Ўзбекистон | 14:25 / 11.11.2023
7509
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг ЕИ билан муносабатларида Италия қандай ўринга эга?

1996 йил Флоренцияда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида шериклик ва ҳамкорлик битими имзоланганида, Италия воситачи ролини бажарган. Бу давлат доим, хусусан Европа билан муносабатлар турғунлашиб қолган пайтларда ҳам ўзининг консерватив қарашлари билан Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаган, дейди сиёсий таҳлилчи Шерзод Зияев.

9-11 ноябр кунлари Италия президенти Сержо Маттарелла Ўзбекистонда бўлиб турибди. Сиёсий таҳлилчи Шерзод Зияев икки давлат муносабатларининг бугунги ҳолати ҳақида маълумот берди.

Сўнгги вақтларда Европа давлатлари ва МО давлатлари ўртасида ташрифлар кўпайиб қолди. Олдин Франция президенти келди, энди Италия президенти. Умуман, Италия ва Ўзбекистон муносабатларининг тарихи, ҳозирги кундаги ривожланиш ва муносабатлар тенденциясига тўхталиб ўтсак.

— Ўзбекистон ва Италия муносабатлари икки томонлама ва турли доираларда амалга оширилмоқда. Бу муносабатлар анча сермазмун характерга эга. Ҳатто стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Бунгача ҳам бир қанча йўналишларда ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўзбекистон Италиянинг Марказий Осиёдаги энг ишончли шериги деб қаралади. Шунингдек, Италия ҳам Ўзбекистон учун Европадаги ишончли шериклардан бири. Бизнинг ЕИ билан муносабатларимизда Италия муҳим рол ўйнаган. 1996 йилда Флоренцияда ЕИ билан шериклик ва ҳамкорлик битими имзоланган, Италия бунга ижобий қараган. Ғарбий Европа давлатлари ичида кўпроқ Италиядан Ўзбекистонга расмий ташрифлар кўп бўлган.

Бу икки давлат муносабатлари икки ва кўп томонлама характерга эга эканини унутмаслик керак. Яқин Шарқдаги вазиятлар, бошқа савдо-иқтисодий масалалар ЕИдаги Германия, Франция, Италия каби давлатларнинг мустақил қарор қабул қилишини тақозо этмоқда. Италия ҳам Украина уруши сабабли яхшигина зарар кўряпти бошқалар қатори. Шунинг учун Ўзбекистонга янада кўпроқ интилиш бор.

Ўзбекистон ва Италия муносабатлари манфаатлари ўзагида нима ётади?

— Биринчи навбатда сиёсий мулоқот. Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги икки томонлама алоқаларда аниқ ҳамкорлик йўналишлари мавжуд. Оғир саноат, металлургия, тўқимачилик, экспортни қўллаб-қувватлаш, инвестициялар, технологик ҳамкорлик кабилар. Маданий меросларни сақлаш бўйича ҳам алоҳида келишувлар мавжуд. Туризм, олий таълим соҳаларида ҳамкорлик бор. Умуман, буларнинг кўлами ортиб боряпти ва узоқ муддатли манфаатларга эга.

Ўзбекистоннинг ЕИ билан алоқаларида Италия алоҳида воситачи ролини бажарган, шу жумладан, юқорида айтилган шериклик ва ҳамкорлик битимида. Ўзбекистон ташқи сиёсатида ЕИ давлатлари билан алоқалар бир қадар турғунлашиб қолган эди. Шундай бир ҳолатда Италия муҳим воситачиликни бажарган. Италия доим ўзининг консерватив қарашлари билан бизни қўллаб-қувватлаган.

Ўзбекистон ва Италия ўртасида ҳукуматлараро турли йўналишлар бўйича ҳамкорлик қўмиталари бор. Чунки юқорида айтганимдек, бу икки давлат бир-бирига ишончли ҳамкор сифатида қарайди. ЕИ давлатлари билан ўзаро савдо айланмасини яхшилаш масаласи ҳам бор, бунда Италия муҳим ўрин эгаллайди.

Президентимизнинг июн ойидаги Италияга ташрифида стратегик шериклик шартномаси ва турли доиралардаги 11 та шартномалар имзоланган. Дейлик, экспортни ривожлантириш, оғир саноат, туризм, олий таълим каби соҳалар. Булар ичида 2026 йилгача мўлжалланган узоқ муддатли шартномалар ҳам бор. Турли йўналишлар бўйича ишчи гуруҳлар доимий фаолият олиб боряпти ва уларнинг ишлари фойда беряпти деб ўйлайман.

Таълим соҳасида ҳам Италия бизнинг биринчи ҳамкорлардан бири ҳисобланади. Шу тўғрисида ҳам тўхталсангиз.

— Италия энг замонавий университетларга эга мамлакат ҳисобланади. Илм-фан, технологиялар яхши ривожланган. Ўзбекистондаги энг биринчи хорижий ОТМдан бири Турин политехника университети ҳисобланади. Таълим дастурлари бўйича талабалар алмашинуви йўлга қўйилган, олий таълимда ва мактабларда италян тили ўқитилади. Маданиятлараро мулоқот ўрнатилган, Ўзбекистон ва Италия дўстлик жамияти, Парламентлараро ҳамкорлик қўмитаси бор. Бошқа қатор соҳаларда ҳам икки ва кўп томонлама алоқалар ривожланиб боради.

Умуман, бу икки давлат муносабатлари истиқболи ҳақида гапирганда, Яқин Шарқ, Осиё, Шарқий Европадаги вазиятларни инобатга олиш керак бўлади. Украина урушидан ЕИ давлатлари зарар кўряпти, бошқа можаролар бор. Бу вазият халқаро майдонда янги ҳамкорларни кашф этишни талаб қиляпти. Ўзбекистон ва шу каби давлатлар бу ҳолатда яхши муносабатларни ривожлантиряпти. Иқтисодиётда яшил энергетикани ривожлантириш, саноатнинг ҳиссасини ошириш каби йўналишларда Ўзбекистон Италия билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид