Саида Мирзиёева: Алифбо масаласига қатъий нуқта қўйишимиз зарур
Жадидчилик мавзусидаги конференцияда сўзга чиққан Саида Мирзиёева жамоатчилик эътиборини “Ўзбекистон” сўзи турли-туман шаклларда ёзилаётганига қаратди. “Гап Ватан ва миллат номини тўғри ёзиш ҳақида кетар экан, бундай баҳс ва тортишувларни бас қилишимиз, алифбодаги айрим ўзгаришларни жорий этишимиз ва шу билан алифбо масаласига қатъий нуқта қўйишимиз зарур”, – деди у.
Ўзбекистон президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тезроқ ислоҳ қилишга чақирди. Бу ҳақда у Тошкентда “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусида бўлиб ўтаётган анжумандаги нутқида тўхталиб ўтди.
“Бугун мен жуда долзарб масалага тўхталишни истардим. Ўтган йиллар давомида миллий алифбони ислоҳ қилиш масаласида кўплаб фикрлар тингланди, қизғин баҳслар олиб борилди. Аммо бир тўхтамга келинмади. Бир мисолга эътиборингизни қаратсам, лотин ёзувига асосланган алифбомизда ҳатто Ватанимиз номи ҳам сиз мониторда кўриб турганингиздек, турли жойларда турлича ёзилмоқда. Энди сизга савол бермоқчиман, мониторда Ўзбекистон сўзининг қайси шакли тўғри? Кўриб турганингиздек, бир қарашда оддий туюлган имло белгиси бутун бошли давлат ва миллатнинг номи хато ёзилишига сабаб бўляпти.
Мен буни тузатиш зарур бўлган ҳолат деб биламан. Биз бундай масалаларда ҳадеб баҳслашавермай, тезроқ қарор қабул қилишимиз, йўл қўйилган жиддий хатони зудлик билан тузатишимиз муҳим деб ҳисолайман. Чунки гап бизнинг миллатимиз, ғуруримиз, юртимиз номи ҳақида кетяпти.
Тўғри, алифбо ислоҳоти, баҳслар, тортишувлар, кўзда тутилмаган молиявий харажатларни келтириб чиқариши мумкин. Лекин яна бир бор таъкидлайман, гап Ватан ва миллат номини тўғри ёзиш ҳақида кетар экан, бундай баҳс ва тортишувларни бас қилишимиз, алифбодаги айрим ўзгаришларни жорий этишимиз ва шу билан алифбо масаласига қатъий нуқта қўйишимиз зарур деб ҳисоблайман”, – деди Мирзиёева.
Эслатиб ўтамиз, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш масаласи бир неча йилдан буён қизғин баҳс-мунозаралар марказида бўлиб келмоқда.
Тилшуносларнинг 2023 йил сентябрдаги анжуманида алифбодаги 4 ҳарфни: O‘ o‘ — Õ õ, G‘ g‘ — Ğ ğ, Ch ch — C c, Sh sh — Ş ş алмаштириш масаласи таҳлил қилинганди.
Мавзуга оид
07:03 / 16.11.2024
Саида Мирзиёева талабалар билан учрашди
23:45 / 08.11.2024
“Агар журналист ҳақ бўлса, биз уни тан олишимиз керак” – президент
16:43 / 06.11.2024
Эрдўған туркийзабон давлатларни умумий алифбога ўтишга чақирди
18:37 / 30.10.2024