Хоразмлик амалдорлар иши. Адолат қарор топдими? – ҳуқуқ фаоллари билан суҳбат
Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида сиёсийсини инобатга олмаганда, энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири бу – “Хоразмлик амалдорлар иши” бўлди.
Kun.uz мухбири ушбу иш ва унда чиқарилган ҳукм ҳақида ҳуқуқшунос ва инсон ҳуқуқлари фаоллари билан суҳбат ташкил қилди.
Суҳбат меҳмонлари Адвокат Раззоқ Алтиев, Швециядаги Марказий Осиё инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Гулноз Мамарасулова ва Инсон ҳуқуқлари Эзгулик ташкилоти раиси Абдураҳмон Ташанов бўлди.

— 3 ноябр куни Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан хоразмлик амалдорлар ишида чиқарилган ҳукм/ажрим сизда қандай кайфият, фикр пайдо қилди? Сизнингча, ишнинг шу нуқтасига етганда адолат қарор топдими?
Раззоқ Алтиев:
— Қонунчилик нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, суд ҳукми қонуний эди. Адолат масаласи эса анча муҳокамали. Суд имкони мавжуд бўлган барча институтларни қўллади.
Абдураҳмон Ташанов:
— Суд ҳукми қонунийдир, лекин ижтимоий адолатга хизмат қилмаслиги мумкин. Шу нуқтаи назардан ижтимоий адолат таъминланди деб ўйламайман. Ҳуқуқий меъёрларга тўғри келса ҳам, мен адолатли деб билмайман бу жазони.
Гулноз Мамарасулова:
— Суд матаериаллари билан тўлиқ танишиб чиқмаганмиз. Шунинг учун қонунийлик масаласига ҳуқуқшунослар баҳо беради. Лекин адолат, инсон ҳуқуқлари, халқ ғазаби нуқтаи назаридан келиб чиқадиган бўлсак, бу ҳукм адолатли эмас деб ҳисоблайман.
— Юқорида бежиз иш бўйича сизнинг шахсий фикрларингизни сўрамадим. Ҳукм эълон қилинаркан, тармоқларда унга нисбатан билдирилган кўплаб изоҳларни ўқиб чиқдим ва уларнинг жуда катта қисмида норозиликни кўриш мумкин. Норозиликки, одамлар оддий инсонларга келганда ишлаган қонун, жазо, амалдорларга келганда ишламайди, демоқда.
Энди олий суд ҳам айтяптики, бизда бундан қаттиқ жазо беришга имкон йўқ эди, чунки модда 128, 118 эмас. 128 да эса 3 йилдан ортиқ жазо йўқ. Бу ерда ҳамма гап ишни малакалаш масаласида бўлган.
Масалан, Тошкент шаҳар суди аввалроқ ишни Хоразм вилоят прокуратурасига қайта тергов учун юбораркан, ишда 118-модда аломати бор, деганди. Ишнинг 128-модда билан малакаланганига фикрингиз қандай?
Раззоқ Алтиев:
— Қонунчилигимизда жинсий эркинликка қарши жиноятлар тоифалари бир-биридан ажратиб кўрсатилади. Номусга тегиш ва вояга етмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш алоҳида жиноят таркибини ташкил этади ва оғирлик даражаси бир-биридан кескин фарқ қилади. Умуман, жиноятлар криминалогик ва ҳуқуқий жиноятларга ажратилади. Шундай тоифа жиноятлар борки, улар барча давр ва замонда жиноят ҳисобланади: номусга тегиш, одам ўлдириш, ўғирлик, босқинчилик... Айрим жиноятларни эса баъзи жамиятлар жиноят деб билади, баъзилари эса йўқ. Айнан жинсий жиноятлар ҳар қандай даврда ва жойда жиноят ҳисобланади.
Жинсий эркинлик ва жинсий дахлсизлик хуқуқини фарқлаб олишимиз керак. Қонун бўйича 16 ёшдан жинсий эркинлик берилади шахсга. Бу дегани шахс жинсий ҳаётини ўз хоҳиши билан амалга ошириши мумкин. 16 ёшгача бўлганлар эса жинсий дахлсиз ҳисобланади, ўзи хоҳласа ҳам унга жинсий яқинлашиб бўлмайди.
118-модда аломатлари бўлиши учун зўрлик ишлатиш, ожизлигидан фойдаланиш ҳолатлари бўлиши керак.
: — Иш оммага ошкор бўлган пайтда жабрланувчи қизлар мажбур бўлгани, укасини ургани, қамаб қўйгани, овқат бермагани ҳақида гапирган. Булар зўрлик ишлатиш-ку, бунга нима дейсиз?
Раззоқ Алтиев:
— Бизда аниқ маълумотлар йўқ. Лекин сиз айтаётган ҳолатлар бўлган бўлса, сўзсиз зўрлик аломати ҳисобланади. Руҳий ва жисмоний зўрлик бундай ҳолат.
Судда иш юритишнинг маълум бир босқичлари бор. Суд тергови босқичида суд тергов-суриштирув ўтказиш ваколатига эга бўлади. Қайта кўриб чиқиш ҳолатида айблов терговга қайта юборилади, суд аралашмайди. Бу ҳолатда ҳам суд ўзида бор ваколатдан тўлиқ фойдаланган.
Абдураҳмон Ташанов:
— Бугунги кундаги бизнинг ЖКнинг 128-моддаси 2-3-қисмлари бошқачароқ ишлайди, яъни ўзгариш бўлди. Айни «Хоразм иши» катта туртки бўлди бу ўзгаришларга. Қонунлар жамиятнинг ҳиссиётларини, талабларини қондира оладиган даражада бўлиши керак. Бунинг учун Парламентда муҳокамалар бўлиши керак, депутатлар ишлаши керак.
Хоразм иши бошидан нотўғри олиб борилган эди, ҳозир ҳам шундай бўлди. Иш Олий суд томонидан Тошкент шаҳар судига ўтказилди, бу — яхши. Лекин нимага тергов ишлари олдин ҳам тергов қилган Хоразмдаги органларга ўтказилди? Бу ерда холислик принципи бузилди. Бу ерда манфаатлар тўқнашувига ўхшаш нарсаям бор. Ҳудудий дахлсизлик нуқтаи назаридан Бухоро ё Қорақалпоғистон тергов органларига берса бўларди, масалан. Айнан Хоразмнинг ўзига қайтарди. Хоразм прокурори билан Адлия бўлими бошлиғи бирга чойга борган, бир дастурхондан нон еган. Юз юзга, кўз кўзига тушган одамлар улар. Адолатсизлик деб ҳисоблаётган нарсаларимдан бири шу.
Судниям жуда бир ноилож кўрсатиш керакмас. Ваколат доирасида қўлдан келганини қилдик, деган важлар қилди. Прокуратура, тергов органларига боғланиб қоляпти экан, чиқсин талаб қилиб. Бутун дунёда жиноятни жазолашнинг, аниқлашнинг асосий негизи судлар, нега энди бизнинг судлар терговга боғланиб қолиши керак? Бу ишнинг ижтимоий аҳамияти жуда юқори. Одамлар бекорга жазавага тушиб норози бўлаётгани йўқ. Суд тергови ўтказилсин эди.
Раззоқ Алтиев:
— ЖКнинг 13-моддасида шундай дейилган: «Қилмишнинг жиноийлиги ва жазога сазоворлиги ана шу қилмиш содир этилган вақтда амалда бўлган қонун билан белгиланади». Қонун ортга қайтмайди. 128-моддада жазолар оғирлаштирилди, лекин ушбу моддаларни бу ишда қўллаб бўлмайди.
Вояга етмаганлар билан боғлиқ жиноятларда жазо қатъий бўлиши керак. Муаммо фақат моддаларни такомиллаштириш ёки оғирлаштириш билан ечилмайди. Тўғри, суд қонуний меъёрдан четга чиқолмайди. Лекин бир нарса ҳам бор. Хоразм воқеасида давлат амалдори бўлгани учун норозилик кўп бўлди ва шунинг ортидан қонунчиликка ўзгартириш киритилди. Аммо бу оғирлаштирилган жазога оддий фуқаролар енгилроқ ҳолат учун ҳам тушиб қоляпти. Масалан, ўлим ҳолатига олиб келган жиноятлар билан боғлиқ 70 та ҳолат кўрсатилган ЖКда, лекин фақатгина биттасида умрбод қамоқ жазоси бор. Яъни ижтимоий адолат масаласи бор. Муаммо суд ёки жазони оғирлаштириш орқали ҳал бўлмайди. Тизимни ўрганиш керак.
Гулноз Мамарасулова:
— Норозилик келтириб чиқараётган сабаблардан бири жиноят қонун устуворлигини таъминлаши керак бўлган шахслар томонидан содир этилгани. Халқда тизимга нисбатан ишончсизлик уйғотиши мумкин.
Суд ҳукми адолатсиз бўлди деган фикр нима учун бўляпти? Жабрланувчи қизларнинг укаларига, ўзига таҳдид қилиб босим ўтказилган, қўрқитилган, дейиляпти. Бу ҳам алоҳида жиноят. Кейин, қаровчи аёлга оғирроқ жазо берилиб, бу иккаласи енгилроқ бўлгани масаласи ҳам кўтариляпти. Умуман, мана шундай сабаблар норозиликка, тизимга ишончсизликка сабаб бўляпти. Эндигина вояга етаётган қизларнинг ҳаётини барбод қиляпти, лекин бундай жуда енгил жазо бериляпти. Адолатли жазо бўлди деб ҳисобламайман.
Абдураҳмон Ташанов:
— Қонунчилик доирасида иш бўлди дегани адолатли дегани эмас. Принципиал қарши эмасман. Дейлик, бир кўчага йўл чизиғи нотўғри чизилган бўлса, эртага жабри кўрилади. Қонунчиликда ҳам худди шундай. Шу пайтгача шу турдаги жиноятлар учун жазо кучайтирилмагани учун мана жабрини кўрдик, ижтимоий нотенгликка ҳам олиб келди. Аслан қонунларимиз нотўғри эди, тан олиш керак. Бирорта ҳуқуқ органи мутасаддиси чиқиб шу пайтгача қонунлар нотўғри эди, энди тўғриланди, деб тан олмади, шунда одамларнинг ғазаби бироз босиларди. Одамлар — фуқаролар савол беришга доим ҳақли. Жамоатчиликни ноҳақ деб бўлмайди шунинг учун.
Суҳбатни Илёс Сафаров олиб борди.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.
Тавсия этамиз
Швейцариядаги қишлоққа кўчиб келган сайёҳларга 24 минг доллардан пул тўланади
Жаҳон | 01:36 / 09.06.2025
Тошкентда илк BRT тизими: у қандай кўринишда бўлади?
Ўзбекистон | 20:17 / 07.06.2025
Бир нечта ташкилотлар Enter Engineering компаниясини судга берди
Ўзбекистон | 17:39 / 07.06.2025
Хатолар улғайтирган жамоа. Ўзбекистоннинг мундиал сари узоқ йўли ҳақида
Спорт | 15:27 / 07.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Байрам байрамдай бўлди. Ўзбекистоннинг тарихий ўйинидан Kun.uz фоторепортажи
Спорт | 00:13
-
Ислом Тўхтахўжаев ўзига берилган BYDʼни жамоадоши Бобур Абдухолиқовга совға қилди
Спорт | 23:49 / 10.06.2025
-
300 минг доллар васвасаси ёхуд қотиллик билан тугаган шериклик - суддан репортаж
Жамият | 23:40 / 10.06.2025
-
10 июн янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Ўзбекистон | 23:33 / 10.06.2025
Мавзуга оид

12:45 / 09.06.2025
Хоразмда Россиядан депортация бўлганларга сохта паспорт тайёрлаб бериш билан шуғулланган гуруҳ аниқланди

10:40 / 07.06.2025
Хоразм ва Жиззахда сифатсиз бензинни сотувга чиқарган заправкалар аниқланди

16:24 / 28.05.2025
Академик Азимбой Саъдуллаев 78 ёшида вафот этди

19:26 / 26.05.2025