Жаҳон | 20:53 / 16.11.2023
7445
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон аҳолиси 20 миллионга етди 

2023 йил 14 ноябр куни эрталаб соат 8.10 да туғилган 5 нафар янги туғилган чақалоқ мамлакатнинг 20 миллионинчи аҳолиси бўлди. 

Фото: Tengrinews

Қозоғистон аҳолиси 20 миллионга етди. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ижтимоий тармоқда эълон қилди. 

«Юртдошларимни ушбу муҳим воқеа билан табриклайман! Бахтли оила – миллат фаровонлиги, юрт барқарор тараққиётининг пойдевори. Давлат оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасидаги ишларни давом эттиради», деб ёзди Тўқаев. 

Республика Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, 2023 йил 14 ноябр куни эрталаб соат 8.10 да туғилган 5 нафар янги туғилган чақалоқ мамлакатнинг 20 миллионинчи аҳолиси бўлди. 

Қозоғистоннинг юбилей фуқаролари Улитов, Жетису, Атиров, Оқмўла ва Туркистон вилоятларида туғилган. Уларнинг 3 нафари ўғил, 2 нафари қиз. 

1991 йилда Қозоғистон аҳолиси 16,4 миллион киши эди. Мустақиллик йилларида мамлакат аҳолиси 22,3 фоизга ўсди. 

Туғилишнинг энг юқори чўққиси 2021 йилда қайд этилди: 446 минг бола. 

Аҳолининг табиий ўсиши ўлимни, жумладан, чақалоқлар ўлимини камайтириш ҳисобига таъминланди. 

2022 йилда ўртача умр кўриш 1991 йилга нисбатан 6,8 ёшга, эркакларда эса 7,7 ёшга, аёлларники 6 ёшга ошди.

Мавзуга оид