Жаҳон | 23:55 / 05.12.2023
10142
2 дақиқада ўқилади

ҲАМАС гаровдагиларни озод қилиш шартларини маълум қилди 

Ҳарбий ҳаракатлар тўхтамагунча гаровдагиларни озод қилиш бўйича музокаралар ўтказилмайди. 

Фото: AFP

Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлари тўхтамагунча, гаровдагиларни озод қилмайди. 

Музокараларни давом эттиришнинг бундай шартларини ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Усома Ҳамдан Al-Jazeera телеканали эфирида маълум қилди. 

«Биз Исроилнинг халқимизга қарши тажовузкорлиги ва Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлар тўхтамагунча, ҳеч қандай музокара ёки гаровга олинганларни алмашиш бўлмаслигини тасдиқлаймиз», деди у. 

Аввалроқ, ҲАМАС ҳаракатининг сиёсий бюроси раҳбари ўринбосари Солиҳ ал-Арурий ҳам ҳарбий можаро тугамагунча Исроил билан янги маҳбуслар алмашинуви бўлмаслигини маълум қилган эди. 

«Ҳозир ҳеч қандай музокара олиб борилмаяпти. Ўт очиш тўхтатилмагунча ва барча фаластинлик маҳбуслар озод этилмагунча, гаровга олинган исроилликлар ҳам қўйиб юборилмайди. Улар бизда аёллар ва болалар борлигини таъкидламоқда, аммо биз уларни озод қилганмиз», деди у. 

Унинг таъкидлашича, ҲАМАС Исроил аскарлари ва илгари Исроил армиясида хизмат қилган фуқароларни ҳамон гаровда ушлаб турибди. 

«Уруш давом этаверади. Бу қарор якуний ҳисобланади. Биз муросага бормаймиз», деган эди Арурий.

Мавзуга оид