08:00 / 21.11.2023
4703

Ўзбекистонда кўприкларнинг неча фоизи яроқсиз ҳолатда экани айтилди

Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида “2024 йил учун давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Савол-жавоблар давомида депутатлар йўл инфратузилмаси масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Уларнинг фикрича, бугунги кунда Ўзбекистонда 14 863 та кўприк бор, шундан 32 фоизи, яъни 4 834 таси қониқарсиз, 5-6 фоизи эса яроқсиз ҳолатда. 

Жорий йилда авария ҳолатидаги кўприкларни тиклаш бўйича алоҳида қарор қабул қилинган ва унда 2024, келгуси йилларда давлат бюджетидан зарур маблағларни ажратиш белгиланган. Бу бўйича алоҳида дастур қабул қилинган ва унда келгуси йилда 226 та кўприкни тиклаш кўрсатилган.

Лекин 2024 йилги бюджетда 27 та эски кўприкни таъмирлашга пул ажратилиши белгиланган. Фракция аъзолари қолган кўприклар қайси маблағ ҳисобидан таъмирланади, деган савол билан мутасаддиларга мурожаат қилди. Мутасаддилар кўтарилган барча саволлар юзасидан тушунтиришлар берди.

Узоқ давом этган савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Top