10:19 / 01.12.2023
8305

ДХХ Америкага юбориш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларига чек қўйди

Самарқанд ва Фарғона вилоятларида Мексика орқали Америкага жўнатишни айтиб, фуқаролардан пул ундирган шахслар қўлга олинди.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ноқонуний миграцияга қарши кураш йўналишида ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказилди.

Жумладан, ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1979 йилда туғилган шахс маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, уни Мексика давлати орқали АҚШга юборишни ваъда қилган. У “хизмати учун” 25 минг АҚШ доллари талаб қилиб, ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига олдиндан 15 минг доллар олган вақтида ушланган.

Шунингдек, Паст Дарғом туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган шахс Каттақўрғон туманида истиқомат қилувчи, 1996 йилда туғилган таниши билан келишган ҳолда маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, уни Туркия-Арманистон-Никарагуа-Мексика йўналиши орқали АҚШга юборишни ваъда қилган. Бунинг эвазига 23 минг доллар талаб қилган ҳамда келишилган пулнинг 12 минг долларини олган вақтида қўлга олинган.

ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса Андижон туманида яшовчи, 1999 йилда туғилган шахс Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқарони АҚШга юборишни ваъда қилиб, 10 минг доллар олган вақтида ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top