Жаҳон | 09:01 / 14.11.2023
6774
2 дақиқада ўқилади

АҚШда ўтадиган APEC саммитига Россиядан ким бориши маълум бўлди

Ғарб санкциялари остида қолган Россия бош вазири ўринбосари Оверчук Сан-Франциско саммитида «делегация раҳбари сифатида кўрилади», деди Давлат департаменти вакили.

Фото: Reuters

Қўшма Штатлар шу ҳафта Сан-Францискода бўлиб ўтадиган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммитида Россияни тўлақонли иштирокчи сифатида кўради. Бу ҳақда 13 ноябр, душанба куни AFP агентлигига берган интервюсида АҚШ Давлат департаментининг APEC’даги юқори мартабали расмий вакили Мэтт Мюррей маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, саммитда Россиядан вакиллик қиладиган Россия бош вазири ўринбосари Алексей Оверчукка «делегация раҳбари сифатида қаралмоқда ва у 13-19 ноябр кунлари бўлиб ўтадиган тадбирларда тўлиқ иштирок этиш имкониятига эга бўлади». «Биз бутун йил давомида APEC йиғилишига яхши мезбон бўлишни хоҳлаётганимизни айтдик, - дея қўшимча қилди Мюррей. - Аммо буни АҚШ қонунлари ва қоидалари доирасида қиламиз. Россиянинг иштирокига, албатта, санкциялар таъсир кўрсатди». 

Оверчук ғарбнинг, шу жумладан Европа Иттифоқининг турли санкциялари рўйхатига киритилган, бироқ, Россия Федерациясининг аксарият юқори раҳбариятидан фарқли ўлароқ, у АҚШ санкциялари остида эмас, деб таъкидлайди AFP. Мюррейга кўра, Россия бош вазири ўринбосари дипломатик протокол нуқтайи назаридан саммитда делегацияларни бошқарадиган давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан «бир даражада бўлмаслиги аниқ». 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид