16:51 / 29.11.2023
23112

Етакчиларсиз «Реал» ва қасос иштиёқидаги «Арсенал». ЕЧЛда кун интригалари

Бугунги ўйинларда кимга қандай натижа керак?

А гуруҳи

«Галатасарой» – «Манчестер Юнайтед» (22:45, Sport)

«Бавария» – «Копенҳаген» (01:00, Yoshlar)

«Манчестер Юнайтед» «Галатасарай» ва «Копенҳаген»га қарши ўйинларда ғалабани қўлдан чиқаргани ушбу гуруҳдаги ҳароратни максимал даражага кўтарди. «Қизил иблислар» энди «Дўзах» деб аталадиган Истанбул стадионида фақат ғалаба учун курашишга мажбур. Ҳатто ғалаба қозониб ҳам, «МЮ» ўзини хавфсиз сезмайди, кейинги турда «Бавария» билан ўйинда ҳам ижобий натижа қайд этиши лозим бўлади.

Агар бугун немислар «Копенҳаген»ни ютади, деб тасаввур қилсак, жамоаларнинг имконияти қуйидагича: «МЮ» Туркияда ғалаба қозонса, очколари сонини 6 тага етказади. «Галатасарой» ва «Копенҳаген» ҳисобида тўрттадан очко қолади. У ҳолда инглизларга сўнгги турда «Бавария» билан дуранг ўйнаш кифоя қилиши мумкин, чунки, «МЮ» ҳар икки рақиби билан ўзаро ўйинларда тенглик ва умумий тўплар нисбатига кўра устунликни қўлга киритади. Агар Туркиядаги ўйин дуранг билан тугайдиган бўлса, катта эҳтимол билан, «МЮ» гуруҳда қолиб кетади. Ҳаммаси сўнгги турдаги «Копанҳаген» – «Галатасарой» ўйинида ҳал бўлади. Тўғри, шундаям манчестерликларда имконият қолади, аммо бунинг учун улар «Бавария»ни енгиб, Даниядаги учрашув дуранг билан тугашидан умид қилишига тўғри келади.

Хуллас, ҳали бу ерда ҳаммаси чалкаш. Уч жамоадан ҳар бири Чемпионлар Лигасида курашни давом эттириши, ҳар қайси бири эса, Европа Лигаси иштирокчисига айланиши мумкин. Аниқ бўлгани фақат битта – «Бавария» плей-офф йўлланмасини ҳал қилган ва ҳатто биринчи ўринни нақд қилиб улгурган.

В гуруҳи

«Севиля» – ПСВ (22:45)

«Арсенал» – «Ланс» (01:00, Mahalla)

«Арсенал» французлар билан дуранг ўйнаса кифоя, кейинги босқич масаласини ҳал қилади. Ғалаба эса, Артета шогирдларига расман биринчи ўринни кафолатлайди. Иккинчи йўлланма учун эса, ҳозирча 5 тадан очкога эга бўлган ПСВ ва «Ланс» даъвогарлик қилмоқда. Албатта, «Севиля»да ҳам имконият бор, ҳатто у қадар кичик ҳам эмас – масалан, бугунги ҳар икки ўйинда мезбонлар ғалаба қозонса, сўнгги тур олдидан биратўла уч жамоада 5 тадан очко бўлади. Ўшанда сўнгги турдаги «Ланс» – «Севиля» ўйини финал мақомига чиқиб кетади. «Севиля» ғалаба қозонадиган бўлса, очколар бўйича «Ланс»ни ҳам, ўзаро ўйинларидаги устунлик туфайли ПСВни ҳам ортда қолдириб, гуруҳда 2-ўринни эгаллаши мумкин.

Демак, бу гуруҳда ҳам иккинчи йўлланма учун қизғин кураш энди бошланмоқда. Севилядаги ўйин бошқа учрашувлардан аввалроқ бошланишини эътиборга олсак, томошабинларда ушбу шиддатли тўқнашувни жонли тарзда томоша қилиш имконияти кўпроқ.

С гуруҳи

«Брага» – «Унион» Берлин (01:00)

«Реал» – «Наполи» (01:00, Sport)

«Наполи» ўтган турда «Унион»ни ўз майдонида мағлуб этганида, бу гуруҳда ҳам ҳаммаси муддатидан олдин ҳал бўларди. Берлин жамоаси охирги 15 ўйиннинг 13 тасини бой бериб, атиги 2 ўйинда дуранг қайд этди ва ўша дурангнинг Неаполда содир бўлгани ушбу гуруҳда ҳам қўшимча интрига яратди. Агар «Наполи» Мадридда ғалаба қозона олмаса ва «Брага» ўз майдонидаги ўйинни ўз фойдасига ҳал қилса, бу икки клуб ўртасидаги фарқ минимал даражага етади. Бу эса сўнгги турда «Наполи» ва «Брага» учрашуви аҳамиятини ошириб юборади.

Мадрид клуби аллақачон кейинги босқичга чиқиб бўлган. Фақат гуруҳда биринчи ўринни эгаллаши учун ё «Наполи» билан ўйинда камида дуранг қилиши ёки сўнгги турдаги ўйинда уч очко қўлга киритиши керак бўлади. Бугунги ўйинда Карло Анчелотти ФИФА кунларида жароҳат олган Винисиус Жуниор ва ла лига доирасида «Кадис»га қарши ўйин охирида мажбуран алмаштирилган Лука Модрич хизматларидан фойдалана олмайди, лекин Жуд Беллингҳем елкасидаги жароҳатини тузатиб сафга қайтган. 

Берлин жамоаси эса, Брагага шунчаки бормайди, бу ўйинда ғалаба қозониш орқали немислар Европа Лигасига ўтишлари мумкин. Ўтган мавсумда ушбу мусобақада чоракфиналгача борган «Унион» балки яна ушбу турнир ёрдамида муваффақиятсиз мавсумни қутқариб қолишга ҳаракат қилар?

D гуруҳи

«Бенфика» – «Интер» (01:00)

«Реал Сосиедад» – «Залсбург» (01:00)

Бу ўйинда ҳаммаси ўтган турдан кейин маълум бўлиб улгурди. «Интер» ва «Сосиедад» кейинги босқич масаласини ҳал қилди. Бугунги ўйинлар қандай якунланишидан қатъи назар, ушбу гуруҳда номаълум бўлиб турган икки саволнинг жавоби барибир охирги турда маълум бўлади.

«Интер» – «Сосиедад» ўйинида гуруҳдаги 1-ўрин эгаси, «Залсбург» – «Бенфика» ўйинида эса Европа Лигаси плей-офф иштирокчиси номи маълум бўлади. Тўғри, масалан, австрияликлар бугун Испанияда ғалаба қозониб, учинчи ўринни нақд қилиб олиши ҳам мумкин, лекин баскларнинг бугунги спорт формасидан келиб чиқсак, бунга ишониш жуда қийин.

Top