Ўзбекистон | 09:36 / 24.11.2023
4528
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон элчиси ЕХҲТ ҳузурида аккредитациядан ўтди

Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси Бахтиёр Ибрагимов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) бош котиби Хелга Шмидга ишонч ёрлиқларини топширди.

Фото: Дунё

«Дунё» хабарига кўра, расмий маросим ЕХҲТнинг Венадаги котибиятида бўлиб ўтди. Маросим доирасида бўлиб ўтган суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳар йили амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратдилар.

Шимолий Америка, Европа ва Осиёдан 57 давлат аъзо бўлган ЕХҲТ дунёдаги энг йирик минтақавий хавфсизлик ташкилоти ҳисобланади. Ташкилот тамойиллари минтақада можаролар пайдо бўлишининг олдини олиш, инқирозли вазиятларни ҳал қилиш, можаролар оқибатларини бартараф этишга қаратилган. ЕХҲТ ўз институтлари, эксперт бўлинмалари ва дала операциялари тармоғи орқали қурол назорати, терроризм, яхши бошқарув, энергия хавфсизлиги, одам савдоси, демократлаштириш, оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва миллий озчиликларни ўз ичига олган умумий хавфсизликка таъсир қилувчи қатор муаммоларни ҳал қилади.

Ўзбекистон 1992 йилдан бери ЕХҲТ аъзоси ҳисобланади.

21 ноябр куни элчи Бахтиёр Ибрагимов Австрия президенти Александр Ван дер Белленга ишонч ёрлиқларини топширди.

Шунингдек, элчи штаб-квартираси Вена шаҳрида жойлашган Ядро синовларини кенг қамровли тақиқлаш тўғрисидаги шартнома ташкилотидаги Ўзбекистоннинг доимий вакили сифатида ҳам расман аккредитациядан ўтган эди.

Мавзуга оид