Жаҳон | 13:41 / 20.11.2023
4987
4 дақиқада ўқилади

Боррел Ғазодаги жангларда шошилинч гуманитар танаффусга чақирди

Европа дипломатияси раҳбари Қатарда БМТ Хавфсизлик кенгашининг Исроилнинг ҲАМАСга қарши операциясида зудлик билан танаффус қилиш ҳақидаги резолюциясига риоя этишга чақирди. Қатар бош вазири исроиллик гаровга олганларни озод қилиш бўйича саъй-ҳаракатлардаги ўзгаришларни тасдиқлади.

Фото: Isabel Infantes / Reuters

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Исроил ҳукуматини Ғазо сектори тинч аҳолисини ҳимоя қилиш учун ҲАМАС гуруҳига қарши жанговар ҳаракатларни зудлик билан гуманитар тўхтатиб туриш ҳақидаги БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясига риоя этишга чақирди. «Айни пайтда биз Ғазо секторидаги одамлар, тинч аҳоли оғир бомбардимонлардан азият чекаётган даҳшатли гуманитар вазиятга гувоҳ бўляпмиз», - деди у 19 ноябр, якшанба куни Қатар пойтахти Доҳада қироллик бош вазири Тамим бин Ҳамад Ол Таний билан музокаралардан сўнг. 

Боррел БМТ Ғазода содир бўлаётган воқеаларни замонанинг энг йирик гуманитар инқирозларидан бири деб билишини эслатди. «Бир даҳшат билан бошқа бир даҳшатни оқлаб бўлмайди. Одамларнинг болаларига келтирган оғриқ эса ҳеч қачон фарзандларингиз кўрган оғриқни оқламайди ёки ўрнини боса олмайди. Аксинча, бу зўравонлик спиралини яратади ва биз барқарор тинчликка эришмагунимизча давом этади», - дея таъкидлади у. 

Шу боис, Боррелнинг сўзларига кўра, ЕИ зудлик билан гуманитар танаффус қилишга чақиради, БМТ Хавфсизлик кенгаши бу борада резолюция ҳам қабул қилган. Бироқ бу резолюция ҳали амалга оширилмади, Ғазо секторини бомбардимон қилиш давом этмоқда, дея қўшимча қилди европалик дипломат. Шу билан бирга, у гаровга олинганларни сўзсиз озод қилиш ва гуманитар ташкилотларга улар билан мулоқотда бўлиш имкониятини таъминлаш зарурлигини таъкидлади. 

Қатар бош вазири гаровдагиларни озод қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларда ўзгаришни тасдиқлади 

Ўз навбатида, Қатар бош вазири ҳам билвосита ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувга эришиш уринишларидаги ўзгаришларни тасдиқлади. Бу келишув йўлида фақат «кичик» тўсиқлар қолмоқда, деди у Боррел билан музокаралардан сўнг. Ол Танийнинг сўзларига кўра, ҳал қилинмаган муаммолар «логистик ва амалий» хусусиятга эга. 

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишувга эришишдаги баъзи муваффақиятлар ва муваффақиятсизликлардан сўнг, у энди томонлар «одамларни уйига хавфсиз олиб кета оладиган келишувга яқинроқ эканига ишончи кўпроқ», дея қўшимча қилди Ол Таний. Бироқ у гаровга олинганларнинг қайтарилиши бўйича эҳтимолий муддатларга аниқлик киритмади. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 12 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид