Жаҳон | 21:34 / 30.11.2023
24997
7 дақиқада ўқилади

Генри Киссинжер: Брежневдан Путингача

Генри Киссинжер Талейран ва Меттерних билан бир қаторга қўйилади. Фарқи ўтган асрнинг афсонавий дипломатлари ўттиз йилгача олдинги саҳналардан тушмаган бўлса, Киссинжер лавозимдаги саккиз йили ичида Америка-Хитой муносабатлари тикланиши, Виетнамдаги тинчлик ҳамда Москва билан муносабатлардаги кескинлик юмшатилишининг отаси бўлишга улгурганди. Бу ютуқлардан исталган бири тарихда қолиш учун етарли эди.

Peter Foley / Bloomberg / Getty Images

Айтишларича, Киссинжер агар АҚШ чегараларидан ташқарида туғилмаганида, ўз қобилияти ва хизматлари шарофати билан президентликка даъвогарлик қила оларди.

Дунё тартиботининг бўлажак меъмори 1923 йил 27 майда Бавария ерининг Фюрте шаҳрида мактаб ўқитувчиси оиласида туғилган ва Ҳайнц номини олган, кейинроқ исмини «Генри»га ўзгартирган.

Янги ватан

У 15 ёшда эканида, оила нацистлардан қочиб Ню-Йоркка кетади. Ёш Киссинжер Манҳэттенда ўқийди, шу билан бир вақтда устара чўткаси ишлаб чиқариладиган фабрикада ишлайди.

1943 йилда у армияга чақирилади ва немис тилини билгани туфайли 84-пиёдалар дивизиясининг разведка хизматига бириктирилади. 1945-1946 йилларда эса денацификация ва Германияда, Ҳанновер ва Ҳессен ерларида собиқ «эсэсчилар»ни қидириб топиш билан шуғулланади.

1950 йилда Киссинжер Ҳарвардни аъло баҳоларга тамомлайди (унинг «Тарихнинг аҳамияти» номли 388 саҳифалик диссертацияси университетнинг тўрт асрлик тарихидаги энг узун диплом иши бўлган) ва қарийб 20 йил мобайнида профессор ва эксперт сифатида муваффақиятли фаолият олиб борган.

1969 йил январида, ўз инаугурациясидан кейин дарҳол, Ричард Никсон таниқли таҳлилчига ўзининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимини таклиф этади.

Президент Киссинжерга чексиз даражада ишонч билдирган, шу билан бирга, Вашингтондаги кузатувчилар фикрича, бу билан давлат котиби Уилям Роджерсга ҳурматсизлик қилган.

1973 йилда Киссинжер Никсондан кейин келган президент Жералд Форд даврида ҳам алоҳида мавқейини сақлаб қолади ва мамлакат тарихида ташқи сиёсатдаги икки муҳим лавозимни бир вақтда эгаллаган ягона шахсга айланади.

Ўз қарашларига кўра у классик Realpolitik тарафдори бўлиб, идеология ва инсон ҳуқуқлари унинг учун биринчи ўринда турмаган.

Глобал қўзғалиш

АҚШ ва ғарб қадриятларини инкор этишда советлар иттифоқидан фарқлироқ позицияда бўлган маочилар бошқарувидаги Хитой ўртасидаги яқинлашув 1970-йиллар бошида мутлақо фантастика бўлиб кўринарди. Аммо Киссинжер геосиёсий мулоҳазалар устун келишига ишонарди ва у янглишмади.

Яширин разведка учинчи мамлакатлар дипломатлари ва сиёсатчилари, жумладан руминлар етакчиси Николае Чаушеску орқали олиб борилади.

1971 йил апрелида барча учун кутилмаганда Хитой илк бор ғарблик спортчиларнии - стол тенниси бўйича Америка жамоасини мамлакатга таклиф этади. «Пинг-понг дипломатияси» шу тариқа ўқув дарсликларига кирган.

Виетнам урушини якунлаб берган келишув имзоланиши. Фото: AFP

9-11 июл кунлари эса Киссинжернинг ўзи Пекинга ташриф буюради - бу замонавий халқаро амалиётда ҳам кам учрайдиган ҳолат.

Мароқли дипломатик спектакл Никсон 1972 йил февралида расмий ташрифини амалга ошириши, дипломатик алоқалар ўрнатилиши ҳамда Вашингтон Тайванни де-юре ХХРнинг бир қисми сифатида тан олиши билан ниҳояланади.

Ўтган йиллар мобайнида бу икки йирик давлат бир-бири учун асосий ва алмаштириб бўлмас иқтисодий ҳамкорлар бўлиб қолди.

1973 йилда Генри Киссинжер Виетнам бўйича 13 июн куни имзоланган Париж келишувини ишлаб чиққани учун тинчлик бўйича Нобел мукофоти билан тақдирланади, келишув ўт очишни тўхтатиш, Америка қўшинларини олиб чиқиш ва мамлакатнинг икки қисми эркин демократик сайловлар асосида тинч йўл билан бирлаштирилишини назарда тутарди. Мураккаб музокаралар тўрт йил давомида олиб борилади.

Тўғри, 1975 йил апрелида «тинчлик» Жануб Шимол томонидан куч билан эгалланиши ҳамда коммунистик диктатура ўрнатилиши билан якунланади. Танқидчилар, якуний натижани ҳисобга олган ҳолда, Нобел қўмитаси бироз шошқалоқлик қилганини таъкидлашади.

«Кескинликни юмшатиш» меъмори

Киссинжернинг совет ҳамкасби Андрей Громико уни «шайтон» деб атаган, аммо уни ҳурмат қилган ва уни «гапига ишониш мумкин бўлган одам» деб ҳисоблаган.

1972 йил майида «кескинлик юмшатилиши»нинг энг муҳим воқеаси - Ричард Никсоннинг СССРга расмий ташрифи бўлиб ўтади. Бу, Франклин Рузвелтнинг Ялта конференциясидаги иштироки ҳисобга олинмаганда, Қўшма Штатлар президентининг тарихда илк бор Россия ҳудудига келиши эди.

«Никсон ва унинг хоними» Висоцкийнинг қўшиғида куйланган ва умуман олганда совет фуқароларининг ёдида қолган, аммо ташрифнинг ҳақиқий ташкилотчиси ва Америка томонининг асосий музокарачиси, 1975 йилгача бўлган барча саммитлардаги каби Киссинжер эди.

Генри Киссинжер (чапда олдинги планда), АҚШ президенти Жералд Форд (Киссинжернинг ортида) ва Америка делегациясининг бошқа вакиллари КПСС ЦК бош котиби Леонид Брежнев, СССР ташқи ишлар вазири Андрей Громико ва АҚШдаги элчи Анатолий Добринин билан советлар иттифоқи бўйлаб ҳаракатланган поездда суҳбатлашмоқда, 1974 йил.

Никсонни Ленинград ва Киевга олиб кетишганида, Киссинжер Громико билан музокаралар ўтказиш учун Москвада қолади. Кейинроқ у СССРга яна бир неча марта келган, Ленинградни кўришни қаттиқ истаган ва ҳар сафар нимадир ўхшамай қоларди. Бир сафар у ҳазиллашиб Громикога бу шаҳар аслида ҳам борлигига ишончи комил эмаслигини айтади.

«Унда бизнинг инқилоб қаерда содир бўлган?» - дея унинг ҳазилини давом эттирган советлар вазири.

«Санкт-Петербургда», - дея жавоб қайтаради Киссинжер. У тарихдан билимдонлиги билан фахрланарди, аммо бу ҳолатда у 1917 йилда шаҳар Петроград деб аталганини эътибордан четда қолдирганди.

Киссинжер совет раҳбарлари билан шахсий муносабатларни ривожлантиради - албатта, бу дўстона эмасди, аммо у протокол доирасидан четга чиқарди.

Бир сафар тўнғиз овидан кейин Леонид Брежнев хизматкорларни жўнатиб юборади ва ўзи дастурхон тузаб, арақ қуяди, Киссинжер эса «бекор ўтиришни истамай», колбаса тўғрайди.

Генри Киссинжер Россияга қизиқишини абадий сақлаб қолади.

У Владимир Путин билан ҳам бир неча бор учрашган, охиргиси - 2016 йил 3 февралида Москвада бўлганди. Оммавий чиқишларида жаҳон сиёсати фахрийси Россия Қримни аннексия қилганини танқид қилади, аммо Украинани НАТОга қабул қилишга шошилмасликка чақиради.

Киссинжернинг кўплаб унвон ва мукофотлари орасида Россия Фанлар академияси академиги илмий даражаси ва РФ ТИВ Дипломатик академияси фахрий докторилиги ҳам бор эди.

Мавзуга оид