Апрел ойи иккинчи ўн кунлик бошларида мамлакатнинг бир қанча ҳудудларида ҳаво ҳарорати +30...+35 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов Kun.uz студиясида об-ҳаво соҳасидаги охирги кутилмаларни таҳлил қилди.

Март ойида кузатишлар тарихидаги энг юқори аномал ҳарорат рекордлари юз берди. Мартнинг учинчи ўн кунлигида эса жуда ҳам кўп ҳудудларда, айниқса, водий вилоятлари, тоғли ҳудудлар ва тоғ этакларида йил давомида ёғадиган ёғингарчиликнинг қарийб 15-20 фоизи ёғди.

Ўрганишлар бўйича қарайдиган бўлсак, ҳозирги апрел ҳавосининг ўзи май ойидаги каби муҳитни беряпти. Бу, албатта, қишлоқ хўжалиги учун бироз ноодатий. Апрел ойи бошларида, хусусан, 4-5 апрел кунлари кўплаб ҳудудларимизда кам миқдорда бўлса-да, ёғингарчилик кузатилди. Аслида деҳқончилик учун асосий ёмғирлар апрелнинг дастлабки кунларида ёғиши керак. Бу ёғингарчиликлар чақмоқ ва момақалдироқ билан келади ва тупроққа кўпроқ сув улашади. Аммо апрел бошларида республика бўйлаб экин майдонларида етарлича ёмғир ёғмади. Масалан, Самарқанд вилояти марказида жуда кам, 4-5 миллиметр ёғингарчилик кузатилди. Бу ноябр ўртаси, ноябр-март ойининг учинчи ўн кунлигига нисбатан 10-20 баравар кам”, – дейди иқлимшунос.

Унинг айтишича, шиддатли ва майин ёмғирлар орасида фарқ бор. Наврўз арафасидаги ёғингарчиликлар чақмоқ, момақалдироқ ходисалари фонида юз берди ва бу майин, яъни тупроққа кўпроқ сув улашадиган ёмғирлар турига киради.

Шиддатли ёмғирлар сел-сув тошқинлари ҳамда тупроқда намгарчиликни ҳосил қилиб, сирпанишни юзага келтиради, яъни тупроқ сирпаниб оқиб кетади ва қатқалоқ ҳодисалари кузатилади. Бу йил республиканинг водий вилоятларида ёғингарчилик 10-20 миллиметр атрофида нормал миқдорда ёғди, Тошкент ва Наманган вилоятларидаги тоғларда ҳатто 40 миллиметрдан кўп бўлди. Мазкур миқдор 400 тонна сув демакдир ва у водий вилоятларида йил давомида ёғган ёғингарчиликнинг 20-30 % ини ташкил этади. Тоғлар учун эса йил давомидаги кўрсаткичнинг 10 % ига тенг”, – дейди Эркин Абдулаҳатов.

2025 йил бошида Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳам яхши ёғингарчилик кузатилди, лекин тоғ этаклари сарҳадининг жанубий яъни асосий экин майдонларида кўп бўлмади. Қорақалпоғистон Республикаси, айниқса, Навоий ва Бухоро вилоятларида ёмғир жуда кам ёғди. Иқлимшуноснинг айтишича, мазкур ҳолат ўз-ўзидан ушбу ҳудудлар учун сув билан боғлиқ муаммони келтириб чиқаради.