19:30 / 12.12.2023
6180

Қозоғистон 20 та янги сув омбори қуришни режалаштирмоқда 

Бу суғориладиган ерлар майдонини кўпайтириб, қўшни давлатлар сувига қарамликни камайтириши таъкидланмоқда. 

Фото: inbusiness.kz

Қозоғистон ҳукумати 2024-2026 йилларда ҳажми 2,4 куб километр бўлган 20 та сув омбори қурилишини бошлашни режалаштирмоқда. Янги объектлар республиканинг тўққизта вилоятида жойлаштирилади. Бу ҳақда бош вазир Алихон Смаилов раислигида бўлиб ўтган сув хўжалиги кенгаши йиғилишида сўз борди. 

Мутахассисларнинг фикрича, янги сув омборлари қурилиши суғориладиган ерлар майдонини 250 минг гектарга кўпайтириш ва 70 та аҳоли пунктини сув босиш хавфини камайтириш имконини беради. Асосийси, қурилган сув омборларининг ишга туширилиши Қозоғистоннинг қўшни давлатлар сувига қарамлигини 25 фоизга камайтириши кутилмоқда. Ҳозир республикага сувнинг 46 фоизи қўшни давлатлардан келади. 

Умуман олганда, Қозоғистонда сув хавфсизлигини таъминлаш учун ҳокимият 2024-2030 йилларга мўлжалланган сув ресурсларини ривожлантириш комплекс режаси лойиҳасини ишлаб чиққан. 

Ҳужжатга кўра, юқоридаги объектларни қуриш билан параллел равишда 15 та мавжуд сув омбори, шунингдек, суғориш тизимларини кенг кўламда реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади. Бундан ташқари, мамлакатда суғориш каналларини рақамлаштиришни якунлаш ва стратегик аҳамиятга эга Сатпаев каналини модернизация қилиш мўлжалланмоқда. 

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сувни тежовчи технологиялардан фойдаланиш рағбатлантирилмоқда, шу муносабат билан давлат томонидан махсус суғориш ускуналарини сотиб олиш лойиҳаларига субсидиялар миқдори 50 фоиздан 80 фоизгача оширилади. Бунинг натижасида суғориладиган ерлар майдони сезиларли даражада ошади ва келгуси бир неча йил ичида 1,5 куб километргача сув тежалади. 

Қозоғистон ҳукумати раҳбари Алихан Смаилов маҳаллий компаниялар ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилари бу жараёнда фаол иштирок этиши, сув сарфини аниқлаш учун космик мониторинг тизимини ҳам ишлаб чиқиш кераклигини таъкидлади. 

Статистик маълумотларга кўра, Қозоғистонда 102,3 куб километр сув бор – унинг 54 фоизи республика ҳудудида ҳосил бўлади. Иқтисодиёт тармоқларининг йиллик истеъмоли тахминан 25 куб километрни ташкил этади: 65% қишлоқ хўжалигига, 25% саноат эҳтиёжларига кетади. 

Республикада 17736 та дарё ва вақтинчалик сув ҳавзалари, 4024 та кўл, 4540 та ер ости суви кони, 13175 та сув хўжалиги иншооти мавжуд.

Top