13:16 / 11.11.2023
5457

Литва Киевга навбатдаги ҳарбий ёрдам партиясини жўнатди

Литва Мудофаа вазирлиги раҳбари Арвидас Анушаускас Киевга ташриф буюриб, NASAMS ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва бошқа жиҳозлар Украинага топширилишини маълум қилди.

Фото: Darius Mataitis/Scanpix/IMAGO

Литва Россиядан ҳимояланиш учун Украинага ҳарбий ёрдамнинг навбатдаги партиясини жўнатди. Бу ҳақда Болтиқбўйи давлати Мудофаа вазирлиги 10 ноябр, жума куни хабар берди.

Хусусан, NASAMS ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учун ишга тушириш мосламалари, шунингдек, улар билан ишлаш учун зарур бўлган замонавий транспорт воситалари Украинага ўтказилди, дейилади Литва Мудофаа вазирлиги сайтидаги пресс-релизда. 

Литванинг Украинага ҳарбий ёрдами

Литва мудофаа вазири Арвидас Анушаускас таъкидлаганидек, Вилнюс томонидан сотиб олинган NASAMS ҳаво мудофаа тизимлари Норвегия ва Қўшма Штатлар томонидан тақдим этилган шунга ўхшаш тизимлардан фойдаланиш имкониятларини «тўлдиради ва кенгайтиради». «Бизнинг ёрдамимиз Украина мудофаасида муҳим омил бўлиб қолмоқда. Биз Украинанинг эҳтиёжларини эшитяпмиз ва иттифоқчиларимизни ҳам уларни эшитишга чақирамиз», - дея таъкидлади Литва вазири. 

Қайд этилишича, Литва Мудофаа вазирлиги юрисдикцияси остидаги Мудофаа ресурслари агентлиги июн ойида Норвегиянинг Kongsberg компанияси билан Украина учун NASAMS тизимларини сотиб олиш бўйича келишув тузган. Украина Қуролли кучларига топширилишидан олдин ҳам украиналик ҳарбийлар Норвегияда ушбу ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан ишлаш бўйича ўқув курсларини, шунингдек, ҳайдовчилар ва механиклар курсларини ўташ имкониятига эга бўлди. 

Литванинг Украинага ҳарбий ёрдами умумий ҳажми ярим миллиард еврони ташкил этади, дея хабар беради Литва Мудофаа вазирлиги сайти. Яқин келажакда Киевни гранатомётлар учун ўқ-дорилар, логистика учун транспорт воситалари, шунингдек, қишда зарур бўлган «ҳар хил мудофаа буюмлари» билан таъминлаш режалаштирилган. 

Литва мудофаа вазирининг Киевга ташрифи 

10 ноябр куни Анушаускас Киевга ташриф буюриб, у ерда мамлакат президенти Володимир Зеленский ва мудофаа вазири Рустем Умеров билан учрашди. Шу билан бирга, «ҳал қилувчи рол ўйнайдиган Украинани қўллаб-қувватлаш масаласи муҳокама қилинди», деди Литва вазири X ижтимоий тармоғида. 

Ўз навбатида, Зеленский «Литва халқининг Украина ва украиналикларни ҳарбий, сиёсий қўллаб-қувватлашини» қадрлашини ёзди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top