Спорт | 15:34 / 11.12.2023
41574
18 дақиқада ўқилади

«Барса»да тарихий мағлубият, Пеп шармандаликдан қутулиб қолди. Кун ўйинлари

Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: «Тоттенҳэм» қайтмоқда

«Лутон» — «Манчестер Сити» 1:2
Голлар:
Адебайо (45+2) — Силва (62), Грилиш (65). 
«Лутон» – Камински, Локер (Кларк, 90), Белл, Менжи, Даути, Жайлз (Чонг, 84), Баркли, Накамба (Локонга, 72), Таунсенд (Моррис, 72), Браун, Адебайо.
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Уокер, Аке, Диаш, Гвардиол (Стоунз, 69), Ковачич (Нунеш, 83), Грилиш, Силва, Родри, Фоден (Аканжи, 90+3), Алварес.
Огоҳлантиришлар: Накамба (58), Родри (73), Даути (77).

Қаторасига тўрт турда очко йўқотган «Манчестер Сити» ҳақиқий аномалия ҳолатида қолганди. «Лутон» ҳам бу нохуш серияга барҳам берилиши кафолатланган қулай рақиб эмасди, олдинроқ «Ливерпул» ушбу жамоа майдонида сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб қолган (1:1), ўтган ҳафтада эса «Арсенал» триллер ўйинда фақат қўшимча дақиқаларда ғалабани илиб кетганди (4:3).

Фаолиятида илк бор чемпионатда қаторасига беш ўйинни ғалабасиз ўтказиш хавфи ёқасига келиб қолган Хосеп Гвардиола жамоаси ҳам муаммога дуч келди. Жароҳат туфайли сафдан чиққан Ҳоланд ва Докусиз ўйнаган чемпион бир қарашда тўлиқ устунлик қилиб, доимий равишда босим уюштирган бўлса-да, биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Таунсенднинг олис устун олдида турган Адебайога тўп узатиши оқибатида гол ўтказиб юборди. Аммо бу гол «Сити»ни синдириб қўймасдан, унинг футболчилари учун адреналин вазифасини ўтади.

Иккинчи бўлим бошланиши билан «Лутон» дарвозаси ҳужумлар ёмғири остида қолди ва бу ҳужумларда «шаҳарликлар»нинг деярли барча футболчилари иштирок этди. Бу оқшом ўзининг энг яхши ўйинларидан бирини ўтказган Камински Рубен Диашнинг жарима майдони марказидан йўллаган зарбасини қайтарди, лекин Родри бошлаган ҳужум гол билан якунланди. Тўпни ундан олиб қўйишганди, аммо тўп  Бернарду Силванинг оёғига бориб тушди ва у олис бурчакни аниқ нишонга олди. Кейинги ҳужумда эса мезбонлар майдон марказидаги кучли прессингга дош бера олмади ва Алвареснинг узатмасидан кейин Грилиш дарвозани ишғол этди. «Сити» турнир жадвалидаги позициясини яхшилай бошлади.

«Эвертон» — «Челси» 2:0
Голлар:
Дукуре (54), Доббин (90+2). 
«Эвертон» – Пикфорд, Янг (Паттерсон, 41), Тарковски, Брэнтуэйт, Миколенко, Ҳаррисон (Доббин, 86), Гуйе (Онана, 46), Дукуре, Гарнер, Кэлверт-Люин (Бету, 67), Макнил.
«Челси» – Санчес (Петрович, 84), Жеймс (Колуилл, 27), Дисаси, Бадиашил, Кукуреля (Матсен, 84), Галлаҳер, Мудрик, Фернандес (Стерлинг, 66), Палмер, Кайседо, Броя (Жексон, 67).
Огоҳлантиришлар: Гуйе (15), Палмер (20), Брэнтуэйт (59), Мудрик (73).

«МЮ»дан учралган мағлубиятдан кейин кўклар жамоаси «Гудисон Парк»да жуда ҳорғин кўринишди. Қолаверса, биринчи бўлим давомида Жеймс яна жароҳат олиб сафдан чиқди. Ҳимоя марказида Дисаси — Бадиашил жуфтлиги эса ишончли ўйнай олмади ва уларнинг хатоси голга олиб келди. Макнил тўпни лондонлик ҳимоячилар орасидан ўтказиб берганида Санчес Калверт-Люин билан яккама-якка вазиятда қутқарганди, аммо қайтган тўпга етиб келган Дукуре ҳисобни очди.

«Эвертон» футболчилари умуман олганда ўзига ишонч билан ўйнади. Қўшимча дақиқаларда дарвозабон Пикфорд майдон марказига етиб келиб, жарима зарбасини ижро этганида ҳам буни кўриш мумкин эди. Унинг тўп узатишидан кейин мезбонлар бурчак зарбасини ижро этиш ҳуқуқини қўлга киритишди ва бурчак зарбаси ижро этилганида 20 ёшли Доббин АПЛдаги дебют голини урди. Шон Дайч жамоаси молиявий қоидабузарлик учун ўн очкодан маҳрум этилганига қарамай, сўнгги турларни қаҳрамонларча ўтказди ва қаторасига уч ғалабадан иборат серия қайд этиб, хавфли зонадан чиқиб кетди.

«Тоттенҳэм» — «Нюкасл» 4:1
Голлар:
Удожи (26), Ришарлисон (38, 60), Сон (85, пеналти) — Жоэлинтон (90+2). 
«Тоттенҳэм» – Викарио, Порро, Дэвис, Ромеро, Удожи, Биссума (Ҳил, 86), Кулусевски, Сарр (Ҳёйберг, 73), Сон (Донли, 90+1), Жонсон (Скипп, 86), Ришарлисон (Ло Челсо, 73).
«Нюкасл» – Дубравка, Триппиер (Крафт, 86), Шер, Ласселс, Ливраменто (Ҳолл, 74), Гимараэс, Майли, Алмирон (Лонгстафф, 64), Жоэлинтон, Гордон (Ритчи, 74), Исак (Уилсон, 64).
Огоҳлантиришлар: Ласселс (59), Жоэлинтон (69), Ромеро (80), Триппиер (83).

«Шпорлар» илк дақиқалардан устунлик қилишди, лекин яққол голли вазиятлар ярата олишмади ва рақибнинг уйғонишига йўл қўйиб беришди. Натижада мезбонларни муқаррар голдан Дэвис қутқаришига тўғри келди, у дарвоза қаршисига чиқиб борган Исакнинг оёқларидан тўпни олиб қўйди. Аммо ҳисоб очилиши учун Сон Хин Мин тезлик қўшиши етарли бўлди ва у чап қанотда Триппиерни доғда қолдириб, марказий ҳужумчи позициясида пайдо бўлган Удоджини голли пас билан таъминлади. Лекин «Тоттенҳэм» олдинги беш ўйинда ҳам биринчи бўлиб ҳисобни очганди ва бу ўйинларда тўрт бор ютқазиб, бир марта дурангга эришганди.

Бу сафар ҳам Ангелос Постекоглу жамоаси тезда жавоб голи ўтказиб юбориши мумкин эди, аммо Алмирон жуда қулай вазиятда оддий зарба йўллаб, Викариони ҳайрон қолдира олмади. Кейин Сон Хин Мин чап қанотда яна бир марта Триппиерни доғда қолдириб, бу сафар Ришарлисоннинг ниҳоят гол уришига ёрдам берди. Лондонга келганидан кейин асосий ҳужумчига айлана олмаган ва вазиятлардан фойдаланишда жуда кўп муаммоларга учраган бразилиялик ҳужумчи сентябр ойидан буён илк бор гол урди. Бўлим давомида у Порронинг диагонал узатмасини жарима майдони ичида қабул қилиб, дублни ҳам расмийлаштирди. Умуман олганда, у бир ўйинда олдинги 39 та ўйинида урган голлари сонига тенг гол урди. Ўйин қаҳрамони Сон ҳам майдонни голсиз тарк этмайдиган бўлди ва иккинчи бўлимда пеналтини аниқ ижро этганидан кейин Англияда қаторасига саккизинчи мавсумида камида 10 гол урган футболчига айланди. АПЛ тарихида бундай серия биланн фақат етти футболчи мақтана олади, рекордчи эса Уэйн Руни ҳисобланади (11).

Жоэлинтон қўшимча дақиқаларда ҳисобни қисқартирди, аммо бу ҳеч нарсани ўзгартира олмайди. «Нюкасл» АПЛда бир ҳафта ичида икки бор йирик мағлубиятга учради «Эвертон»дан 0:3 ва «Тоттенҳэм»дан 1:4 ҳисобларида. Нохуш сериясига чек қўйган «Тоттенҳэм» турнир жадвалида бешинчи ўринни мустаҳкамлади, кейинги турда «шпорлар» «Ноттингҳэм» меҳмони бўлади, «Нюкасл» эса кетма-кет икки ўйинда 5:0 ҳисобларида ғалаба қозонган «Фулҳэм»ни қабул қилади.

Испания: уй жамоасига айланган «Атлетико»

«Атлетико» — «Алмерия» 2:1
Голлар:
Мората (17), Корреа (22) — Баптистао (62).
«Атлетико» – Облак, Аспиликуэта (Хименес, 75), Савич, Витцел, Лоренте, Коке, Де Паул (Саул, 61), Корреа (Молина, 75), Гризманн, Мората (Депай, 60), Лино (Рикелме, 75).
«Алмерия» – Машимиану, Посо (Пучмал, 85), Эдгар Гонсалес, Монтес, Чуми, Акеме, Робертоне (Баба, 86), Лопи, Аррибас, Эмбарба (Рамазони, 85), Баптистао.
Огоҳлантириш: Коке (90+1).

«Атлетико» чемпионат аутсайдери устидан навбатчи ғалабага эришиб, шу билан бирга Чемпионлар лигасида «Лацио»га қарши кечадиган муҳим ўйин ва ла лиганинг кейинги турида Билбаога қилинадиган сафар учун куч тежаб қолди. Барчаси оддий кечди — Диего Симеоне жамоасининг Гризманн тўпни олиб қўйиши ва Моратанинг рейди билан якунланган илк голли ҳужумида бўлгани каби. Ҳужумчи рақиб ҳимоячилари ва дарвозабонини осонлик билан алдаб ўтди ва бўш дарвозани ишғол этди, бу унинг 7 ноябрдан буён урган илк голи бўлди.

Мезбонлар биринчи муваффақиятни шу қадар осонлик билан мустаҳкамлашди — ўнг қанотда ҳукмронлик қилган Лиорентенинг узатмасидан кейин бўш дарвоза қаршисида қолган Корреа иккинчи голни урди. Иккинчи бўлимда «Алмерия» ҳисобдаги фарқни қисқартира олган бўлса-да, мадридликларга жиддий муаммо туғдира олмади. «Матрасчилар» захирада бир ўйин бор ҳолда «Реал Сосиедад»ни беш очкога ортда қолдирган ва кучли тўртликдан мустаҳкам ўрин эгаллаган. «Атлетико» қаторасига саккиз уй учрашувида ғалаба қозонди.

«Барселона» — «Жирона» 2:4
Голлар:
Левандовски (19), Гундўған (90+2) — Довбик (12), Гутеррес (40), Валери (80), Стуани (90+5). 
«Барселона» – Пеня, Кунде, Кристенсен (Балде, 65), Араухо, Канселу, Гундўған, де Йонг, Педри (Лопес, 80), Рафиня (Торрес, 65), Феликс (Ямал, 65), Левандовски.
«Жирона» – Гассанига, Коуто (Валери, 78), Блинд, Давид Лопес, Эрик Гарсия, Гутеррес, Алеиш Гарсия, Мартин (Солис, 87), Циганков (Порту, 78), Савио, Довбик (Стуани, 73).
Огоҳлантиришлар: Блинд (64), Стуани (90+6), Араухо (90+8).

«Жирона» – Ла Лиганинг бу мавсумидаги асосий сенсация. Каталониянинг бу жамоаси сентябр ойида «Реал» билан ўйинда иложсиз ҳолатда ютқазган бўлса-да (0:3), «Барселона» билан ўйинда буткул бошқа даражада ўйин намойиш этди. 12-дақиқадаёқ Кристенсен қўпол хатога йўл қўйди ва «Жирона» идеал қарши ҳужум уюштирди. Циганков марказда очилган Довбикни тўп билан таъминлади ва у мавсумдаги саккизинчи голини урди. Бу вазиятда жароҳат туфайли ўйнамаётган тер Штеген ўрнига дарвозани қўриқлаётган Пеняда жамоасини қутқариш учун ҳеч қандай имконият йўқ эди.

«Барса»да ўтган турда «Атлетико»га қарши ўйнаган таркиб тушганди. Ўшанда Хави жамоасида Левандовскидан бошқа барча футболчилар ажойиб ўйин кўрсатганди. Энди эса аксинча – ўтган турда кўплаб вазиятларни йўққа чиқарган поляк ҳужумчиси бу ўйинда жавоб голини урди. У Рафиня бурчакдан узатган тўпни бош билан дарвозага йўллади. Бу «Жирона» шундай стандарт вазиятда ўтказиб юборган 5-гол бўлди – Ла Лиганинг бу мавсумидаги энг ёмон кўрсаткич.

«Барселона» шундан кейин ҳам вазиятлар яратишда давом этди, аммо ҳал қилувчи паллада гоҳ Феликс, гоҳ Рафиня, гоҳ Канселу тўпни қизғанди. Канселу дарвоза қаршисида бўш турган Левандовскига тўп етказиб бериш ўрнига ўткир бурчакдан ўзи зарба беришга қарор қилди ва тўғри дарвозабон турган жойга қаратиб тепди.

«Жирона» эса анча оддий, аниқ ва тик ўйнади. Ҳисоб 1:1 эканида меҳмонларнинг икки зарбаси устун ёнидан ўтиб кетди. Кейин эса дарвоза соҳасига аниқ борган зарба берилди. Бу вазиятда «Барселона» мутлақо ҳайратланарли гол ўтказиб юборди. Гутиеррес тўпни майдон марказида эгаллаб, ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан рақиб жарима майдонига кириб борди ва яқин бурчакни аниқ мўлжалга олди. Бу вазиятда «Барса» дарвозабони ҳам ишончсиз ҳаракат қилди, аммо асосий савол Кундега берилиши керак. У аввалига Гутиерресга қарши ўйнамоқчидек ҳаракат қилди, тўп учун курашиш зарур бўлганида эса қанотни ёпиш учун ўнгга кетиб қолди.

Қуйидаги икки кадрда Гутиеррес қанча ҳудудни қаршиликсиз босиб ўтгани кўрсатилган.

Танаффусдан кейин «Барселона» амалдаги чемпионга ўхшаб ўйнай бошлади. «Жирона»да вазиятлар деярли бўлмай қолди, мезбонлар эса рақиб жарима майдонини қамал қилди. Лекин ҳар сафар тўп хато кетаверди. 65-дақиқада Хави учталик алмаштиришни амалга оширди. Икки вингер (Рафиня ва Феликс), шунингдек ўйин бошида хато қилган Кристенсен майдондан олинди. Уларнинг ўрнига туширилган Ямал, Торрес ва Балде билан жамоа босим қилишда давом этди, аммо «Жирона» сафида захирадан тушган Валери учинчи голни урди. Бу вазиятда ҳам Кунде ишончсиз ҳаракат қилди, рақиб тўпни унинг оёқлари остидан олиб кетди ва дарвозабон билан яккама-якка вазиятда аниқ ҳаракат қилди.

90-дақиқада меҳмонлар ҳисобни йирик кўринишга келтириши мумкин эди, аммо 4:1 бўлиши ўрнига ҳисоб 3:2 кўринишини олди ва икки жамоа мухлислари ҳам қолган дақиқаларни юрак ҳовучлаб кузатишга мажбур бўлишди. Гундўғаннинг голидан кейин ҳам «Барселона»да ҳисобни тенглаштириш имконияти бўлди, аммо Левандовски қулай вазиятдан фойдалана олмади – у дарвозабон ҳудудида туриб йўллаган зарба хато кетди. Ва шундан кейин дарҳол «Барса» тўртинчи голни ўтказиб юборди – меҳмонларнинг фахрий футболчиси Стуани мавсумдаги олтинчи голини нишонлади.

«Жирона» тарихда илк бор «Барселона»ни мағлуб этиб, «Реал»ни икки очкога ортда қолдирган ҳолда биринчи ўринга чиқди. Учинчи ўриндаги Хави жамоаси эса етти очко ортда қолиб кетди. Энди «Жирона» кейинги мавсумда Чемпионлар лигасида ўйнашига деярли ҳеч ким шубҳа қилмаяпти.

Италия: Римдаги эҳтирослар

«Рома» — «Фиорентина» 1:1
Голлар:
Лукаку (5) — Мартинес (66). 
«Рома» – Патрисиу, Кристенсен, Лоренте, Манчини, Ндика, Залевски, Паредес, Кристанте, Пеллегрини (Бове, 85), Дибала (Озмун 25, Ал-Шаъровий, 62), Лукаку.
«Фиорентина» – Терраччано, Кайоде (Лопес, 81), Мартинес Куарта, Раниери, Бираги, Бонавентура (Соттил, 78), Данкан, Иконе (Гонсалес, 72), Артур, Нзола, Куаме.
Огоҳлантиришлар: Кристанте (37), Залевски (41), Иконе (64), Бираги (75), Паредес (80), Данкан (86), Лоренте (90).
Четлатишлар: Залевски (64), Лукаку (87).

Жозе Моуринио энди олдингидек эмаслиги ҳақида қанча айтилмасин, унинг бошқарувидаги «Рома» муносиб мавсум ўтказмоқда. Жамоа Европа Лигасида гуруҳ масаласини муддатидан олдин ҳал қилди, А серияда эса амалдаги чемпион «Наполи»ни ортда қолдирган ҳолда кучли тўртликда бормоқда. Шу билан бирга, таркиб жиҳатдан «Интер» ва «Ювентус» билан рақобатлаша олмайдиган римликларда барибир таянадиган футболчилар бор. Жамоада ажойиб спорт формасидаги Дибала ва Лукаку қиёфасидаги гол машинаси борлигида Чемпионлар лигасига йўлланма олиш — бажариб бўлмас вазифа эмас.

Худди шу юлдузлар тезкор голни уюштиришди, аргентиналик ҳужумчи шведка услубида пас берди, белгиялик бош билан зарба йўллади. Аммо кейин муаммолар бошланди. Дибала биринчи бўлим ўрталарида жароҳат олди, унинг ўрнига тушган Озмун ҳам иккинчи бўлимда сафдан чиқди. Кейин эса Залевски майдон марказида кераксиз фол ишлатиб, иккинчи сариқ карточка олди ва унинг четлатилишидан зум ўтмай «Фиорентина» ҳисобни тенглаштирди, Европадаги энг сермаҳсул ҳимоячилардан бири бўлиб турган Мартинес Куарта боши билан аниқ зарба йўллаб, мавсумдаги 5-голини нишонлади.

Ўйиннинг охирги қисми эҳтирослар тўқнашувига айланиб кетди. Мезбонлар сафида яна бир футболчи майдонни тарк этди - Лукаку ҳам қизил карточка олди. Винченцо Италяно эса ҳиссиётларини намойиш этиш борасида Моуриниодан қолишмади. Ва якунда «Рома»ни қаноатлантирадиган дуранг ҳисоб сақланиб қолди.

Германия: «Бавария»ни хурсанд қилган дуранг

«Штутгарт» — «Байер» 1:1
Голлар:
Фюриҳ (40) — Вирц (47).
Штутгарт – Нюбел, Вагноман (Руо, 85), Антон, Загаду, Миттелштедт (Стергиу, 76), Каразор, Штиллер, Фюриҳ (Левелинг, 77), Мийо (Мвумпа, 66), Гирасси, Ундав (Чон Ву Ён, 85).
«Байер» – Градецки, Фримпонг, Та, Тапсоба, Коссуну, Грималдо, Чака, Паласиос (Инкапиэ, 84), Вирц, Адли (Ҳофманн, 65), Бонифасе (Шик, 73).
Огоҳлантиришлар: Коссуну (6), Каразор (65).

«Байер» бу мавсумда ажойиб ҳолатда, аммо барибир фақат ғалаба қозонадиган машина эмас. Ўтган турда леверкузенликлар катта устунликка эришганига қарамай Дортмунднинг «Боруссия» клуби билан очколарни бўлишишга мажбур бўлганди, бу сафар эса Германия чемпионатининг жорий мавсумида энг жиддий ўсишга эришган жамоа билан ўйинда муаммога учради.

«Штутгарт» ҳафта ўртасида Дортмундни Германия кубогидан чиқариб юборган, шу билан бирга яна бир катта ўйинга куч сақлаб қолганди. Вагноман ҳимоячилар ортига тўп ташлаб бериб, Фюриҳ гол уришини таъминлаб ҳисобни очди, кейинроқ Бонифаснинг пасидан Вирц жавоб голини уришга эришди, якунда «Байер» таъқибчиларга қарши қаторасига иккинчи ўйинда дуранг билан чекланишга мажбур бўлди. Лекин «аспиринчилар» ҳали ҳам йўқотилган очколар бўйича «Бавария»ни ортда қолдирмоқда, «Штутгарт» эса бир ҳафтадан кейин Мюнхенда мавсумдаги энг муҳим ўйинларидан бирида майдонга тушади.

Кун статистикаси

  • «Манчестер Сити» яримҳимоячиси Родри тактик фоллар учун 4 бор сариқ карточка олди. Бу ўтган мавсум давомидаги кўрсаткич билан тенг.
  • «Фулҳэм» қаторасига 4 ўйинда камида учта гол урмоқда. Лондонликларда бундай серия 1961 йил октябридан буён кузатилмаганди.
  • «Атлетико» ҳужумчиси Мората йил бошидан буён 22 гол урди — бу испан футболчилари учун энг юқори кўрсаткич.
  • «Марсел» ҳужумчиси Обамеянг топ-5 лигаларда сафар ўйинларидаги голлари сонини 100 тага етказди. Амалдаги футболчилар орасида габонлик ҳужумчи фақат Левандовски (143), Кейн (119) ва Иммобиле (101)дан ортда.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери