Ўзбекистон | 15:30 / 14.12.2023
40489
2 дақиқада ўқилади

«Метан заправка»ларга киритилган чеклов бекор қилинади

Тошкент шаҳри ва 5 вилоятдаги газ тўлдириш шохобчаларининг фаолияти қисқа фурсатда тикланиши кутилмоқда. Аввалроқ, аномал совуқ туфайли газ босимининг пасайиши фонида метан шохобчаларининг иш вақтига чеклов киритилганди.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Тошкент шаҳри ва бешта вилоятдаги чекловлар киритилган газ заправкалар фаолиятини қисқа фурсатда тиклаш мақсадида тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу ҳақда «Ҳудудгазтаъминот» матбуот хизмати хабар берди.

«Айни вақтда чекловлар киритилган пойтахт, Самарқанд, Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги АГТКШлар фаолиятини қисқа фурсатда тиклаш мақсадида тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, «Ҳудудгазтаъминот» томонидан ҳозирги вақтда табиий газни тенг тақсимлаш ва истеъмолчиларга бир маромда етказиб бериш бўйича барча зарурий чоралар кўрилмоқда. Табиий газ тўлиқ ҳажмда етказиб бериляпти, етишмовчилик кузатилмаяпти. Аммо айрим жойларда истеъмол ортгани сабабли газ босими пасайиши кузатилмоқда ва истеъмолчилар томонидан мурожаатлар келиб тушмоқда.

Муаммолар кузатилган жойларда газ таъминотини яхшилаш борасида соҳа мутахассислари томонидан барча керакли ишлар давом эттирилмоқда. 2023 йилнинг 13 декабр куни газ таъминоти ташкилотлари томонидан аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларга 113,5 миллион куб метр табиий газ етказиб берилган. Бундан ташқари, суюлтирилган газ истеъмолчиларига 2223 тонна ёқилғи етказилган.

  • Бундан аввалроқ, аҳоли истеъмолчиларида узилишларнинг олдини олиш мақсадида 13 декабр куни Тошкент шаҳри, Самарқанд, Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги АГТКШларнинг фаолиятига қўшимча чекловлар киритилганди. «Ҳудудгазтаъминот» ҳозирги вақтда белгиланган график бўйича 1179 тадан 547 АГТКШ ишлаётганини маълум қилганди
Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид