Жаҳон | 12:26 / 27.11.2023
3212
4 дақиқада ўқилади

Финландия Россия билан чегарани бутунлай ёпиши мумкинлигини истисно этмади

«Агар керак бўлса, Финландия бутун шарқий чегарани ёпади», деди бош вазир Петтери Орпо давом этаётган муҳожирлар инқирози фонида.

Фото: SIPA / SCANPIX

«Агар керак бўлса, Финландия бутун шарқий чегарани ёпади. Ўзининг барча назорат-ўтказиш пунктларини. Бошпана бўйича сўровларни қабул қилиш эса бошқа жойларда тўпланади», - дея 26 ноябр, якшанба куни Финландия бош вазири Петтери Орпонинг сўзларини келтирган Yle фин жамоат телеканали ўз сайтида.

Аввалроқ, 22 ноябр куни Финландиянинг Россия билан чегарасига Африка ва Яқин Шарқ давлатларидан келган муҳожирлар оқими билан боғлиқ вазият ёмонлашган бир пайтда, Орпо Ҳелсинки фақат битта, энг қийин бўлган назорат-ўтказиш пункти – мамлакат шимоли-шарқидаги «Рая-Йоосеп» пунктини очиқ қолдираётгани ҳақида хабар берган эди.

Финландия Россия билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктларини ёпди 

Ҳелсинки расмийлари 18 ноябрга ўтар кечаси Россия билан чегарадаги тўққизта назорат-ўтказиш пунктининг дастлабки тўрттасини ёпди: «Иматра», «Ниирала», «Нуйямаа» ва «Ваалимаа» назорат-ўтказиш пунктлари фаолияти тўхтатилди. Улар камида 2024 йил 18 февралгача ёпиб туради, деди Финландия ички ишлар вазири Мари Рантанен. 

24 ноябр куни Финландиянинг Россия билан чегарасидаги яна учта назорат-ўтказиш пункти – «Салла», «Вартиус» ва «Куусамо» Финландия ҳукумати қарори билан вақтинча ўз фаолиятини тўхтатди.  

21 ноябр куни Yle телеканали Финландия адлия канцлери ўринбосари Микко Пуумалайнен мамлакат Ички ишлар вазирлиги томонидан Россия билан чегарани тўлиқ ёпиш бўйича тайёрланган қонун лойиҳасини рад этгани ҳақида хабар берди. Пуумалайнен ўз қарорини қонун лойиҳаси чегарада бошпана сўраб мурожаат қилиш учун етарли имконият бермаслиги билан изоҳлади. 

Финландия-Россия чегарасида муҳожирлар сонининг кўпайиши

Жорий йилнинг август ойидан буён Финландиянинг Россия билан чегарасида Ироқ, Сурия, Яман, Сомали ҳамда Яқин Шарқ ва Африканинг бошқа давлатларидан бошпана изловчилар сони кескин ошган. Уларнинг аксариятида Финландияга кириш учун зарур бўлган ҳужжатлар йўқ. Ноябр ойи бошидан бери Россия-Финландия чегарасида бундай муҳожирлар сони 600 кишидан ортди.
 
Ҳелсинки Россия томонини оқимни уюштирганликда айблади. «Бу миллий хавфсизликка жиддий таҳдид бўлиб, шарқий чегара ҳудудидаги ҳукуматлар фаолиятига оғир юк бўлиб тушмоқда», деди Финландия чегара қўриқлаш хизмати раҳбари ўринбосари Маркку Ҳассинен.

23 ноябр куни Европа чегара ва қирғоқни қўриқлаш агентлиги - Frontex Финландия чегара қўриқлаш хизматини қўллаб-қувватлаш учун яна 50 нафар ходими, шунингдек, патрул машиналари ва бошқа жиҳозларни юборишни режалаштираётгани тўғрисида хабар берди. 

Финландиянинг Россия билан чегараси Европа Иттифоқининг ташқи чегараси ҳисобланиб, 1340 километр узунликка эга.

Петтери Орпо 26 ноябр куни айтишича, ҳозирги вазиятда «Россия учинчи давлат фуқароларидан шафқатсизларча фойдаланмоқда». «Бу одамларни чегарага сиқиб чиқармоқда ва уларга қайтишга рухсат бермаяпти», - дея Финландия бош вазирининг сўзларидан иқтибос келтиради Yle телеканали. Шу билан бирга, Орпо чегарани бутунлай ёпиш Россия манфаатларига тўғри келмаслигини таъкидлади. «Бу ҳолат тугаши барчанинг манфаатига хизмат қилади. Финландияда яшовчи россияликларнинг Россияга бора олмаслиги Россиянинг ўзи манфаатига тўғри келмайди», деб таъкидлади Финландия ҳукумати раҳбари. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид