Иқтисодиёт | 09:24 / 12.12.2023
12478
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва ЕИ мамлакатлари ўртасидаги савдо ҳажми 36 фоизга ошди

Жорий йилнинг 10 ойи давомида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги савдо ҳажми 36 фоизга ошди.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Бадриддин Обидов ва Европа ташқи фаолият хизмати Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича директори ўринбосари Люк Девин ҳамраислигида Тошкент шаҳрида «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» ҳамкорлик қўмитасининг 19-йиғилиши бўлиб ўтди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, томонлар ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада кенгайтириш истиқболларини, шунингдек, 2024 йилга мўлжалланган сиёсий шериклик ҳолатини кўриб чиқдилар. 

Молиявий-техник, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди. Асосий эътибор Европа Иттифоқининг Умумий имтиёзлар тизими (GSP+) афзалликларидан фойдаланган ҳолда савдо тартиб-қоидаларини либераллаштириш ва соддалаштириш чора-тадбирларига қаратилди.

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмининг ўсиш динамикаси юқори баҳоланди. 2023 йилнинг 10 ойида икки томонлама савдо ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 36 фоизга ошиб, 4,8 миллиард долларни ташкил этди. Бу борадаги ишларни тизимли давом эттириш зарурлигига ўзаро ишонч билдирилди. Ўзбекистондан Европа Иттифоқи мамлакатларига маҳсулот экспорти ҳажмининг ўсиши алоҳида таъкидланди, 2021 йилдан буён бу кўрсаткич 1,5 баробарга ошиб, 2022 йил охирида 794,6 миллион долларни ташкил этди.

Энергетика соҳасидаги шериклик масалалари алоҳида муҳокама қилинди. 2030 йилга бориб Ўзбекистон иқтисодиётининг энергия сиғимини 1,5 баробарга камайтириш ва энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш асосий мақсад қилиб қўйилган. Бу йўналишда давлат-хусусий шериклик асосида умумий қуввати 11,5 ГВт бўлган йирик қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича 28 та шартнома тузилди. Умумий қуввати 12,8 ГВт бўлган яна 16 та лойиҳа бўйича лойиҳалаш ишлари ва музокаралар олиб борилмоқда. Европа томони «яшил энергия» лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун зарур маслаҳат ёрдамини кўрсатади.

Юк ташиш ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масаласи муҳокама қилинар экан, Европа томони Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш орқали Ўзбекистоннинг транспорт йўлакларини диверсификация қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид