09:57 / 11.11.2023
7789

Украина «ГУР»: Қримда Россия десант кемаларига зарба берилди

Аннексия қилинган Қрим ҳудудида тунги операция натижасида Россиянинг десант катерларига зарба берилди, дея хабар беради Украина разведкаси. Россия томони бу маълумотга ҳозирча изоҳ тақдим этмади.

Фото: Maxar Technologies/dpa/picture alliance

10 ноябрга ўтар кечаси украиналик ҳарбий хизматчилар аннексия қилинган Қримда Россия Қора денгиз флотининг кичик десант кемаларига зарба берди, деб хабар берди Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси («ГУР»). У ўзининг Telegram-каналида Украина ҳарбий-денгиз кучларининг учувчисиз учоқлари камералари томонидан тасвирга олингани айтилаётган тунги операция видеосини эълон қилди.

«ГУР» маълумотларига кўра, гап 11770 лойиҳасининг қайиқлари («Серна» класси) ҳақида кетмоқда, кемалар экипажга эга бўлган ва зирҳли транспорт воситалари, шу жумладан БТР-82 билан юкланган. Разведка идораси маълумотларига кўра, Россия Змеиний оролини эгаллаб олиш даврида ҳарбий техника ва қўшинларни ташиш учун бундай қайиқлардан фаол фойдаланган. Қайиқлар орол ва Қора денгиздаги рус гуруҳини ҳимоя қилиш учун «Тор-М2» зенит-ракета комплексларини ҳам олиб юрган, дейилади хабарда. 

Айнан қанча қайиққа зарба берилгани айтилмаган. Аввалроқ Украинанинг «Суспiлне» нашри манбаларга таяниб, Қрим ғарбидаги Черноморское қишлоғида содир этилган ҳужум натижасида икки қайиқ йўқ қилингани ҳақида ёзган эди. Бу ҳақда Hromadske нашри ҳам «ГУР»га таяниб хабар берди. Украинпараст «Крымский ветер» Telegram-канали гувоҳларга таяниб, Черноморскоеда Россия ҳарбий казармаси ҳам ўққа тутилганини даъво қилмоқда. 

Россия Мудофаа вазирлиги Қрим узра 2 та дрон тутиб олингани ҳақида маълум қилди 

Аннексия қилинган яриморолнинг Россия томонидан тайинланган «ҳокимиятлари» ва Россия Мудофаа вазирлиги Украина томонининг хабарига ҳозирча изоҳ бермади. Аввалроқ Россия оммавий ахборот воситалари Қрим минтақасида, хусусан, Феодосия шаҳридаги портлашлар ҳақида ёзган эди. 

Россия Мудофаа вазирлиги, ўз навбатида, кеча тунда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Украинанинг иккита учувчисиз учоғини Қрим узра тутиб олгани, яна бири Тула вилоятида уриб туширилганини маълум қилди. Маҳкама ҳодиса юзасидан бошқа тафсилотларни келтирмади. 

Baza Telegram-каналининг хабар беришича, Украина учувчисиз учоқлари Феодосиядаги нефт омборига ҳужум қилишга уринган. Улардан бири базага қулаган, аммо жиддий зарар етказа олмаган. 

 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top