Фан-техника | 21:52 / 09.12.2023
43558
2 дақиқада ўқилади

YouTube «комментлар»ни паузага қўйиш имкониятини жорий қилди

Энди изоҳларни «Ёқиш», «Ўчириш» ва «Тўхтатиб туриш» мумкин.

Фото: Global Look Press

YouTube фойдаланувчиларга ўз видеоларига изоҳ қолдиришни вақтинча тўхтатиб туриш имконини берувчи янгиланишни чиқарди. Компаниянинг фикрича, бу блогерларга контент устидан кўпроқ назорат ўрнатиш ва шарҳларни модерация қилишга камроқ чалғиш имконини беради.

Ўзгаришдан олдин YouTube фойдаланувчилари шарҳларни сақлаб қўйиши ва эълон қилишдан олдин текшириши ёки шарҳлар бўлимини бутунлай ёпиб қўйиши мумкин эди. Шунингдек, изоҳларни автоматик равишда эълон қилиш ҳам мумкин эди.

Янгиланишда баъзи функциялар номи ўзгартирилди: «Назоратни кучайтириш» ва «Эҳтимолий номақбул изоҳларни кўриб чиқиш учун қолдириш» каби вариантлар энди йўқ. Ҳозир қуйидаги вариантлар мавжуд: «Ёқиш», «Ўчириш» ва «Тўхтатиб туриш».

«Ёқиш» опцияси модерация даражаларига эга: «Йўқ» (барча кирувчи шарҳлар эълон қилинади), «Асосий» (фақат мақбул шарҳлар қолдирилади) ва «Ҳаммасини сақлаш» (барча шарҳлар қўлда модерация қилинади).

Аввалроқ YouTube янги функцияни синовдан ўтказишни бошлаганди, унинг ёрдамида фойдаланувчилар видеони томоша қилиш ва «лайк» ҳисоблагичининг янгиланишини реал вақт режимида кузатиши мумкин.

Платформа шунингдек, канал саҳифаларига «Сиз учун» бўлимини қўшишни бошлади, унда фойдаланувчига тавсия этиладиган видеолар кўрсатилади. Функция томошалар тарихи асосида ишлайди ва TikTok механизмларига ўхшайди.

Мавзуга оид