Ўзбекистон | 15:54 / 28.11.2023
12558
8 дақиқада ўқилади

Қоидабузарлик учун жарима баллари: иқтисодий калтак ва рағбат ҳам керак

Ниҳоят, йўл ҳаракати қоидаларини беписандлик билан мунтазам бузувчи қоидабузар ҳайдовчиларга қарши жарима баллари тизимини ишга тушириш ҳаракати бошланди.

Фото: Kun.uz

Бу ҳақда аввалроқ мақола ҳам ёзган эдим. Мақолада нафақат қоидабузар ҳайдовчиларни жарима баллари билан тийиш, айрим қоидабузарликлар учун жавобгарлик ҳамда жарималар миқдорини оширишни ҳам таклиф қилган эдим.

Мақолада инсон(лар) ўлимига олиб келган қоидабузарлик учун жиноий жазо ниҳоятда кучайтирилиши лозимлиги ҳақида ҳам гап борган.

Олий Мажлис қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасида транспорт воситаси ҳайдовчилари томонидан доимий равишда қоидабузарлик содир этганлик учун жарима баллари ҳисоблаш тизимини жорий этиш ҳам белгиланмоқда.

Унга кўра, ҳисобланган жарима баллари бир йил давомида 12 баллдан ошган ҳолларда охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчини транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тартибини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Шунингдек, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлган шахс ўзбошимчалик билан барибир транспорт воситасини такроран бошқариб юргани аниқланса, унга нисбатан жиноий жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.

Бу ниҳоятда узоқ кутилган ва жуда яхши ташаббус.

Ҳозир айрим одамларда «бировнинг номидаги автомашинани ишончнома орқали ҳайдаб юриб қоида бузилса нима бўлади?» деган саволлар пайдо бўлмоқда. Чиндан ҳам ҳақли савол.

Қоидабузарликни ўз кўзи билан кўрган ЙПХ ходими машинани тўхтатиб, қоидабузар ҳайдовчига маъмурий баённома расмийлаштирса, майли, бу тушунарли. Лекин фото ва видеоқурилмалар воситасида қайд этилган қоидабузарликлар масаласи нима бўлади?

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, фото ва видеоқурилмалар воситасида қайд этилган қоидабузарликлар учун жаримани автотранспорт воситаси расмийлаштирилган шахс — машинанинг эгасидан ундирилади.

Ҳозир бизда бировга машинасини ишончнома орқали сотиш ҳуқуқи билан бериб юбориш «мода»га айланган. Йўлларда ҳаракатланаётган, жисмоний шахслар номига расмийлаштирилган автотранспорт воситаларининг ярмидан кўпи уни бошқараётган ҳайдовчининг номида эмас. Ишончнома билан бошқарилмоқда. Ишончномалар ҳам ҳозир онлайнлашиб кетди. Расмийлаштириш осонгина.

Хўш, қоидабузарлик фото ёки видеоқурилмалар орқали қайд этилган бўлса, бу ҳолатда жарима баллари автомашина эгасига ҳисобланадими? Ахир у номидаги машинани ким ҳайдаб юрганини ҳам билмаслиги мумкин-ку?

Ҳозир машинанинг эгаси ё ялиниб, ё «ишончномани бекор қиламан», ё «машинани расмийлаштириб бермайман», деган дўқ-пўписа билан жаримани қоидабузар ҳайдовчидан ундира олади.

Янги тизимда жаримани ундириш-ку, майли, қоидабузарликни қайта расмийлаштиришга эҳтиёж пайдо бўлади. Чунки автомобил номига расмийлаштирилган инсонда ҳам ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлса, ўзи қилмаган қоидабузарликлари учун жарима баллари ишлаб олиш хавфи пайдо бўлади.

Бу ҳолат юзага келмаслиги учун ДЙҲХХ органлари қоидабузарликни қайта расмийлаштиришни енгиллаштириш чораларини кўришлари керак бўлади. Исбот сифатида ҳайдовчилик ҳуқуқи топширилган ишончнома тақдим этилса бас.

Қоидабузарлар иқтисодий «калтак»ни, қоидаларга риоя қилувчилар эса рағбатни доим ҳис қилиб туришлари керак, деб ёзяпти ўз Телеграм каналида иқтисодчи эксперт Отабек Бакиров:

«Жарима баллари бир йил давомида 12 баллдан ошган ҳолларда охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчини транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тартибини жорий этиш яна кун тартибига қайтганидан хурсандман.

Ўзи 1 йил аввал ишга тушиши лозим бўлган қоидалар балки «автотеррористлар» лоббиси ва маъмурий ресурслари туфайли роса хаспўшлаб келинди. Агар Президент қарорида белгиланган вазифалар ўз вақтида бажарилганида эди, минглаб одамларнинг ҳаёти, соғлиғи сақлаб қолинган бўларди, шаҳарларимиздаги кўчалар фуқаролар учун хавф-хатар маконига айланмаган бўларди. Майли, ҳечдан кўра кеч.

Мен умид қиламан, жарима балларини жорий қилиш билан иш тўхтамайди. Бунга қўшимча равишда иқтисодий калтаклар ишлаши керак. Хусусан, траанспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишсуғурта орқали.

Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида Ўзбекистондаги каби абсурд суғурта қоидалари мавжуд эмас. Қарийб 5 йилдан бери Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта пули — 40 миллион сўм даражасида қолмоқда. Полислар учун мукофот 56 минг сўм, ҳайдовчилар сони чекланмаган полислар учун мукофот 168 минг сўм этиб белгиланган (вилоятлар учун 40 минг сўм ва 120 минг сўм мос равишда).

Ойда, йилда бир кўчага чиқадиган, тартибли ҳайдовчи учун ҳам шу тўлов, ҳар куни қоида бузадиган ва қоидаларни бузганидан фахрланадиган «автотеррорист» учун ҳам шу тўлов. Нормал дунёда қоидабузарлар автомобил суғуртаси учун ўнлаб карра юқори тўлов қилишади. Бизда эса суғурта энг арзон жаримадан ҳам арзонроқ, табиийки, 40 ё 56 минг сўм тўлаган, кўчадаги масъулиятсиз «автотеррористлар» билган жиноий тажрибасини қилиб ётишипти.

Демак, нафақат, шунчаки жарима баллари тизими жорий этилиши, жарима балларига мувофиқ суғуртанинг каррасига қимматлашиши ҳам ишга тушиши керак.

Бу ҳали ҳаммаси эмас.

Жарима баллари пулли парковкалардаги тарифларда ҳам, автомобил билан боғлиқ давлат хизматларида ҳам каррасига ошириладиган тўлов кўринишида қўлланилиши зарур (авторақам олишдан тортиб, ишончнома ва гаров расмийлаштиришгача).

Хуллас, қоидабузарлар ўзларининг аслида ким эканликларини ҳар қадамда иқтисодий калтак воситасида эслаб туришлари зарур.

Рағбат-чи? Рағбат ҳам эсдан чиқмаслиги керак. Йўл ҳаракати қоидабузарлиги содир этмаган ҳайдовчиларга суғурта, парковка, давлат хизматларигача чегирма коэффициентлар қўллаш бошланиш зарур», — деб ёзади Бакиров.

Сўнгги йилларда яқин қариндошлар учун машинани ҳеч қандай ишончномасиз бошқариш ҳуқуқи ҳам тақдим этилди. (Фақат суғурта полисида бунга изн берувчи яқин қариндошлик даражаси акс этса бас).

Кўпчилик бу имкониятдан фойдаланиб, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган қария ота-оналарининг номига машина олишган ва ҳайдаб юришибди.

Мана шу амалиётни ҳам тартибга олиш керак. Яъни, содир этилган қоидабузарлик учун жарима баллари тўлайдиган одам тайин бўлиши керак.

Шунингдек, сотиш ҳуқуқи билан бериладиган ишончномаларнинг максимум муддати уч ой қилиб белгиланиши керак.

Одамлар сотган автомашинасини дарҳол расмийлаштириб беришга ўтишлари керак. Бонг ураверганимиздан кейин автомобил олди-сотдисида расмийлаштириш йиғимлари анча туширилди. Бу сумма ва нотариус харажатлари янада туширилиши лозим.

Чунки жарима баллари тизими жорий этиладиган бўлса, бу жуда кўп тушунмовчиликлар ва чалкашликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Масаланинг бу жиҳатини ҳам эътибордан қочирмаслик керак.

Энг муҳими, билдирилаётган таклифларнинг барчасини онлайн базага бирлаштириб, ташқи аралашув воситасида ўзгартириб бўлмайдиган қилиб амалга ошириш имконияти бор.

Бизда сўнгги 30 йил ичида илк марта беписанд қоидабузар ҳайдовчиларни жиловлаш учун реал имконият пайдо бўлмоқда. Бу имкониятни қўлдан чиқармаслигимиз керак, йўлларимизни қоидабузар ҳайдовчилардан тозалашимиз, йўлларда ўлимларни камайтиришимиз керак.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист. 

Мавзуга оид