Жаҳон | 14:24 / 10.11.2023
4119
2 дақиқада ўқилади

ИҲЕС Россиядаги ҳибсга олишлар бўйича компенсация ҳақида қарор чиқарди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россияда тинч йиғилишлар ўтказиш ҳуқуқи бузилган россияликларга 4 минг евродан 6 минг еврогача товон пули тайинлади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) «Мемориал» инсон ҳуқуқлари маркази ва «ОВД-Инфо» ташкилоти томонидан берилган, тинч йиғилишлар ўтказиш ҳуқуқлари бузилгани учун Россия фуқароларининг 28 та шикояти бўйича товон пули тўлаш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда 9 ноябр, пайшанба куни ИҲЕС сайтида маълум қилинди.

Шикоятлар 2017 йилдан 2021 йилгача Россияда ўтказилган турли норозилик намойишлари ва митингларда қўлга олинганлар билан боғлиқ: журналист Иван Сафронов, сиёсатчи Павел Грудинин, Хабаровск ўлкаси собиқ губернатори Сергей Фургал, сиёсатчи Алексей Навалнийни қўллаб-қувватлаш акциялари, шунингдек, бошқа митинглар.

Баъзи қўлга олинганлар минг рублдан йигирма минг рублгача жаримага тортилди, бошқалари эса уч кундан ўн беш кунгача маъмурий ҳибсга олинди. ИҲЕС ҳибсга олинганларга нисбатан Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенция моддалари бузилган деб қарор қилди ва ушланганларга 4 минг евродан 6 минг еврогача миқдорда товон пули тўлаш лозимлигини билдирди.

Россия ИҲЕС қарорларига амал қилмаяпти

2022 йил июн ойида Россия президенти Владимир Путин Россия ҳукуматига 2022 йил 15 мартдан кейин қабул қилинган ИҲЕС қарорларини бажармасликка рухсат берувчи қонунни имзолади. Шу куни Россия Украинага кириши сабабли Европа кенгашидан чиқарилди.

Шу билан бирга, ИҲЕС Россия ҳукумати томонидан 2022 йил 14 сентябргача содир бўлган ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги шикоятларни кўриб чиқишни давом эттирди, дея қайд этади «ОВД-Инфо» юристлари. «Юристлар Европа кенгаши билан алоқани давом эттириш учун ҳали ҳам ИҲЕСга мурожаат қилмоқда, Россия қачонлардир унга қайтишни исташи мумкин. Бу, шунингдек, қонунбузарликларни қайд этиш ва Европа давлатларини Россиядаги инсон ҳуқуқлари бузилиши миқёси ҳақида хабардор қилиш имконини беради», - дейди ҳуқуқ фаоллари.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид