17:38 / 15.11.2023
21512

Қозоғистон ва Россия: ўзаро муносабатлар нега зиддиятли?

Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон ҳокимиятига келгандан бери унинг Путин билан муносабатларини тушуниш анча қийин. Бир қарасангиз, стратегик шериклик ва ўсиб бораётган иқтисодий ҳамкорлик ҳақида гапирилади, бир қарасангиз, Путин билан Тўқаев айтишаётганини, улар ўртасида кучли зиддиятлар борлигини кузатиш мумкин.

Қозоғистон – Ўзбекистоннинг энг биринчи қўшниси. Биринчи дейилишига сабаб – айнан Қозоғистон билан Ўзбекистоннинг энг учун чегараси тўғри келади. Россия Федерацияси эса, Ўзбекистон мустақиллигини қўлган киритгандан буён, ёки биринчи, ёки иккинчи савдо-иқтисодий ҳамкори ҳисобланади.

Умуман, Ўзбекистоннинг Россия билан боғлиқлиги, кейинги бир ярим асрда, мисли кўрилмаган даражага етди. 1991 йилга қадар, биз – Россия давлатчилигининг тўлиқ таркибида бўлдик. Хўш, Ўзбекистоннинг бу энг муҳим икки қўшниси бўлмиш Россия билан Қозоғистоннинг бугунги ўзаро муносабатлари замирида нима туради: дўстликми ёки душманона кайфият?

Бугун Россия геосиёсатидаги энг муҳим тушунчалар, булар “анти-Россия”, нейтрал ва “про-Россия”. Анти-Россия, яъни аксил-Россия – рус пропагандаси таърифига кўра, Россиянинг стратегик манфаатларига қарши бўлган, Россияни давлат сифатида йиқилиши ёки стратегик заифлашувидан манфаатдор бўлган давлатлардир. Про-Россия эса, Россия учун дўст кўриладиган давлатлар бўлиб, улар Россия давлати ва жорий сиёсий тизимнинг яшовчанлигидан манфаатдор ҳисобланади. 2021 йилдан бошлаб, Россия давлат органлари “Россияга дўст ва душман бўлган давлатлар рўйхати”ни эълон қилиб боришмоқда.

Демак, жорий 2023 йилнинг феврал ойида тузилган рўйхатга кўра, пост-совет ҳудудидаги энг йирик анти-Россия сифатида Украина, Латвия, Литва, Эстония санаб ўтилади.

Россияга дўст давлатлар рўйхатининг энг пешқадами, албатта Белорус. Сўнг Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон эгаллаган. Рўйхат шу йилнинг бошида тузилгани сабаб, Арманистон “Россия дўстлари” рўйхатида бешинчи ўринда турибди. Лекин кейинги ойлардаги рус пропагандасини кузатсак, Арманистон “душманона қадамлар ташлаётган давлат” сифатида таърифланади. Грузия ва Молдова эса “нейтрал” давлатлар сифатида санаб ўтилади.

Гарчи Қозоғистон Россия ОАВ томонидан “нейтрал, дўст” давлат сифатида эътироф этилса-да, лекин Москва ва Остона муносабатларида жуда кўп совуқ нуқталар бор.

9 ноябр куни Тошкентда Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти саммити бўлаётганда, бу ташкилотга аъзо давлатларнинг деярли барча раҳбарлари келди, фақат Тўқаев келмади. Унинг ўрнига Қозоғистондан бош вазир келди. Сабаби Тўқаев Остонада Путин билан учрашди. Учрашувда, биринчи марта, Тўқаев ўз нутқини қозоқ тилида бошлади, бу Россия делегацияси учун кутилмаган воқеа бўлди.

Ёки 13 ноябр куни РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров “Марказий Осиёдан чиқиб кетмаймиз, бу минтақани ғарбга бериб қўймаймиз” деган маънода баёнотлар берди. Ҳақиқатда, кейинги ойларда Тошкент ва Остона, қолаверса, қолган минтақа пойтахтлари ташқи дунё лидерларининг зиёрат майдонига айланиб бормоқда. Россия пропагандаси, жумладан, Қозоғистонни “англо-саксонлар манфаатини минтақадаги тамсилчиси” деган қарашни кўп гапиради.

Қозоғистоннинг Россияга туб муносабати қандай?

Қозоғистон – Россия бошчилигидаги КХШТ ва Евросиё Иқтисодий Иттифоқи каби ташкилотларнинг аъзоси. Қозоғистонда Россияга тўйиниш даражаси жуда кучли. Шунинг учун ҳам, Тўқаев Қозоғистоннинг мустақиллигини билдириб туриш ва Россия томонидан тўлиқ ютилиб кетмаслик учун, вақти-вақти билан Путинга “йўқ” деб туришни одат қилмоқда. Лекин, “Тўқаевнинг Путинга гап қайтариб, қайсарлик қилиб туриши, Россиянинг Қозоғистонга тажовузига сабаб бўладими?” деган савол пайдо бўлади.

Биринчидан, Қозоғистон НАТОга аъзо бўлиш йўлидан бормаяпти, яъни Путин кўз ўнгида “анти-Россия” бўлиш ниятида эмас. Фақат Россия томонидан ютилишга қарши, масофа сақлаяпти.

Иккинчидан, Украина урушидан сўнг, Россияга қарши мисли кўрилмаган санкциялар жорий қилинди. Санкцияга тушган товарлар эса, энг аввало Қозоғистон орқали Россияга бормоқда. Бу омил ҳам Россияни Қозоғистонга тажовуз қилишдан қайтарувчи ҳолат ҳисобланади.

Учинчидан, Қозоғистон – МО ва туркий ҳамжамиятнинг аъзоси. Туркия – Россиянинг муҳим геосиёсий ҳамкори, уларни коллектив ғарбдан мустақил бўлиш ғояси бирлаштиради. Марказий Осиё давлатлари, Туркия, Хитой Халқ Республикаси эса Қозоғистоннинг ҳудудий яхлитлиги борасида мутлақ жиддий позицияда.

Тўртинчидан, Украина уруши ҳали тугагани йўқ. Бу уруш тугаганида ҳам, Россиянинг салоҳияти анча мажруҳланган бўлади. Путин хаёлидаги “постсовет ҳудудидаги Россия геосиёсий қутби”ни шакллантириш учун Москвада Қозоғистонга тажовуз қилиш имкониятлари жуда чекланиб боряпти

Айни пайтда, Остона тушунадики, Россия – таъбир қилиб бўлмайдиган давлат. Шунинг учун ҳам, Қозоғистон, бир томондан ўзини Россияга душман кўрсатмаслик, ва айни пайтда, Россиядан маълум масофа сақлаш ва ўз хавфсизлигини кучайтириш ниятида.

Нафақат Қозоғистон, балки бутун Марказий Осиё давлатлари, бугун, на анти-Россия, на про-Россия бўлишни исташмайди. Анти-Россия бўлиш – Россиянинг тажовузига нишон бўлишни англатади. Про-Россия бўлишнинг шарти эса, Москванинг “вилояти”га айланиб қолишга рози бўлиш демакдир.

Шунинг учун ҳам, Тўқаев Путин билан, бир томондан айтишиб туради, бошқа томондан, кутилмаганда Россия томонга хушомад қилиб, вазиятни юмшатиб туришга мажбур. Путин кетгунча. Кейин, янги вазият шаклланади...

Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи

Мавзу
Раббимов фикри
Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг Kun.uz'даги муаллифлик колонкаси
Барчаси
Top