Жаҳон | 12:34 / 15.11.2023
4642
2 дақиқада ўқилади

Венгрия ва Россия «Пакш-2» АЭСни қуриш режасини имзолади

Венгрия ТИВ раҳбарининг сўзларига кўра, 2030-йиллар бошида «Пакш» атом электр станциясининг иккита янги энергия блоки тармоққа уланади.

Фото: AP

Венгрия Ташқи ишлар вазирлиги ва Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси «Пакш-2» атом электр станциясини қуриш режасини имзолади. Бу ҳақда 14 ноябр, сешанба куни Пакшдаги қурилиш майдонига Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто билан бирга ташриф буюрган «Росатом» бош директори Алексей Лихачев журналистларга маълум қилди.

Сийяртонинг сўзларига кўра, иккита янги атом энергетика блокини тармоққа улаш 2030-йиллар бошига мўлжалланган. «Бу узоқ йўл бўлди, лекин ниҳоят иш қоғозбозлик билан эмас, балки ҳақиқий қурилиш билан боғлиқ бўлади», — деди ТИВ раҳбари.

Лихачев, ўз навбатида, давлат корпорацияси лойиҳага «алоҳида эътибор» қаратишини ва унга «энг яхши кучларни» йўналтиришини ишонтирди. «Ушбу лойиҳага эътибор кучаяди», деди у. 

«Пакш-2» АЭС лойиҳаси ҳақида 

Россия ва Венгрия 2014 йилда «Пакш» АЭСда иккита янги 5- ва 6-сонли («Пакш-2») энергия блокларини қуриш бўйича ҳужжатларни имзолаган эди. Лойиҳанинг умумий қиймати 12,5 миллиард еврога баҳоланган. 2022 йил август ойида Венгрия Атом энергияси бошқармаси «Росатом»га энергия блокларини қуриш учун лицензия берди.

Жорий йилнинг май ойида Еврокомиссия станция қурилиши ва лойиҳани молиялаштириш бўйича келишувларга ўзгартиришларни маъқуллаган эди. «Пакш-2» АЭС қурилиши бошланиши 2024 йил охири — 2025 йил бошида кутилмоқда, деб маълум қилган «Росатом» раҳбари.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид