмаса, тугатилади. Кичик, тизимга таъсири бўлмаган банклар амалдаги тартибга кўра тугатилади. Оддий тилда айтсак, инқирозга келиб қолган банк тизим барқарорлигига ёмон таъсир қилмаслиги учун санацияга туширилади.

Санация қилувчи ваколатли орган сифатида Марказий банк белгиланяпти. Манфаатлар тўқнашуви юзага келмаслиги учун регулятор назорат ва санация функцияларсини алоҳида юритиши керак бўлади. Санацияга келиб қолган банкни назорат функцияси четда қолмаслиги керак.

– Санация воситалари қайсилар?

– Санация қилиш воситалари қуйидагиларни ўз ичига олади.

Биринчиси, активлар ва мажбуриятларни ўтказиш. Бунда активларни сотиш ёки бошқа банкка ўтказиш тушунилади.

Иккинчиси эса, оралиқ (барқарорлаштирувчи) банкни ташкил қилиш. Бунда соғлом активлар оралиқ банкка ўтказилади, муаммоли активлар тугатишга жўнатилади. Кейинчалик соғлом активлар сотиб юборилади. Оралиқ банкни ташкил қилиш ваколати ҳам Марказий банкка тегишли бўлади.

Учинчиси, ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш. Бунда мажбуриятлар капиталга айлантирилади. Банкнинг зарари банк акциядорларга тегишли акциялар ҳисобидан қопланиб, банк мажбуриятининг бир қисми эса акцияларга конвертация қилинади.

Марказий банк санация қилиш воситаларини биргаликда ёки алоҳида қўллаши мумкин.

Яна бир жиҳат, қонунга банкларни тугатиш қисмини ҳам қўшдик. Марказий банк санацияни амалга оширса, санациядан қолган қисмини тугатиши керак. Бу ҳолатда мажбурий тугатиш тартиби ҳам бу қонундан жой олиши мантиқан тўғри. Шу билан бирга, унда банкларни ихтиёрий тугатиш қисми ҳам бор.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид