Жаҳон | 16:00 / 16.11.2023
4578
2 дақиқада ўқилади

FT: Дания Россиядан нефт олиб келаётган танкерлар йўлини тўсиб қўйиши мумкин

Европа Иттифоқи режаларига кўра, Данияга ўз сувларида Россия нефтини олиб кетаётган танкерларни текшириш ва керак бўлганда уларни хатловга олиш вазифаси юклатилади, деб ёзади FT. 

Фото: Bloomberg

Европа Иттифоқи Данияга ўз сувлари орқали ўтаётган Россия нефтини ташувчи танкерларни текшириш ва керак бўлганда тўсиб қўйиш бўйича кўрсатма беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 15 ноябр, чоршанба куни Брюсселдаги музокаралардан хабардор уч манбага таяниб, The Financial Times нашри хабар берди

Нашр суҳбатдошларига кўра, гап Дания бўғозлари орқали ғарб суғуртасисиз ўтаётган нефт танкерлари ҳақида кетмоқда. Суғурта қоғози йўқлиги Европа Иттифоқи мамлакатларига атроф-муҳитга таҳдид солиши мумкин бўлган кемаларни текширишга имкон беради. 

FT таъкидлашича, Россия нефтининг қарийб 60 фоизи Болтиқ денгизи орқали ўтади ва бу ҳажмнинг барчаси Дания ҳудудий сувларида ҳаракатланади. Нашрнинг қайд этишича, Дания бўғозлари орқали ҳар куни икки миллион баррелга яқин Россия нефти ўтади, бу учта Aframax тоифасидаги танкерга тенг. 

Деярли барча рус нефти белгиланган чегарадан юқори нархда сотиляпти 

Ғарб расмийлари октябр ойида Россия нефти бир баррел учун 60 доллардан паст нархда деярли сотилмаганини тан олганидан сўнг ташаббус Брюсселда ишлаб чиқила бошланди, 60 долларлик чеклов - G7 давлатлари, Европа Иттифоқи ва Австралия томонидан Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошлашига жавобан ўрнатилган нарх чегараси, деб ёзади FT.

Тахминларга кўра, ғарб компаниялари фақат бир баррели 60 доллардан кам нархда сотиладиган Россия нефтини ташувчи кемаларни суғурта қилиши мумкин. Бироқ, сохта молиявий ҳисоботлар ёки ғарб суғуртасисиз хомашёни ташишда гумон қилинаётган танкерлар сони ортиб бормоқда. 

Ғарб расмийларининг таъкидлашича, кемаларнинг тўғри суғурта қилиниши талаби ўзини оқлайди, чунки Россия нефтининг аксарияти «жиддий экологик ҳалокатга олиб келиши мумкин бўлган» бузилиш ёки нефт тўкилиши хавфи юқори бўлган эски кемалар «яширин флотлари»да ташиляпти. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид