Ўзбекистон Марказий банки “Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди. Муҳокама 31 октябрь куни якунланди.

Банкларни санация қилиш тартиби – Ўзбекистон банк-молия тизими учун янги тартиб. Лойиҳада санация қилувчи орган ва санация билан боғлиқ харажатларни қоплаш манбалари, санация қилинадиган банкка ликвидлиликни тақдим этиш шартлари ойдинлаштирилган. Санация қилиш асослари аниқлаштирилиб, воситалар кўрсатиб ўтилган. У Жаҳон банки экспертлари билан бирга ишлаб чиқилган.

Марказий банк департмент директори ўринбосари Алауддин Арифханов бу борада Kun.uz мухбирининг саволларига жавоб берди.

– Банкларни санация қилиш деганда нима тушунилади?

– Оддий тилда тушунтирсам, банкларни санация қилиш деганда тизимда аҳамиятга молик банк тўловга қобилиятсиз бўлиб қолса (яъни инқироз ёқасига келса), Марказий банкнинг ўша банкни тиклашга қаратилган ҳаракати тушунилади. Яъни аввалига банкни қайта тиклаш учун бир қатор инструментлар қўлланилади, аммо банкни тиклашнинг иложи бўлмаса, мамлакат молиявий барқарорлигига таъсир кўрсатмаган ҳолда минимал зарар билан тугатиб юборилади.

Алауддин Арифханов

– Нима учун банкларни санация қилиш керак?

– Масалан, сиз учувчисиз, фавқулодда ҳолатларда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида сизда йўриқнома бор ва шунга қараб муайян инқирозли вазиятларда қарор қабул қиласиз. Банкларни санация қилиш тартибини ҳам шундай тушунсак бўлади. Бу қандайдир инқироз яқинлашиб келаётганини англатмайди, балки бу ҳар қандай инқирозли вазиятлар учун йўриқномага эга бўлиш зарурияти эканини тушунишимиз керак.

Банклар ҳозир нормал ва соғлом ҳолатда бўлса-да, инқирозли вазиятларда ҳозир ишлаб чиқилган тартиб (буни режа деб атасак ҳам бўлади) бўйича кетилади.

Жорий йилдаги Швецариянинг энг йирик банкларидан бири Credit Suisse инқирозини эсланг. Ҳукумат банкнинг инқирози бутун молия тизимига тарқалишининг олдини олиш учун вазиятга аралашди ва банк Швейцариянинг яна бир йирик банки UBS'га 3 миллиард франкка сотилди