1996 йил Флоренцияда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида шериклик ва ҳамкорлик битими имзоланганида, Италия воситачи ролини бажарган. Бу давлат доим, хусусан Европа билан муносабатлар турғунлашиб қолган пайтларда ҳам ўзининг консерватив қарашлари билан Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаган, дейди сиёсий таҳлилчи Шерзод Зияев.

9-11 ноябр кунлари Италия президенти Сержо Маттарелла Ўзбекистонда бўлиб турибди. Сиёсий таҳлилчи Шерзод Зияев икки давлат муносабатларининг бугунги ҳолати ҳақида маълумот берди.

— Сўнгги вақтларда Европа давлатлари ва МО давлатлари ўртасида ташрифлар кўпайиб қолди. Олдин Франция президенти келди, энди Италия президенти. Умуман, Италия ва Ўзбекистон муносабатларининг тарихи, ҳозирги кундаги ривожланиш ва муносабатлар тенденциясига тўхталиб ўтсак.

— Ўзбекистон ва Италия муносабатлари икки томонлама ва турли доираларда амалга оширилмоқда. Бу муносабатлар анча сермазмун характерга эга. Ҳатто стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Бунгача ҳам бир қанча йўналишларда ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўзбекистон Италиянинг Марказий Осиёдаги энг ишончли шериги деб қаралади. Шунингдек, Италия ҳам Ўзбекистон учун Европадаги ишончли шериклардан бири. Бизнинг ЕИ билан муносабатларимизда Италия муҳим рол ўйнаган. 1996 йилда Флоренцияда ЕИ билан шериклик ва ҳамкорлик битими имзоланган, Италия бунга ижобий қараган. Ғарбий Европа давлатлари ичида кўпроқ Италиядан Ўзбекистонга расмий ташрифлар кўп бўлган.

Бу икки давлат муносабатлари икки ва кўп томонлама характерга эга эканини унутмаслик керак. Яқин Шарқдаги вазиятлар, бошқа савдо-иқтисодий масалалар ЕИдаги Германия, Франция, Италия каби давлатларнинг мустақил қарор қабул қилишини тақозо этмоқда. Италия ҳам Украина уруши сабабли яхшигина зарар кўряпти бошқалар қатори. Шунинг учун Ўзбекистонга янада кўпроқ интилиш бор.

— Ўзбекистон ва Италия муносабатлари манфаатлари ўзагида нима ётади?

— Биринчи навбатда сиёсий мулоқот. Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги икки томонлама алоқаларда аниқ ҳамкорлик йўналишлари мавжуд. Оғир саноат, металлургия, тўқимачилик, экспортни қўллаб-қувватлаш, инвестициялар, технологик ҳамкорлик кабилар. Маданий меросларни сақлаш бўйича ҳам алоҳида келишувлар мавжуд. Туризм, олий таълим соҳаларида ҳамкорлик бор. Умуман, буларнинг кўлами ортиб боряпти ва узоқ муддатли манфаатларга эга.