Жаҳон | 13:51 / 15.11.2023
6014
2 дақиқада ўқилади

АҚШ собиқ давлат котиби Помпео «Киевстар» бошқарувида иш бошлайди

Майк Помпео Украинанинг «Киевстар» алоқа оператори ижрочи бўлмаган мустақил директорига айланади.

Фото: Brandon Bell / Getty Images

АҚШ собиқ давлат котиби Майк Помпео Украинадаги энг йирик уяли алоқа операторларидан бири - «Киевстар» директорлар кенгаши таркибига киради. Бу ҳақда операторга эгалик қилувчи VEON компанияси 14 ноябр, сешанба куни маълум қилди. 

VEON пресс-релизида айтилишича, Помпео Impact Investments консалтинг ва инвестиция фирмаси ҳамкори сифатида ижрочи бўлмаган мустақил директор сифатида ишлайди, ширкат «АҚШда янги ташкил этилган бўлиб, турли соҳа ва минтақаларда дунёнинг етакчи компаниялари билан узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга интилади, стратегик ва молиявий маслаҳат ҳамда инвестицияларга алоқадор». 

«Киевстар» директорлар кенгашига киритилган ушбу ўзгаришлар VEON’нинг Украинага, шунингдек, мамлакатни тиклаш ва қайта қуришга содиқлигини акс эттиради», дейилади баёнотда. Унда таъкидланишича, VEON Invest in Ukraine NOW! («Украинага ҳозир инвестиция киритинг!») номли акцияни бошлаган ва уч йил давомида мамлакатга 600 миллион АҚШ доллари сармоя киритиш мажбуриятини олган. 

Помпео охирги марта Киевга апрел ойида ташриф буюрган 

Майк Помпео 2018 йилдан 2021 йилгача, Доналд Трамп АҚШ президенти бўлган даврда давлат котиби лавозимида ишлаган. Илгари у Марказий разведка бошқармаси директори эди. 

2020 йилда Помпео амалий ташрифи доирасида АҚШ давлат котиби сифатида Украинага борган. Ташриф чоғида у Украина президенти Володимир Зеленский билан музокаралар ўтказди ва Зеленский мамлакат ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлагани учун унга миннатдорчилик билдирди. Истеъфога чиққанидан сўнг - 2023 йил апрел ойида - Помпео Америка делегацияси бошчилигида яна Киевга келди ва Зеленский билан учрашди. 

Мавзуга оид