Жамият | 16:48 / 27.11.2023
34827
6 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Чақалоқликданоқ тил ўргатиш мумкинми? – гўдакларга чет тилини ўргатиш шубҳалари ҳақида

Замон ривожлангани, чет тилини билишга талаб ошгани сайин болаларга кичик ёшидан тил ўргатишга қизиқиш ҳам ошяпти. Лекин бола ҳали тили чиқмасдан 2 та тилни эшитса, гапириши кечикади, чалкашиб кетади деган қарашлар ҳам бор. Булар асослими? Тил ўрганишнинг энг эрта вақти неччи ёш?

Фото: Kun.uz

Тил ўргатиш учун энг эрта вақт қайси?

Олдинлари тил билиш алоҳида эътироф этиладиган қобилият ҳисобланган бўлса, ҳозир заруратга айланиб улгурди. Монтессори академияси таҳлилларига кўра, болага илк 3-4 ёшлик даврида иккинчи тил ўргатиш — энг яхши вақт ҳисобланади. Сабаби бу вақтда бола маълумотларни жуда яхши ўзлаштиради, шунингдек унинг мияси фаол ривожланаётгани сабабли тил ўрганиш мия фаолиятини мустаҳкамлайди.

Тил ўргатиш тил чиқишини кечиктирадими?

Болага ҳали тили чиқмасдан 2 та тилда гапирилса (масалан, инглиз тили) унинг тили чиқиши кечикади деган фикр билдиришади. Бироқ икки тиллилик боланинг тили кечикишига сабаб бўлмайди. 2 тилда гаплашиладиган, яъни кичиклигиданоқ янги тил ҳам ўргатилаётган боланинг лексиконидаги сўзлар бир тилда тили чиқаётган боланики билан бир хил бўлади. Эҳтимол, 2 тилли бола кечроқ гапирганини кузатган бўлишингиз мумкин, лекин улар ҳам одатий ҳолатда 8-15 ойлигидан гапиришга ҳаракат қила бошлайди.

Бола билан биттадан кўп тилда гаплашиш ҳолатининг ўзигина унинг тили кеч чиқишига сабаб бўлмайди. Агар боланинг тили чиқиши кечикаётган бўлса, унда мутахассис билан маслаҳатлашиш керак.

Бола 2 та тилдаги сўзларни қўшиб гапиради. Бунинг зиёни борми?

Одатда, бирданига 2 тилни ўрганаётган бола соф бирида эмас, иккаласида ҳам бирдай гапириши ва сўзларни қўшиб ишлатиши мумкин. Масалан, “Қорнинг тўйдими?” деган саволга “Ҳа, mummy!” деб жавоб бериши мумкин.

Одатда, биттадан кўп тил биладиган катталар ўзлари истаган тилда фақат ўша тилнинг ўзидаги сўзларни топиб гаплаша олади. Яъни улар чалкашмайди. Болалар эса ундай эмас. Сабаби улар ҳали тил ўрганиш жараёнида ва уларнинг лексикони худди бир тилда сўзлашадиган болажонларники билан бир хил чекланган. Улар ўзлари билган сўзларни қатнаштириб гап тузади. Бунинг зарарли томони борлиги исботланмаган. Аксинча, 2 тилли болалар эрта ёшданоқ тилларни фарқлай олиш хусусиятига эга бўлишади.

Эрта тил ўргатишнинг қандай фойдалари бор?

  • Тил ўрганиш бола мия фаолияти ишлашини яхшилайди. 2 тилли болалар муаммони ҳал қилиш, диққатни жамлаш ва режалаштиришда бир тиллиларга қараганда яхшироқ бўлишади;
  • Бошқа маданиятларни яхшироқ тушуниш имконини беради;
  • Эшитиш қобилияти кучлироқ бўлади;
  • Кейинроқ улғайгач бошқа тилларни ҳам ўргана олишига ишонч пайдо бўлади;
  • Кучли сўз бойлигига эга бўлади;
  • Ижтимоийлашиш қобилияти яхшиланади;
  • Ёзма матнни яхшироқ тушунишади;
  • Ўзига ишонч юқори бўлади.

Қандай усулларда болага тил ўргатиш мумкин?

Янги тилни имкон қадар эртароқ таништириш

Бола қанчалик кичиклигининг аҳамияти йўқ. 12 ойликкача гўдаклар исталган тилдаги товушларни тушуна олади. Масалан, болага унга мос ва қизиқарли қўшиқлар қўйиб бериб биргаликда куйлаш орқали сўзларни ўргатиш мумкин.

Энг асосий нарсаларни ўргатиб бориш

Агар болангизга ўргатмоқчи бўлган янги тилни ўзингиз яхши билмасангиз ҳам, ўргата олмайман деган хавотир билан кечиктирманг. Энг асосий нарсаларни янги тилда таништириб бориш орқали ҳам боланинг ўрганишига эришиш мумкин. Бунда грамматика ва талаффуз тўғрилигига эътибор бериш керак, сабаби бола тилни унга ўргатаётган одамдан ўрганади. Масалан, итни кўриб қолганда уни болага ит деб эмас, "dog" деб, қушни "bird" деб таништириш мумкин.

Қизиқтирувчи воситалардан фойдаланиш

Агар болакай машиналарга қизиқса, унга ўрганаётган тилида автомобиллар ҳақида китоб олиб бериш ва биргаликда ўқиш мумкин. Ёки ўйинчоқлар ёрдамида болани қизиқтира оладиган тил ўрганиш атмосферасини пайдо қилиш мумкин.

Фойдали тавсиялар

Бир киши фақат бир тилда гапириши керакми?

Бундан 100 йил олдин таклиф қилинган бу стратегияда "Бир киши — бир тил" қоидаси ишлайди. Яъни оилада ота-она 2 тилли бўлса, уларнинг бири бир тилда, иккинчиси эса бошқа тилда бола билан гаплашади. Бу болада ақлий зўриқиш ва чалкашиш бўлмаслиги учун тавсия қилинган. Бироқ ундан кейинги тадқиқотлар бир одамнинг 2 тилдан исталганида бола билан мулоқот қилиши унинг тил ўрганишига халақит бермаслигини аниқлаган.

Исталган оила "Бир киши — бир тил" стратегиясини, бошқалари эса аралаш гаплашишни танлайверишлари мумкин.

Икки тилни қўшиб гапириш керак эмасми?

Бир гапни ифодалаш учун 2 та тилдаги сўзларни аралаштириб гапириш 2 тилли одамлар учун одатий ҳолат. Лекин тадқиқотларда сўзларни аралаштириб гапирадиган одамларда луғат бойлиги камроқ бўлиши аниқланган. Бола 20 ойликдан турли тиллардаги сўзлар аралаштириб гапирилганда ҳам уларни тушуниб ололиши мумкин. Бироқ у ҳам шу тарзда сўзларни аралаштириб гапириш одатини ўзлаштириб олиши мумкин.

Энг муҳими, тил ўргатишга ҳеч қачон кеч ҳам, эрта ҳам эмас. Агар болангиз чақалоқ бўлса, боғча ёки мактабга борса ҳам тил ўргатишни бошлайверсангиз бўлади. 

Мавзуга оид