Жаҳон | 16:16 / 15.11.2023
10203
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда Россиянинг «Игла» комплекслари ишлаб чиқарилади

Россия ва Ҳиндистон «Игла-С» кўчма зенит-ракета комплексларини етказиб бериш ва лицензияли ишлаб чиқариш бўйича шартнома имзолади, деб маълум қилди «Рособоронэкспорт» раҳбари ТАССга. 

Фото: Ognen Teofilovski / Reuters

Россия Ҳиндистонга «Игла-С» кўчма зенит-ракета комплексларини (КЗРК) етказиб беради, шунингдек, ушбу мамлакатда уларни лицензияли ишлаб чиқаришни ташкил қилади. ТАСС агентлиги 14 ноябр, сешанба куни «Рособоронэкспорт» бош директори Александр Михеевга таяниб, тегишли шартнома тузилгани ҳақида хабар берди. 

Ҳиндистонда ракета комплексларини ишлаб чиқариш 

«Биз тегишли ҳужжатни имзоладик ва ҳозирда ҳинд хусусий компанияси билан биргаликда Ҳиндистонда «Игла-С» КЗРК ишлаб чиқаришни ташкил этмоқдамиз», деди у Dubai Airshow 2023 халқаро аэрокосмик кўргазмасида. Шу билан бирга, иштирокчи ҳинд компаниялари ва эҳтимолий ишлаб чиқариш муддати очиқланмаган.

ТАСС Defense News маълумотларини келтирган, унда келишувнинг қиймати 1,5 миллиард долларгача бўлиши мумкинлиги айтилади. Таъкидланишича, VSHORAD дастури (қисқа масофали ҳаво мудофааси тизимлари) доирасида Ҳиндистон ҳукумати совет иттифоқида ишлаб чиқарилган эскирган «Игла» тизимларини замонавий «Игла-С» КЗРК билан алмаштирмоқда. Режаларга кўра, Ню-Деҳли Россиядан 5175 та ракета ва учириш қурилмаларини сотиб олади, 600 та ракета эса Ҳиндистоннинг Bharat Dynamics Ltd давлат корхонасида ишлаб чиқарилади, дея хабар берди Россия давлат агентлиги. 

Россиянинг «Игла-С» кўчма тизимлари душман самолётларини уриб тушириш учун битта оператор ёки экипаж томонидан фойдаланишга мўлжалланган. 2023 йил бошида Ҳиндистон ва Россия АК-203 Калашников автоматини биргаликда ишлаб чиқаришни бошлади, деб эслатади Reuters. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид