21:50 / 10.11.2023
33995

Тошкентда маст ҳолда ҳалокатли ЙТҲ содир қилган амалдор 4,5 йилга қамалди

Ҳайдовчи пиёда аёлни уриб юборган, у шифохонада вафот этган эди. 

12 октябр куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри, Янгиҳаёт тумани суди пиёдани уриб юбориб, унинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчига нисбатан ҳукм чиқарди. 

Иш материалларига кўра, судланувчи Ш.П. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Мактабгача таълим агентлигининг Молия, иқтисодиёт ва давлат-хусусий шериклик бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган. У 18 июл куни ҳибсга олинган. 

Бахтсиз ҳодиса 4 июн куни содир бўлган. Ҳайдовчи маст ҳолатда Nexia русумли автомашинасини Янгиҳаёт тумани, Давлатобод кўчаси бўйлаб «50−60 км/соат тезликда» ҳайдаб кетаётиб, йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган. Аёл шифохонага етказилган, бироқ жонлантириш бўлимида вафот этган. 

Эркак ўз айбига қисман иқрор бўлган, бироқ аварияда пиёданинг ўзи ҳам айбдор эканини айтган. У етказилган зарарни қоплаш учун марҳумнинг қариндошларига 100 млн сўм бермоқчи бўлган. Шунингдек, вояга етмаган фарзандлари борлигини, бундан ташқари, ойига 10 млн сўм тўланадиган ипотека кредити борлигини инобатга олиб, жазони енгиллаштиришни сўраган. 

Суд мажлисида марҳумнинг қизи сўзга чиқиб, онасидан бошқа яқин қариндоши йўқлигини, агар судланувчи ҳақиқатан ҳам 50−60 км/соат тезликда ҳаракатланса, онаси бунчалик оғир тан жароҳати олмаган бўлишини айтган. У 100 млн сўмни олишдан бош тортиб, судланувчини қонун доирасида жазолашни сўраган. 

Айбланувчи Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми «а» банди (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш оқибатида одам ўлимига сабаб бўлиш) билан айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан 4 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Top