Жаҳон | 19:40 / 28.11.2023
8792
5 дақиқада ўқилади

Сулҳ вақтидаги икки ташриф: Нетаняҳу Ғазога, Маск Исроилга борди

Бир ойдан ортиқ вақт Исроил ракеталари остида қолган Ғазо секторида 4 кундан буён ўт очиш режими тўхтатилган. Томонлар оташкесим давом этиши бўйича келишувга ҳам эришди. Аммо ҳали уруш тугади деб бўлмайди. Шу кунларда Ғазо ва Исроилга икки муҳим ташриф амалга оширилди.

Илон Маск айбловлар ортидан Исроилга келди

Дунёнинг энг бой одами Илон Маск антисемитизмни қўллаётгани ҳақидаги айбловлар фонида Исроилга ташриф буюрди. У мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан бирга Ғазо яқинидаги Кфар-Аза кибуцисида бўлиб, бу ташриф давомида Нетаняҳу ва ҳарбийлар каби зирҳли нимча кийиб юрди.

Нетаняҳу Маскка ҲАМАС билан уруш оқибатида юзага келган вайронгарчиликларни кўрсатган. Маҳаллий нашрлар ёзишича, Исроил томони Маск билан учрашувга ҲАМАС асир олган исроилликларнинг оила аъзоларини ҳам таклиф этган. Исроил президенти Исҳоқ Ҳерцог миллиардер билан суҳбатда интернетда антисемитизм кучайиб бораётгани ва бунга қарши кураш ҳақида гаплашмоқчи.

Ташриф нега аҳамиятли?

Дунёнинг энг бой одами твиттерни сотиб олганидан буён тармоқ муаммолар гирдобида қолиб кетди. Хусусан, Исроил Ғазони бомбардимон қилаётган бир вақтда кўплаб йирик компаниялар твиттерга реклама беришдан воз кечишди. Media Matters твиттерда Apple, Oracle, IBM каби йирик компаниялар маҳсулотлари фашистлар Германияси раҳбари Адолф Ҳитлер мақталган постлар билан ёнма-ён реклама қилинганига эътибор қаратган. Экспертларга кўра, твиттерга миллиардлаб доллар фойда келтирган компаниялар айнан мана шу сабаб реклама келишувларини музлатиб қўйган.

Маскнинг ўзи твиттерда яҳудийлар оқ танлиларга қарши нафрат қўзғамоқда деган ғояни тарғиб қилувчи фойдаланувчининг бошқа бир фикрини қўллагани ортидан гўёки яҳудийларни дискриминация қилганга чиқиб, танқидлар остида қолди.

Warner Bros Discovery, Walt Disney, NBC Universal, IBM, Apple, Lionsgate, Paramount Global каби йирик компаниялар реклама беришни рад этгач, Маск ўзини оқлашга мажбур бўлди. У твиттерга урушга алоқадор реклама ва обуналардан тушган барча пул урушдан жабрланганлар даволанаётган Исроил ва Ғазодаги Қизил Хоч касалхоналарига юборилишини айтди. Шунингдек, Маск ҳар қандай гуруҳларни қириб юбориш ва геноцидга чорловчи аккаунтлар блокланиши, антисемитизмга ва нафратга ундовчи бошқа ҳар қандай ажратишларга қарши эканини билдирган.

Ғазога интернет бериш масаласи

Тадбиркор Исроил босқин бошида Ғазода интернетни узиб қўйгач, бу ердаги халқаро инсонпарварлик ташкилотларига Starlink интернетини улаб бермоқчи эканини айтганди. У Исроилга ташрифи давомида маҳаллий ҳукумат вакиллари билан бу борада музокара ўтказиб, дастлабки келишувларга эришган. Аввалроқ Маск Ғазога интернет бермоқчи бўлгани учун Исроил у билан барча келишувларни бекор қилишини айтган мамлакат алоқа вазири Шломо Кархи душанба куни Starlink билан дастлабки келишувга эришилганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, Илон Маскнинг интернет компанияси Ғазони фақат Исроил алоқа вазирлиги рухсатидан кейин интернет билан таъминлай олади.

Илон Маскнинг Исроилга ташрифи интернетда кенг муҳокама қилинмоқда. Кўпчилик миллиардер янада катта реклама шартномаларидан айрилиб қолишдан қўрқиб Исроилга борганини айтмоқда. Тадбиркорнинг маъмурияти унинг ташрифи ва бу борадаги муҳокамаларга изоҳ бермаган.

Нетаняҳу Ғазога борди

26 ноябр куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Фаластин ерлари бўлмиш Ғазога борди. Бош вазир саҳифаларида бу ҳақдаги видео 26 ноябр тонгда эълон қилинди. У қуруқлик амалиёти ўтказаётган ЦАҲАЛ ҳарбийлари билан мулоқот қилган.

«Асирларнинг барчасини қайтариш учун қўлимиздан келган ҳамма ишни қиламиз. Урушдан учта мақсадимиз бор: ҲАМАСни йўқ қилиш, барча асирларни қайтариш ва Ғазо Исроил давлати учун ортиқ хавф туғдира олмаслигини кафолатлаш. Бизни ҳеч нарса тўхтата олмайди, ғалабагача давом этамиз», деди Нетаняҳу.

Исроил нашрларига кўра, бош вазир Ғазода гўёки ҲАМАСга тегишли тунеллардан бирини ҳам бориб кўрган. Унга ҳарбий штаб раҳбарияти ҳамроҳлик қилган. Аммо ҳеч бир халқаро ташкилот Исроил бош вазирининг Фаластин ерларига боргани қанчалик қонуний бўлгани борасида муносабат билдирмаган. Нетаняҳунинг Ғазога борганидан фақат битта аниқ хулоса қилиш мумкин: Исроил сектордаги вазиятни тўлиқ назорат қилмоқда ва ҳарбийлар бош вазир у ерга борганда ҳеч қандай хавф туғилмаслигини кафолатлаган.

Бу воқеаларнинг барчаси Ғазодаги вақтинча сулҳ давом этаётган бир вақтда содир бўлмоқда. Исроилда сулҳ тугагач, урушни давом эттиришга чорловлар кўпаймоқда. Аммо Нетаняҳу айтаётган ғалабали уруш қачонгача давом этади? Агар улар айтаётган ғалаба содир бўлса, сектордаги фаластинликлар тақдири нима кечади? Бу саволларга ҳозирча жавоб йўқ.

Мавзуга оид