Иқтисодиёт | 15:48 / 23.11.2023
21974
3 дақиқада ўқилади

“Шиналар учун утилизация йиғими ҳаммага бирдек қўлланади” — Аҳадбек Ҳайдаров

2024 йил 1 июлдан автомобил шиналарини ишлаб чиқариш ва импорт қилишда утилизация йиғими жорий қилинади. Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга бу йиғим борасида имтиёз берилмаслигини айтди.

Фото: Shutterstock

2024 йилги бюджет қонуни лойиҳасига кўра, 2024 йил 1 июлдан бошлаб автомобил шиналарининг бир донаси вазнидан (кг учун) келиб чиққан ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,3 фоизи миқдорида утилизация йиғими жорий этилмоқда.

Бунда, шиналарнинг ўртача вазнидан келиб чиққан ҳолда утилизация йиғими миқдори:

  • енгил автомобиллар учун ўлчами R13ʼдан R20ʼгача бўлган шиналарига 6,2 минг сўмдан 16,2 минг сўмгача;
  • юк автомобиллар учун ўлчами R16ʼдан Р18ʼгача бўлган шиналарга 11,3 минг сўмдан 58,8 минг сўмгача ташкил этади.

Маълум қилинишича, автомобил шиналарини утилизация қилишда табиатга зарар етказилаётгани учун бу йиғим жорий қилинмоқда. Ундан тушган маблағлар атроф-муҳитни асраш ва “Яшил макон” дастури доирасидаги лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров Kun.uz мухбирининг маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бу йиғимдан ҳам имтиёзга эга бўлиши эҳтимолига оид саволига жавоб берди.

“Бундай бўлмайди, чунки Жаҳон савдо ташкилотининг талаби бор. Агар сиз импорт маҳсулотга [бирор йиғим, солиқ] киритадиган бўлсангиз, ички маҳсулотга ҳам киритишингиз керак. Ҳеч қачон дискриминация қилиб бўлмайди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчими, чет эл ишлаб чиқарувчисими, резидентми ёки норезидент – бир хил қўлланади. Фақат импортга деб айтмаганмиз, ҳаммага қўлланади.

Утилизация йиғимининг маъноси – унинг экологияга зарарини қоплаш. Чет эл шинаси бўладими, ўзимизда ишлаб чиқарилганми, вазнига қараб тартибини ишлаб чиқамиз. Ўша ерда ёритилади, ҳамма бир хил бу йиғимни тўлайди”, – деди Ҳайдаров.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2018 йили автомобил шиналари ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилиб, Ангренда шина заводи очилган ва уни қўллаб-қувватлаш учун шина импортига юқори божлар жорий этилганди. 156,4 млн доллар ташқи қарз эвазига қурилган завод 2021 йилда атиги 15 фоиз қувват билан ишлаётгани, ишлаб чиқарган маҳсулотлари сифати талабга жавоб бермаслиги сабабли UzAuto Motors хориждан шина импорт қилишда давом этаётгани маълум бўлганди. Завод 2023 йил бошида хусусийлаштирилди.

Маълумот учун, 2020 йил 1 августдан Ўзбекистонга транспорт воситаларини импорт қилишда утилизация йиғими жорий қилинган. Лекин маҳаллий автомобил ишлаб чиқарувчи ва импортёр UzAuto Motors бу йиғимни тўламай келаётгани, компанияга ёпиқ қарор билан бу борада имтиёз берилгани айтилади. Kun.uz'нинг ҳисоб-китоблари компания тўламаган йиғимнинг умумий миқдори ҳам бир неча триллиондан ошишини кўрсатган.

Шунингдек, “Ўзавтосаноат” таркибидаги корхоналар экспорт қиладиган автомобиллари учун утилизация йиғими давлат бюджетидан компенсация қилиб берилади. Бу борадаги субсидия миқдори 2022 йилда 100 миллиард сўмгача бўлиши белгиланган эди. Лекин йил якунида 2022 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритилиб, UzAuto'га қўшимча 137,5 млрд сўм маблағлар ажратилганди.

Мавзуга оид