Жаҳон | 14:54 / 11.11.2023
4748
3 дақиқада ўқилади

Эрдўған Германияга бориб, Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилади

Олаф Шолц ва Ражаб Тоййиб Эрдўған бошқа масалалар қатори Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилиш ниятида, дея хабар беради Берлин. Исроил-Фаластин можароси борасида иккала томон турлича фикрда.

Фото: Michael Kappeler/dpa/picture alliance

Германия канцлери Олаф Шолц 17 ноябр куни Берлинда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни қабул қилади. Томонлар Яқин Шарқдаги вазиятни ҳам кўриб чиқади, деди Германия ҳукумати расмий вакили вазифасини бажарувчи Кристиане Хоффман 10 ноябр, жума куни.

«Маълумки, федерал ҳукумат ва Туркия президентининг ҲАМАСга муносабати турлича», аммо фикр алмашуви жуда муҳим, деб таъкидлади расмий Берлин. 

Бундан ташқари, Туркия давлат раҳбари Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер билан учрашади. 

Немисларнинг ярми - Туркия президенти ташрифига қарши 

Айни пайтда, Германия аҳолисининг деярли ярми Эрдўғаннинг мамлакатга ташрифига қарши. YouGov жамоатчилик фикрини ўрганиш институти томонидан ўтказилган сўровда респондентларнинг 45 фоизи Эрдўғанга таклифни бекор қилиш тарафдори бўлган. Шу билан бирга, сўровда қатнашганларнинг ҳар учдан бири (32 фоиз) Германия канцлери Туркия раҳбарини қабул қилиши керак, деб ҳисоблайди. 

10 ноябр куни Туркия президенти Исроилни экспансияга интилаётганликда айблади. Эрдўған Анқарада Туркия Республикаси асосчиси Мустафо Камол Отатурк вафотининг 85 йиллигига бағишланган тадбирда Исроил «эндигина 75 йил бўлган ва қонунийлиги ўз фашизми туфайли шубҳали бўлиб қолган давлатни қуришга ҳаракат қилмоқда», дея маълум қилди. Бундан ташқари, Исроил «Фаластин халқи минглаб йиллар давомида яшаб келаётган ерни эгаллаб олиш учун куч ишлатган», деб ҳисоблайди Туркиянинг амалдаги раҳбари. Эрдўған аввалроқ ҲАМАСни «озодлик гуруҳи» деб атаган эди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. 

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 10 800 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид