Жаҳон | 11:12 / 08.12.2023
6121
2 дақиқада ўқилади

Капитолийга ҳужум: собиқ полициячи 11 йилга қамалди

Калифорниялик собиқ полициячи судда охиригача Трампнинг 2020 йилги президентлик сайловидаги ғалабаси фирибгарлик йўли билан ўғирлангани ҳақида баҳслашди. Унга 11 йил-у 3 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Фото: Reuters

7 декабр, пайшанба куни АҚШ федерал суди Калифорния штатидан бўлган собиқ полициячиси Алан Хостеттерни 2021 йил 6 январ куни Вашингтондаги Капитолий биносига бостириб киргани учун 11 йил-у 3 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди. Прокурорлар 59 ёшли Хостеттер учун 12 ярим йил қамоқ жазосини талаб қилган эди. Собиқ полициячи январ ойида жазони ўта бошлайди. Июл ойида судя уни тўртта моддада, жумладан Конгресс ишига тўсқинлик қилиш учун тил бириктириш ва хавфли қурол билан тартибсизлик қилишда айбдор деб топди. Судда Хостеттер ўша пайтдаги президент Доналд Трампнинг 2020 йилги сайловлардаги ғалабаси катта фирибгарлик йўли билан ўғирланганини таъкидлади.

2021 йил январ ойида Капитолийга ҳужум 

Президентлик сайловларида мағлуб бўлган Доналд Трамп тарафдорлари 2021 йил 6 январ куни овоз бериш натижаларини тасдиқлаш вақтида Конгресс биноси олдида ғалаён кўтарди. Намойишчилар бинога бостириб кирди, Конгрессдаги муҳокамалар бир неча соатга тўхтатилди ва қонун чиқарувчилар эвакуация қилинди. Полиция ҳужум иштирокчиларига қарши кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган, АҚШ Миллий гвардияси Вашингтонга етиб келган. 

Норозилик пайтида беш киши ҳалок бўлди, 50 га яқин киши қўлга олинди, уларнинг баъзиларига айблов эълон қилинди. Ҳужумнинг юзлаб иштирокчилари аллақачон турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Тергов фикрича, намойишнинг асосий иштирокчилари Proud Boys ва Oath Keepers ташкилотлари бўлган. 

Капитолийга бостириб кириш ишида жами 1230 дан ортиқ киши иштирок этмоқда, улар орасида Доналд Трамп ҳам бор. АҚШ собиқ президенти 2020 йилги сайлов натижаларини бекор қилишга уринишда айбланмоқда. У ўзининг айбсизлигини билдиряпти. 2023 йил декабр ойи бошида суд собиқ президент дахлсизлик ҳуқуқига эга эмаслиги ва Капитолийга бостириб киришдаги роли учун фуқаролик даъволари суди олдида жавоб бериши кераклиги ҳақида қарор чиқарди.

Мавзуга оид