Жаҳон | 14:00 / 07.12.2023
6769
3 дақиқада ўқилади

Финландия 14 декабр куни Россия билан чегарани очиши мумкин

Финландия чегарачилари шарқий чегарадаги назорат-ўтказиш пунктларидаги айрим тўсиқларни олиб ташлашга ҳозирлик кўрмоқда. Шу билан бирга, Финландия расмийлари агар муҳожирлар оқими қайта тикланса, чегара яна ёпилиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.

Фото: AFP

Финландия Россия билан чегарада назорат-ўтказиш пунктларини очишга тайёрланмоқда. Тўсиқлар 14 декабр куни қисман олиб ташланади, деб хабар берди Финландиянинг Yle нашри 5 декабр куни Финландия жануби-шарқий чегара хизмати вакили Хейкки Ахтиайненга таяниб.

Унинг сўзларига кўра, тўсиқларнинг бир қисми жойида қолади, чунки Финландия назорат-ўтказиш пунктини яна ёпишга тўғри келиши мумкинлиги истисно қилинмаяпти. «Агар чегаралар очилса, бу (учинчи мамлакатлардан келган муҳожирларнинг катта оқими) давом этадими ёки йўқми, шуни кўришимиз керак», деди Ахтиайнен. Унинг таъкидлашича, Финландия чегара хизмати бошпана изловчиларнинг янги оқими юзага келса, шарқий чегарадаги чекловларни узайтиришга тайёр.

Финландия президенти Россияни шантажда айблади 

Айни пайтда, Финландия президенти Саули Ниинистё Россия ҳукуматини шантажда айблади. У Финландия билан чегарада сунъий равишда инқироз яратиб, муҳожирларни назорат-ўтказиш пунктига келишга мажбур қилмоқда, деди у 7 декабр куни қоғозда чоп этиладиган Германиянинг Die Zeit газетасига берган интервюсида. У Россия янглишаётганига ишонч билдирди, чунки Финландия ҳам, Европанинг бошқа давлатлари ҳам бундай шантажга йўл қўйиб бўлмаслигини тушунади. 

Ниинистё, шунингдек, Россия 2015 йилда ҳам худди шундай уринишлар қилганини эслатиб, Россия расмийларининг бундай хатти-ҳаракатларини бостириш учун қатъий чоралар кўриш зарурлигига ишонч билдирди. «Ўйлайманки, россияликлар куч ишлатиш тилидан бошқа ҳеч нарсага қулоқ солмаслиги мумкин», — дея қўшимча қилди у. 

Финландия ва Россия чегарасидаги инқироз 

Ноябр ойининг охирида Финландия Россия билан чегарасидаги охирги назорат пунктини икки ҳафтага ёпди ва шу орқали Россия билан қуруқликдаги чегарани бутунлай ёпди. Фақат «Вайниккала» темирйўл назорат пункти очиқ қолди. 

Финландия расмийлари бу қарорни Россия чегараси орқали Яқин Шарқ ва Африкадан ноқонуний муҳожирлар оқими фонида қабул қилди. Ҳелсинки Москвани ушбу миграция инқирозини уюштирганликда гумон қилмоқда. Бутун шарқий чегарани ёпиш қарори «Финландия миллий хавфсизлигини Россиянинг гибрид операциясидан ҳимоя қилиш учун» қабул қилинди, деди бош вазир Петтери Орпо. Эстония ҳукумати ҳам чегарани ёпиш имконияти ўрганиб чиқилаётганини эълон қилди.

Мавзуга оид